Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:17

Россиядаги ўзбеклар ўз миллатдошларини қутқаришга уринмоқда


SOS¸ Ўзбекларни қутқаринг! дея бонг урмоқда Россиядаги ўзбек муҳожирлари.
SOS¸ Ўзбекларни қутқаринг! дея бонг урмоқда Россиядаги ўзбек муҳожирлари.

Россиянинг турли шаҳарлари ва пойтахт Москвада муҳожир ўзбекларнинг стихияли намойишлари давом этмоқда. Ҳуқуқ ҳимоячилари ўтказган анжуманда қатнашган ўзбек жамоаси вакиллари Ўш ва Жалолободдаги қирғинни тўхтатишни сўраб Россия ва Ўзбекистон ҳукуматига мурожаат қилдилар.

13 июн Москва шаҳрининг “Фуқаровий кўмак” ташкилоти биносида Қирғизистондаги қонли тўқнашувларга бағишланган матбуот конференцияси бўлиб ўтди.

Унда россиялик ҳуқуқ ҳимоячиларининг машҳур “Фуқаровий кўмак” ташкилоти раиси Светлана Ганнушкина, “Мемориал” ҳуқуқ ҳимояси маркази директори Виталий Пономарев, Москвадаги ўзбек диаспораси вакиллари Манноп Абдулфайзиев ва Боҳодир Қосимжонов, “Ала-Тоо” қирғизистонликлар жамоат ташкилоти вице-президенти Рисқадир Иманалиев, “Қирғиз бирдамлиги” жамоат ташкилоти раиси Абдиғани Шокировлар ва Марказий Осиёдан сиёсий муҳожирлар жамияти раҳбари Баҳром Ҳамроевлар иштирок этди.

Даврани очган Светлана Ганнушкина матбуот анжумани бош мақсадларини белгилаб берди:

- Биз Қирғизистон ҳукумати қўшни мамлакатлардан ёрдам сўраётганини биламиз ва шунинг асосида кеча Россия президенти Дмитрий Медведевга телеграмма жўнатдик. Унда уч асосий талаб қўйилган:

1. Можаро минтақасидан Россия фуқароларининг зудлик билан эвакуация қилинишини ташкил этиш,
2. Можаро бўлаётган ҳудудларга тинчлик қўшинларини киритиш қарорини қабул қилиш учун МДҲ мамлакатлари раҳбарларининг фавқулодда йиғилишини чақириш,
3. Ўзбеклар ва қирғизлар ўртасида Россия ҳудудида тўқнашувларнинг олдини олиш мақсадида ўзбек ва қирғиз жамоалари ёрдамида тушунтириш ишларини ташкил этиш, деди“Фуқаровий кўмак” ташкилоти раиси Светлана Ганнушкина

Ундан сўнг, сўз олган Виталий Пономарев¸ оммавий ахборот воситалари орқали Қирғизистон воқеаларига жаҳон ҳамжамияти, хусусан ҳукумат раҳбарлари эътиборини қаратиш зарурлигига тўхталди:

- Менимча¸ муаммо нафақат Ўш, балки Қирғизистон ташқарисига ҳам ёйилди. Ҳукумат томонидан қилинаётган ишларнинг етарли эмаслигини барчага аён бўлди.Ўлдиришга даъватлар¸ ҳатто Россия ҳудудида янграмоқда. Биз “жараён издан чиқди” ёки “вазият назорат остида” деган умумий гаплардан ўтиб конкрет вазиятнинг ёритилишини талаб қилмоқдамиз. Талабларимиз қуйидагича: қуролсизлантириш, одамлар хавфсизлигини таъминлаш, ахборот бериш, гуманитар ёрдам кўрсатиш, эвакуация режасини ишлаб чиқиш, деди Виталий Пономарев.

Анжуманда сўзга чиққан бир қатор ўзбек ва қирғиз жамоаси вакиллари умумий тарзда бўлаётган воқеаларни қораладилар ва Қирғизистон жанубига тинчлик қўшинларини киритишни талаб қилдилар:

- Бу фожеанинг илдизлари 20 йил олдинги воқеаларга бориб тақалади. 1990 йилларда эди, унда союз даври эди, Москва қўшин жўнатиб фожиа ёйилиши тўхтатган эди. Ҳозирги кунда Қирғизистон мустақил давлат ва кучи етмаяпти. Кучи етмагани учун¸ халқаро полиция кучларини олиб кириш зарур¸ деб ҳисоблайман, деди “Ватандош” ўзбек биродарлиги ташкилоти президенти Усмон Баратов.

Анжуман давомида Боҳодир Қосимжонов сўзлаëтган бир пайтда конференция хонасига бир гуруҳ одам кириб ўз арзлари борлиги ва ўз сўзларига ҳеч ким қулоқ солмаётгинини билдира кетди.Улар ўзларининг “Фуқаровий кўмак” қўмитаси олдида йиғилган 400 нафардан ортиқроқ ўзбеклар номидан мазкур анжуманда иштирок этишларини билдирдилар. Ўзбек жамоаси вакилларининг Озодлик микрофонига билдирган арзлари будир:

- Россиядаги ўзбеклар номидан илтимос- ёрдам беринглар ўзбек халқига! Ёшларга, опа-укаларга Ўзбекистонга йўл очиб берсин, коридор очиб берсин. Қутқариб қолинглар, кичкина шаҳарда озгина қолдик. Ўзбегим, Ўзбекистон-ёрдам беринглар!¸ дея илтижо қилди йиғидан овозини йўқотган Ҳувайдо исмлик қиз.

- Мен Ибрагимова Миножат, шу Москвадаги ўзбеклар номидан, оналар номидан айтаман- бизнинг бола-чақаларимиз хавф остида. Қизларимизни, аёлларимизни жуда ёмон аҳволга келтириб юборишибди, бизга энг биринчи ўринда коридор берсин, ўзбек халқи Ўзбекистонга чиқиб кетсин! деди митинг иштирокчиларидан бири Ибрагимова Миножат.

Айни пайтда Москванинг турли жойларида- бозорларда, ҳукумат бинолари олдида, ташкилотлар ёнида - ўзбек муҳожирларининг стихияли митинглари бўлиб ўтмоқда. Намойишчиларнинг талаби ягона: Қирғизистон жанубида тинчлик ўрнатилсин!
XS
SM
MD
LG