Линклар

Қирғизистон ўзбеклари Ислом Каримовдан мадад кутмоқда

  • Сарвар Усмон

Ўшдаги ўзбекларнинг кўпчилиги ҳали ҳам Ўзбекистон ҳукумати ўзларини ҳимоя қилишини кутмоқда.

Ўшдаги ўзбекларнинг кўпчилиги ҳали ҳам Ўзбекистон ҳукумати ўзларини ҳимоя қилишини кутмоқда.

Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримовга очиқ хат билан мурожаат қилди. "Қирғизистон жанубида ўзбек халқининг қирилишини тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштиришга имкон қадар кўмак кўрсатишингизни сўраймиз".


Ўзбекистон республикаси президенти Ислом Каримов номига битилган очиқ хат шундай ўтинч билан якунланади.

Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддиновнинг Ўзбекистон раҳбарига очиқ хати 13 июн куни бир қатор интернет саҳифаларида эълон қилинди.

"Биз Сизга мамлакатнинг жанубий минтақасида бошланиб кетган, миқдори соат сайин ортиб бораётган юзлаб кишиларнинг қурбон бўлишига олиб келган қонли қирғин муносабати билан Қирғизистонда яшаётган ўзбеклар номидан ёрдам сўраб мурожаат қилмоқдамиз", деб бошланади Салоҳиддинов имзолаган очиқ хат.

Мактуб давомида, унинг муаллифи сўнгги уч кун ичида нобуд бўлганлар сонини расмийлар 80 дан зиёд, деб айтаётганини билдирар экан, "аслида, ўлдирилганлар юзлаб, яраланганлар эса, бир неча минг нафардир", деб таъкидлайди.

Қирғизистонлик ўзбеклар номидан битилган очиқ хатдан яна бир иқтибос келтирамиз:

"Бугунги кунда вазият ҳокимият назоратидан мутлақ чиқиб кетди. Бандитларнинг қуролли гуруҳлари Ўш шаҳри бўйлаб машиналарда юриб, ўз уйини қўриқлаш учун кўчага чиққан тинч аҳолини мўлжалга олиб отиб ташлаётганидан биз чуқур ташвишдамиз. Тинч аҳоли автоматлар ва пулемётлардан ёғилаётган ўқлардан қочиб, шаҳарнинг турли нуқталарида жойлашиб олган снайперларнинг ўқларига учмоқда. Расмийлар, бандитларнинг миллати бўлмайди, демоқдаю, лекин улар фақат ўзбекларга қараб ўқ отмоқда, бутун-бутун маҳаллаларни йўқ қилмоқда".

Иқтибос тугади.

Қирғизистонлик ўзбеклар номидан битилган очиқ хатда Ўшда бошланган қирғин мамлакатнинг ўзбеклар яшайдиган бошқа минтақаларига ҳам ёйилаётганидан чуқур ташвиш билдирилган.

Очиқ хатни имзолаган Қирғизистон Ўзбек миллий-маданий маркази президенти Жалолиддин Салоҳиддиновнинг фикрича, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов "Қирғизистон жанубида ўзбек халқининг қирилишини тўхтатиш ва вазиятни барқарорлаштиришга имкон қадар кўмак кўрсатиши" керак.

Айни пайтда¸ Қирғизистоннинг бир неча кундан бери оммавий тартибсизликлар давом этаётган жанубий вилоятларидан Ўзбекистонга қочиб ўтган ўзбеклар сони 75 мингдан ошди.

Бу ҳақда Ўзбекистон республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан якшанба, 13 июн куни олинган маълумотга таяниб Новости ахборот агентлиги хабар қилди.

"Қочқинларнинг аксарияти аёллар, қариялар ва болалардир. Улар орасида ўқ отувчи қуроллардан яраланганлар бор", деган агентликка вазирликдаги манба.

Хабар қилинишича, шу кунда Ўзбекистон расмийлари томонидан Андижон, Наманган, Фарғона вилоятлари ҳудудида қочқинларни қабул қилиш пунктлари очилган.

Қочқинлар тоза сув, озиқ-овқат, дори-дармон билан таъминланган. Уларга тиббий – психологик ёрдам кўрсатилаяпти.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG