Линклар

logo-print

Мазкур баëнотда Ўш шаҳри ва вилоятида асосан ўзбекларга қарши бўлаëтган ҳужумлар фитна сифатида қораланган ва улардан мақсад Қирғизистон жанубида яшовчи миллий озчиликни ўз еридан сиқиб чиқариш экани айтилган.


Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида бир неча кундан буён давом этаётган қонли воқеалар юзасидан жиддий ташвиш билдирди.

- Ўш кўчалари-ю уйларида, қўпорувчи гуруҳлар томонидан амалга оширилаётган қотилликлар, зўравонликлар, ўт қўйишлару, талон-тарож қилишлар бутун халқаро ҳамжамиятни ғазаблантирмай қолмайди.

Амалга оширилаётган ушбу оммавий қотилликлар, ўғирлик ва хонадонларга ўт қўйиш ҳолатларининг, айниқса Ўш ва Ўш вилоятида яшовчи ўзбекларга нисбатан содир этилаётгани алоҳида ва жиддий хавотир туғдирмоқда, дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги бу амалиётларнинг махсус уюштирилаётгани ва бошқарилаётганига эътибор қаратиб, улардан кўзланган мақсад Қирғизистон жанубида яшовчи миллий озчиликларни сиқиб чиқариш эканини таъкидлайди.

- Фитначи кучлар томонидан содир этилаётган ушбу ҳодисалар қирғиз халқи манфаатларидан йироқ, дейилади баёнотда.

Айни пайтда Ўзбекистон томони кўпни кўрган қирғиз халқи ва унинг соғлом кучлари мамлакатда бароқарорликни ўрнатишга, авжига чиққан жиноятчилик ва тартибсизликларни тўхтатишига қодир эканига ишонч билдирган.

Озодликка 11-12 июн кунлари сонияма сония келиб турган аксар мурожаатларда ўшлик ўзбеклар Ўзбекистон ҳукумати ва президентига мурожаат қилиб¸ ўзларига нисбатан бўлаëтган кенг кўламли хунрезликни тўхтатишда ëрдам сўрадилар.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг 11 июн куни Тошкентда бўлиб ўтган саммитига раислик қилган Ўзбекистон президентининг Ўш воқеалари юзасидан қилган биринчи баëноти Тошкентдан мадад кутган ўн минглаб ўшликлар ҳафсаласини пир қилмай қолмади.

- Саммит декларациясида бу воқеаларга нисбатан умумий позициямиз акс этди. Биз қирғиз халқига қўлиқ ҳамдардлигимизни билдирамиз ва бу республикадаги мураккаб вазият юзасидан ташвиш изҳор қиламиз, деди жумладан 11 июн куни саммитга раислик қилган Ислом Каримов.

Ўз чиқишида Тошкент раҳбари Қирғизистон жанубидаги воқеалар мамлакатнинг ички иши деб айтилган Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг апрел ойидаги баёнотини такрорлаган.

- Қирғизистон борасидаги ўзининг қисқагина баëнотида Ислом Каримов Қирғизистондаги 7 апрел кунги воқеалар борасидаги Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг 9 апрел кунги расмий баёнотини такрорлади. Яъни Каримов Қирғизистондаги ҳодисалар мамлакатнинг ички ишидир¸ деб айтди. Бундан келиб чиқадики¸ ташқи кучлар Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштиришга аралашмоқчи эмас, деб хабар берди Тошкент саммитини бевосита ёритган россиялик журналист Аркадий Дубнов Озодликка.

Афтидан¸ Ўшдаги хунрезлик кўламининг кенгайиб кетгани ва ҳужумларнинг асосан ўзбекларни нишонга олаëтгани ҳеч кимга сир бўлмай қолгани¸ Тошкентни бу воқеалар юзасидан жиддийроқ баëнот беришга мажбур қилган кўринади.

11 июн куни тонгда Ўшдаги воқеаларни маиший асосдаги тўқнашув дея таснифлаган Қирғизистон муваққат ҳукумати кун давомида қонли воқеаларнинг миллий низога айланганини тан олишга мажбур бўлган эсада¸ вазият ҳукумат кучлари назоратида¸ деган баëнот берди.

Аммо 12 июн тонгида муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева Ўшдаги вазиятни назоратга олишга қирғиз ҳукуматининг ожизлигини тан олди ва ëрдам сўраб дўст мамлакатлар¸ биринчи галда Россияга мурожаат қилинганини билдирди.

Аммо Бишкек ҳукуматининг Ўшга ҳарбий куч юбориш ҳақидаги сўровига Россия ҳукумати ўз жавобини ҳозирча ошкор қилгани йўқ.

Россия президенти Дмитрий Медведевга мактуб йўллаганини таъкидлаган Роза Ўтунбаевага кўра, Россия ҳукумати кўмак кўрсатишга тайёр эканини билдирган. Айни пайтда Ўшга КХШТ ёки ШҲТ ҳарбий кучларидан қай бирини киритиш масаласи ўрганилмоқда.

Айни пайтда Интерфакс ахборот агентлиги Кремл матбуот вакили Наталья Тимакованинг “бу Қирғизистоннинг ички ишидир ва Россиянинг бу жараёнга аралишишга ҳозирча асос йўқдир”, деган сўзларидан иқтибос келтирди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG