Линклар

Обама Британия Бош вазирига сим қоқмоқчи


АҚШ президенти Барак Обама бугун Буюк Британия Бош вазири Дэвид Камерон билан телефон орқали мулоқот ўтказади.

Хабарларга кўра, Обама ва Кемерон мулоқоти чоғида Мексика кўрфазидаги British Petroleum ширкатига қарашли нефт платформасида рўй берган авария оқибатларини бартараф этиш масаласи муҳокама қилинади.

Бундан бир оз аввал Камерон British Petroleum ҳимоясига чиқиб, ширкатни сақлаб қолиш икки давлат манфаатлари учун хизмат қилажагини таъкидлади.

Айни пайтда АҚШ олимларининг янги ҳисоб-китобларига кўра, Мексика кўрфазида денгиз тубида ёрилган қувурдан кунига 40 минг баррел нефт сувга сизиб чиқмоқда.

Ўтган ой мустақил кузатувчилар ва British Petroleum ширкати вакиллари 20 апрел кунги авариядан сўнг ишдан чиққан қувурдан кунига 12-19 минг баррел нефт сувга оқиб кетаётганини маълум қилган эди.

British Petroleum ширкати сўнгги бир ярим ой давомида қувурни ёпиш борасида бир неча бор уриниб кўрди, бироқ бу уринишлар самара бермади.

3 июн куни ширкат мутахассислари ёрилган қувурга қўшимча мослама улаб сувга оқиб кетаётган нефтнинг анчагина қисмини йиғиб олишга муваффақ бўлди.

АҚШ қирғоқ қўриқчилари хизмати Марсиа МакНатт сўзларига кўра, янги қурилма ёрдамида чоршанба куни 16 минг баррел нефт йиғиб олинган.


XS
SM
MD
LG