Линклар

ЕХҲТ махсус вакили, Қозоғистон парламенти спикери ўринбосари Жонибек Карибжанов Ўшдаги қонли воқеаларни муҳокама қилиши мақсадида Қирғизистонга сафар қилди.



Якшанба куни БМТ ва ЕИ етакчилари ҳам Қирғизистонга зудлик билан махсус вакилларини юборишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

13 июн куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаева билан телефон мулоқоти ўтказиб, Ўш вилоятида давом этаётган қонли тўқнашувлар хусудида жиддий ташвиш билдирди.

Бундан ташқари ЕХҲТнинг жорий раиси Канат Саудабаев БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон, Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазири ҳамда ЕИнинг амалдаги раиси Испания расмийлари билан телефон орқали Ўшдаги вазиятни муҳокама қилиб, Қирғизистонга халқаро кузатувчилар юборишга келишиб олган.

Айни патда¸ Халқаро Қизил Хоч қўмитаси Ўш шаҳар қабристонига 100 ларча жасад шахси аниқланмасдан туриб кўмиб юборилаётганидан ташвиш билдирмоқда. Бу ҳақда ИТАР-ТАСС агентлиги қўмитанинг Ўшдаги вакилларига таянган ҳолда хабар қилди.

Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг шу кунларда Ўшда юрган вакиласи Северин Шаппазга кўра, ўликларни шошилиб кўмиб юбормасликлари, улар шахси аниқланиши жуда муҳим.

Айни пайтда у шаҳар қабристонларига 100 га яқин ўлик шахси аниқланмасдан кўмиб юборилаётганига Қизил Хоч қўмитасининг шахсан ўзлари гувоҳ бўлганликларини айтади. Шунингдек, ташкилот Ўш кўчаларида кўплаб жасадлар қолиб кетаётганини маълум қилади.

Бу маълумотни Озодликнинг Ўшдаги манбалари ҳам тасдиқламоқдалар. Уларга кўра, шаҳарнинг айрим кўчаларида қолиб кетаётган жасадлар ҳидлана бошлаган. Одамлар ўққа учишдан қўрқиб жасадларни ҳовлиларга олиб киролмаяптилар. Кўчалардан олиб кирилган жасадлар эса маййитларнинг қариндошлари розилиги билан, мусулмончилик қоидаларига мувофиқ равишда, тез орада кафанлаб кўмилмоқда. Аммо шаҳардаги вазият хатарли бўлгани учун маййитларни уларнинг қариндошлари истаган қабристонларга олиб бориш имкони бўлмаяпти – жасадлар маҳаллалар ичидаги аллазамонлардан бери фойдаланилмаётган қабристонларга кўмилаяпти. Озодлик мухбирлари Ўшда камида иккита шундай қабристонга – Мажримтол маҳалласидаги Оқ гўр ва Турон шаҳарчасидаги эски қабристонга ўққа учган йигитлар кўмилганига гувоҳ бўлганлар.

Гарчи тун Ўшда нисбатан осойишта ўтган бўлса-да, расмийлар вазиятни тўла назорат остига олди, деб бўлмайди. Қирғизистон соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган расмий маълумотларга кўра, Ўшда ҳалок бўлганлар сони 92 тага, тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилганлар саноғи 1156 тага етган. Айни пайтда Ўш маҳаллаларини кезиб чиққан маҳаллий журналистлар маҳалла фаоллари ёрдамида 1526 та ўлик санаганларини айтадилар. Уларга кўра, ёндирилган маҳаллалардаги уйлардан ҳали ҳам ўликлар топилаяпти ва улар бу ҳисобга кирмайди.

Шуларни эътиборга олган ҳолда, халқаро ташкилотлар Қирғизистон жанубида юзага келган гуманитар бўҳрон юзасидан хавотир изҳор қилмоқдалар.

- Расмийлар ўта қийин вазиятда қолган, биз уларнинг вазият устида қачон назорат ўрната олишини билмаймиз, аммо улар куч ишлатишда ўта эҳтиёткор бўлишлари жудаям муҳим. Биз ўз чақириғимизни яна такрорлаймиз: нима қилиб бўлса ҳам одамларининг ҳаётини сақлаб қолиш керак, деди Халқаро Қизил Хоч қўмитасининг Шарқий Европадаги тезкор фаолият бўлими раҳбари Паскал Вагнер.

Аснода куни кеча Ўш вилоят ички ишлар бош бошқармасига раҳбар қилиб тайинланган милиция генерал-майори Ўмурбек Суваналиев Ўш шаҳридаги вазият яхши томонга ўзгарганини айтмоқда.

- Эндиликда вазият мутлақо ўзгарди, деб айтиш мумкин. Масалан, кеча комендантлик соатига тўла риоя қилинди: кўпчилик фавқулодда вазиятни ҳисобга олган ҳолда, комендантлик соати бошланишидан анча аввал уй-уйига тарқади ва Ўшда тун кейинги кунлар ичида биринчи марта тинчроқ ўтди, дейди Ўмурбек Суваналиев.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган сўнгги маълумотларга кўра, Ўш ва Жалолободдан 850 чоғли хорижлик олиб чиқиб кетилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG