Линклар

Ўзбекистондан паноҳ сўраëтган ўзбеклар сони ошиб бормоқда


Ўзбек чегарачилари имиджини ўзгартирувчи сурат - чегарачилар қирғиндан қочаëтган аëл ва болаларга ëрдам қўлини чўзмоқда. Сурат Eurasianet сайтидан олинди.

Ўзбек чегарачилари имиджини ўзгартирувчи сурат - чегарачилар қирғиндан қочаëтган аëл ва болаларга ëрдам қўлини чўзмоқда. Сурат Eurasianet сайтидан олинди.

Ўзбекистон 13 июн куни ҳам қирғизистонлик қочқинларни қабул қилишда давом этди. Қирғизистонлик қочқинлар Андижон вилоятидаги Марҳамат, Хўжаобод ва Жалолқудуқ туманларига жойлаштирилмоқда. Ўзбекистон Фавқулодда ҳолатлар вазирлигига кўра¸ улар сони 75 мингдан ошган.



РИА новости маълумотига кўра, Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар вазирлиги 13 июн куннинг иккинчи ярмига қадар 75 000 нафар қирғизистонлик ўзбек қочқинлари Ўзбекистондан бошпана топгани ҳақида хабар қилган.

Қирғизистон Чегара хизмати бошлиғи ўринбосари Чўлпонбек Турусбековнинг маълумотига кўра, 12 июн куни қирғизистонлик қочқинлар учун ўзбек-қирғиз чегарасида махсус коридор очилган.

Қочқинлар Оқбура, Қорасув ва Дўстлик чегара пунктлари орқали Ўзбекистонга ўтмоқда.

Асосан аёллар, болалар ва ярадорлардан иборат қирғизистонлик қочқинлар айни пайтда мактаб, коллеж, болалар боғчалари, оромгоҳларга жойлаштирилаяпти.

Айрим жойларда эса қочоқлар учун махсус лагерлар ташкил қилинган.

Андижон вилояти¸ Марҳамат тумани¸ Қорақўрғон қишлоғига жойлаштирилган қочқинлар ҳолидан хабар олган андижонлик мустақил кузатувчи Шукур Файзнинг Озодликка билдиришича, ушбу қишлоқдаги қирғизистонлик қочқин аёллардан тўққиз нафарининг кўзи ёриди.

Шукур Файз: Бизнинг ҳозир билганимиз Марҳамат туманида Қорақўрғон қишлоғида собиқ болалар оромгоҳи бор. Болалар оромгоҳига автобусларда тўғридан тўғри чегаранинг ўзидан олиб келиб жойлаштиришди. Тиббий шароитлар ҳаммаси яратилган. Биз ўзимиз ҳам бориб кузатдик. Кеча кечгача автобусларда ташиб келишган. Тўртта автобус тинимсиз чегаралардан етказиб келишди. Ҳозир Қирғизистондан ўтган қочоқ аëлларнинг ичида тўққизта чақалоқ туғилди¸ деган расмий хабарлар ҳам бор.

Озодлик: Демак¸ бу аёллар ҳомиладор бўлишган.

Шукур Файз: Ҳа. Ҳомиладор бўлиб ўтганлардан тўққиз нафари ëрдам қилиб туғдириб олинди¸ деган расмий хабарлар ҳам бор.

Озодлик: Қочқинлар кимлар? Фақат аëлларми?

Шукур Файз: Ҳозирча фақат болалар ва аëллар.

Озодлик: Ярадорлар йўғ-а?

Шукур Файз: Ҳозирча ярадорлар кузатилгани йўқ. Воқеа туфайли қаттиқ таъсирланиб айтайлик қон босими ошган кишиларга ўша ернинг ўзида тиббий ëрдам кўрсатиляпти.

Озодлик: Ўша қишлоққа тахминан қанча одам жойлаштирилди?

Шукур Файз: Тахминан 1000 га яқин одам жойлаштирилган.

Озодлик: Уларга яратилган шароитлар қандай?

Шукур Файз: Тиббий томондан¸ моддий томондан уларнинг таъминотларини яхшилашяпти. Унга нима қилиш мумкин эмас. Тумандаги тиббий ходимларнинг ҳаммасини ўша ерга сафарбар қилишган. Бундан ташқари Марҳамат туман марказидаги тез тиббий ëрдам биноси ҳам булар учун бўшатилиб фавқулодда даволашга лозим бўлса деб тайëр қилиб қўйилди. Масалан¸ Қирғизистондан қочиб ўтган қочоқларнинг қариндошлари хабар олишга ҳаракат қилишяпти. Улар қочоқлар лагеридан олиб кетиб уйларида қараш илтимоси билан ҳам мурожаат қилишяпти. Ҳукумат бу масалада ҳали аниқ бир тўхтамини билдиргани йўқ.

Озодлик: Бу битта қишлоққа мингтача одам жойлаштирилган. Лекин биздаги маълумотларга кўра қочқинлар сони анча кўп. Қолганлар қаерга жойлаштирилган?

- Марҳамат туманидан ташқари Хўжаобод¸ Жалолқудуқ туманларининг чегараолди ҳудудларига ҳам жойлаштирилаяпти, деди Шукур Файз.

Андижон вилояти Хўжаобод туман марказий касалхонаси ходимасининг айтишича, туман касалхонасига 85 нафар қочқин жойлаштирилган бўлиб, улар орасида эркаклар ҳам бор.

- 85 та қочқин бор. Аёллар ҳам, эркаклар ҳам ёш болалар ҳам бор.Оёғидан кўпроқ ўқ еганлар, елкасидан, қўлидан, қорнидан яраланганлар. Ўшдан келдида булар, тинмай олиб келди, олиб келганлардан иккитаси ўлган. Скорий ташиганда кеча. Ҳокимлар, юқори ташкилотлар нон, овқатларини ташкил қилган.

Яраланмаганлари коллежларда, 4 та коллеж - қурилиш коллежи, қишлоқ-хўжалик коллежи, медколлеж, педколлеж. 26- мактаб , 25- мактаб, битта мачитларга жойлаштирилган. Яна Имомотани ё мачити, ё мактаби ажратилган. Булоқбошига касаллар борган, деди Хўжаобод туман марказий касалхонаси ходимаси.

Ўшлик Дилмурод Эргашевнинг синглиси ҳам Ўзбекистондан бошпана топганлардан бири. Дилмуроднинг айтишича, ҳозирда синглиси Андижоннинг Ёрқишлоқ қишлоғидаги қочоқлар лагерига жойлаштирилган.

Дилмурод Эргашев: Менинг родной синглим¸ Калинин колхозига эрга бергандик¸ улар ўша ердан Ўзбекистонга жўнатилган. Ўзбекистонга асосан, Калинин¸ Сталин¸ ВЛКСМ¸ янги вокзал томондагилар ўтишган.

Озодлик: Қаерга? Андижоннинг қаерида?

- Ҳозир улар Ëрқишлоқ деган ерда. Айнан ўзимнинг родной синглим билан ҳозир телефонда гаплашдим. Жуда ҳам чиройли шароит яратиб беришибди. Овқатларни вақтида беришяпти экан. Яна кимнинг Ўзбекистонда қариндоши бўлса келиб, келиб лагердан уйига олиб кетаяпти экан, деди Дилмурод Эргашев.

Маълумотларга кўра, Ёрқишлоқда қочоқлар учун чодирлардан иборат учта кичик шаҳарча бунёд қилинган. Уларнинг ҳар бирида 30-40 тадан иборат чодирлар тикилган. Ҳар битта чодирга тахминан 30 кишини жойлашиши мумкин бўлиб, жами 3000 киши Ёрқишлоқдаги қочоқлар лагеридан бошпана топиш имкони бор.

Хабарларга кўра, қочоқлар лагери милиция ходимлари ва ҳарбийлар томонидан қўриқланмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG