Линклар

Аямни қутқардингизми?

  • Замира Шукур

Қутқаринг! дея ўтинмоқда дунëга хитоб қилаëтган минглаган ўзбекнинг "ая"лари.

Қутқаринг! дея ўтинмоқда дунëга хитоб қилаëтган минглаган ўзбекнинг "ая"лари.

Ишдан келa солиб тўғри компютер олдига югурсам¸ қизларим биладики, Ўзбекистонда яна нимадир фавқулодда воқеа¸ ”ойижон кимнидир қутқармоқчи”...


"Ойижон иши"га бундай ном қўйилишининг кичик бир тарихи бор.

************************************************

Январ ойи охирида Хайрулла Ҳамидов ҳибсга олингач¸ бундан хабар топган унинг мухлислари Озодликка тинимсиз ўз муносабатларини ëзишар ва бу шарҳлар тўпланиб қолмаслиги¸ муштарий ҳафсаласини пир қилмаслик учун уларни эртаю кеч компютер ëнидан кетмай пешма-пеш қўйишга уринар эдим.

Компютер олдида михланиб қолганимдан хуноб бўлган 6 яшар қизим ëнимга келиб¸

-Уйга келганингиздан бери нимага бу одамнинг расмига тикилиб ўтирибсиз¸ ким у? деб сўради.

- Бу ўзбекистонлик яхши бир одам одам. Уни ëмонлар қамаб қўйди¸ сенга ўхшаган болалари "дадам қани"¸ деб йиғлаб ўтирибди. Шуни қамоқдан қутқариш учун ишлашим керак¸ қизим¸ ўйинчоқларинг билан ўйнайқол¸ дедим имкон қадар боланинг яхшию ëмонга ажралган дунëси учун тушунарли бир тилда.

- Сиз бу ерда¸ бу одам узооқда - Ўзбекистонда¸ қандай қилиб уни қамоқдан қутқармоқчисиз? деб давом қилди сўроқни кичкина терговчим.

- Мен бу одамни қамаб қўйишгани ҳақида бошқа одамларга билдираман. Уларнинг ичида яхшилари топилиб¸ бу одамнинг ойижони¸ болалари йиғлаб ўтирганини эшитиб уни уйига қўйвориши мумкин. Журналист одамларни фақат шунақа қутқаради¸ ойижоннинг иши шунақа¸ деб тушунтирган бўлдим ўз мужодаламни қизимга.

Шундан бери уйда компютер олдида ўтиришим биланоқ¸ қизим мендан "Бугун кимни қутқармоқчисиз ойижон?" деб ўсмоқчилайди. Озодлик сайтидан тушмай келаëтган Хайрулланинг расмини кўрсатиб¸ "Бу одамни қутқардингизми?" деб гап бошлайди. Мен эса музлам бўлиб¸ ”ҳозирча йўқ” дейман. Қизим "Сиз ëзганларни яхши одамларни ўқимадими? дейди. Мен эса¸ ўзимча Ўзбекистонда ҳам яхшиларнинг борлиги ҳақида бир нималар демоқчи бўламан. Бахтимга¸ қизим жавобни кутмай қўғирчоқлари олдига қайтади....

*************************************************

11 июнда Ўшдаги хунрезлик бошланган бери компютер олдидан фақат фавқулодда юмушлар учунгина туришимни кўриб¸ қизларимнинг иккаласи ҳам ҳушëр тортган. Мониторни тўлдираëтган даҳшатли тасвирларга¸ улардан қанчалик яширишга уринмай¸ барибир қизларимнинг кўзи тушмай қолмади.

Қизим учун Ироққа менгзаган суратлардан бири.
- Ойижон¸ бу Ироқми¸ деб сўрайди Ироқ уруши¸ у ерда ëмонларнинг яхшиларни отиб ўлдиришидан дадаси ҳикоялари орқали хабардор каттаси.

- Йўқ¸ бу Ўш¸ Ўшда уруш бўлаяпти¸ дейман.

Ўш сўзидан 6 яшар қизим бирдан сергак тортади.

- Ўшда аям борку¸ аям урушда қолдими¸ ëмон одамлар энди аямни отиб қўядими? дея кутилмаганда ҳўнграб юборади қизим.

Қизимнинг ”ая”си - уни 6 ойликдан 4 ëшгача катта қилган севимли энагаси¸ иккинчи ойижони. Ўш лаҳжасида тил чиқарган қизим бу чиройли ва ўзбекона андиша ва хушмуомалик бу аëлни ”аям” деган¸ унга қаттиқ меҳр берган. Дунëда Ўш деган шаҳар борлигини ҳам у аясидан билади. Зотан аяси ўшлик ва ҳар ëзда яқинларини кўриш учун Ўшга кетади.

Яна билгани узоқ бу шаҳарда аяси ҳар ëзда таътилга борганида ундан ”Сорахон қизимга”¸ деб ҳар хил чаққи-чуққилар¸ Ўшнинг тандир нонлари¸ қантак ўригию бодомлари¸ ўзбекча лозим кўйлагу¸ ҳожи дўппичалар бериб юборадиган аясининг аяси борлиги. Бугун тутун ва олов ичида қолган Ўш манзарасидан донг қотган қизим¸ кўзларидан ëшлари шашқатор бўлиб менга:

- Аямни қутқаринг ойижон¸ ëмон одамлар аямни отиб қўймасин¸ деб ëлворади.

Қизимга Ўзбекистонда яхшиларнинг кўплиги исботи қилиб кўрсатганим сурат...
- Ўшда ҳам яхши одамлар бор¸ улар аянгни қутқаради¸ у яқинда олдимизга келади¸ деб юпатган бўламан ва қизимни тинчлатиш учун ўзбек чегарачиларининг Ўшдаги қирғиндан қочиб келаëтган аëлларга ëрдам қўлини чўзаëтгани акс этган суратни унга кўрсатаман.

Порахўрлиги¸ бераҳмлиги ҳақида кўўўп ва хўўўп гапирилган ўзбек чегарачиларининг ëш гўдакларни қўлларига олиб¸ ҳимоясиз оналарга йўл очаëтганини кўриб¸ ўзбек чегарасини очган миллатдошларимга яқинлик туяман. Бундай яқинликни умримда илк бора ҳис қилаëтганимдан камлигим¸ йиғлагим келади. Бу қоришиқ ҳисларни қизимга кўрсатмасликка¸ унинг яхшилар¸ албатта¸ ëмонлардан устун келадиган ëруғ дунëсини бузмасликка ҳаракат қиламан.

Кун давомида бир неча бор турли баҳоналар билан йиғлаб олган қизим мендан қайта-қайта "Аямни қутқардингизми¸ яхши одамларга айтдингизми аямнинг яхшилигини¸ уни отиб қўймасликларини?" деб сўрайди.

Мен унга аясининг Ўшнинг ўзбек ҳовлиларига бостириб кириб¸ аëлларни зўрлаëтган каттаю кичикни отиб¸ уйларига ўт қўяëтган шайтон кучлари таҳдиди остида қолган ўн минглаб¸ балки юз минглаб ўшлик ўзбеклар каби Оллоҳга омонат экани¸ биз гаплашаëтган пайтларда подвалда жон сақлаб ўтирганини айтмайман¸ айта олмайман.

Бўғзимда даҳшатли бир ҳайқириқ туғдирган бу суратни қизларимдан яширдим...
Айтганим билан¸ бу даҳшатни тушуниш учун 21 асрда куртак отаëтган бу жажжи зеҳниятни ўрта асрлар қоронғулигига қайтариш лозим бўлади. Буни эса истамайман.

Аксари асосан компютер олдида ўтган кейинги 72 соат ичи битилган минглаб сўзларнинг ўз онасига менинг қизларим каби ардоқли бўлган норасида гўдакларни нишонга олган ўқлардан ақалли биттасини ҳам тўхтата олмаганини англашликдан туғилган ожизликни қизларимга кўрсата олмайман - уларнинг сўз ва "ойижон касби"нинг қудратига бўлган ишончини ўлдиришни истамайман...

Аммо Ўш ва Жалолободда фақат ўзбек бўлгани учунгина ўлдирилган гўдаклар¸ аëллар ва ëш йигитлар суратларини кўриб¸ Озодликка сонияма сония SOS деб нажот сўраб ëзилган мактубларни ўқиб йиғидан қабариб кетган кўзларимни қоплаган ëш денгизи¸ бўғзимга тиқилган ҳайқириқни жиловлаш учун қизимдан юзимни бекитганча¸ хос хонага қочаман.

Аммо:

-Аямни қутқардингизми? деган сўроқ ортимдан таъқиб этишдан тўхтамайди...

Бу ҳайқириққа жавоб топиш учун бўғизда ҳайқириқ¸ кўзда ëш¸ юракда чуқууур бир оғриқ билан мужодалани яна давом эттириш лозим.

Яна компютер қошига чўкаман....

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG