Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:52

Ўшга халқаро қўшин киритиш масаласи 14 июн куни ҳал бўлади


Kремл раҳбари Ўшга қўшин киритиш масаласини Ислом Каримов билан маслаҳатлашиб ҳал қилмоқчи.
Kремл раҳбари Ўшга қўшин киритиш масаласини Ислом Каримов билан маслаҳатлашиб ҳал қилмоқчи.

Бу ҳақда Россия президенти матбуот хизмати маълум қилди. Айтилишича¸ 14 июн куни Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат расмийлари учрашиб¸ Қирғизистон муваққат ҳукуматининг Ўшга ҳарбий куч йўллаш сўрови юзасидан қарор қабул қилади.


13 июн куни Россия президенти Дмитрий Медведев Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан телефон орқали боғланиб, Ўшдаги қонли воқеаларни муҳокама қилди.

Бу ҳақда Риа Новости ахборот агентлигига маълум қилган Россия президенти матбуот вакили Наталья Тимакова мазкур сўзлашув тафсилотларини ошкор қилмади.

КХШТ тинчлик парвар кучларининг Қирғизистонга киритиш масаласига тўхталган Наталья Тимакова, бу ҳақдаги қарор фақат Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ ) уставига мувофиқ ҳамда ташкилотга аъзо барча давлатлар билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилинишини алоҳида таъкидлади.

Хабарларга кўра, Дмитрий Медведев, шунингдек Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳамда КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа билан ҳам телефон орқали Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги вазиятнга оид масалалар ва кўрилиши мумкин бўлган чоралар хусусида сўзлашувлар олиб борган.

Айни пайтда КХШТ матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, КХШТга аъзо давлат вакиллари 14 июн куни Қирғизистондаги вазият юзасидан фавқулодда йиғин ўтказади.

13 июн куннинг иккинчи ярмида олинган хабарга кўра¸ Қирғизистонга Россия десантчилар батальони етиб келган.

Бу хабарни тарқатган Фарғона.ру сайтининг ёзишича, Қирғизистонга етиб келган россиялик десантчилар мамлакатдаги Россия ҳарбий иншоотларини қўриқлайди.

Хабарларга кўра, бугун Кант ҳарбий базасига Ил-76 русумдаги учта ҳарбий транспорт самолёти қўнган.

- Қирғизистонга етиб келган десантчилар олдида турган асосий вазифа Россия ҳарбий иншоотларини қўриқлаш ва мамлакатдаги Россия ҳарбийлари ва улар оила-аъзолари хавфсизлигини таъминлашдан иборат, деди Россия қўшинларидаги манба Интерфакс ахброт агентлигига.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегара ҳудудига Россия қуроллик кучларининг жойлаштириш эҳтимоли муҳожиратдаги ўзбек демократик мухолифати хавотирига сабаб бўлмоқда. Мазкур эҳтимол¸ биринчи галда эса¸ ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида алангалаëтган миллий низо хусусида баëнот эълон қилган Эрк партияси лидери Муҳаммад Солиҳ¸ икки миллат вакилларини ҳушëрликка чақирди.

"Гўё маиший сабаблар-ла юз берган кичик тўқнашув шаклида бошланган Ўш воқеалари чиғириқдан чиқиб, катта фожиага айланди. Илк кунлари бу воқеанинг тезда бартараф қилинишига умид қилиб, сиёсий одоб юзасидан кескин баёнотдан чекилиб турдик, аммо воқеалар тадрижи шуни кўрсатмоқда-ки, ҳали ҳам мажҳул қолаётган баъзи кучлар икки биродар халқ- қирғиз ва ўзбекни бир бирига қайраб, "Қирғизистон жанубини ўзбеклардан тозалаш" каби даҳшатли режани амалга ошираётган кўринади.

Ҳолбуки, Ўзбекистонда яшаётган қирғиз биродарларимиз учун Ўзбекистон нақадар ватан бўлса, Қирғизистон ҳам у ерда яшаётган ўзбеклар учун шу қадар ватандир. Ўзбекистондаги қирғизлар Қирғизистондан келган "диаспора" бўлмаганидек, Қирғизистон жанубидаги ўзбеклар ҳам у ернинг "нацменшинство"си эмас!

Нафақат бу икки халқ¸ балки бугун Марказий Осиё деб аталаётган бу жуғрофиёда яшаётган бутун халклар бир-бирининг асло диаспораси ва ёки "нацменшинство" эмас! Улар бу заминда Одам Отадан бери яшаб келаётган қон-қардош. биродар қавмлардир! Буни бу минтақанинг сиёсатчилари ниҳоят тушунишлари керак, тезроқ тушунишлари керак. Огоҳ бўлинг - бир-бирининг уйларини ёқаётган жоҳилларни тўхтатиш баҳонасида бизга "ёрдам қўлини чўзиб", халқларимизга бўйинтуруқ кийдиришни орзу этаётган янги "оғалар" остонамизда пойлаб турибди!

Биз Ўзбекистон ҳуукуматига эмас, Қирғизистон ҳукуматига ҳам эмас, биз қондош ва жондош бўлган икки халқ - Қиргиз ва Ўзбекка мурожаат қиламиз: хунрезликка тўсиқ бўлинг, қотилларни тўхтатинг! Акс ҳолда, Тарих бизларни кечирмайди!
"дейилади Ўзбекистон ЭРК Демократик партияси лидери Муҳаммад Солиҳнинг икки халққа қилган мурожаатида.

Айни пайтда¸ Халқаро амнистия ташкилоти Қирғизистон ҳукуматини мамлакат жанубидаги этник ўзбекларни ҳимоя қилишга чақирди.

Ташкилот шунингдек, расмий Бишкекни зўравонликлар рўй бераётган ҳудудлардан бўлган қочқинларни Ўзбекистон томонига ўтиши учун давлат чегараларини ёпмасликка ҳам ундади.

Халқаро амнистия ташкилотининг бугун эълон қилинган баёнотида айтилишича, Ўшга киритилган ҳукумат кучлари маҳаллий аҳоли, ҳусусан ўзбекларни ҳимоя қила олмаяпти.

Ушбу ташкилот, шунингдек Ўзбекистон ҳукуматини ҳам қирғизистонлик қочқинларга ҳар томонлама ёрдам беришга чақирди.

Қирғизистондан олинган сўнгги расмий маълумотларга кўра, Ўш шаҳар ва Ўш вилояти¸ шунингдек Жалолободда учинчи кун давом этаётган хунрезликлар оқибатида 13 июн кечки соат 9 даги расмий маълумотга кўра¸ 102 киши нобуд бўлган, мингдан ортиқ киши тан жароҳати олган. Аммо маҳаллий журналистлар ҳисоб-китобича¸ ўлганлар сони 1500 дан ошиб кетган. Қурбонлар сонининг расмий рақамларга нисбатан бир неча баравар кўп эканини муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева ҳам Озодлик билан суҳбатда тан олди.
XS
SM
MD
LG