Линклар

logo-print

Жанубий Қирғизистондаги вазият муҳокамалар марказида


Халқаро Қизил хоч қўмитаси Ўш шаҳар қабристонига юзлаб жасадларнинг шахси аниқланмасдан туриб кўмиб юборилаётганидан ташвиш билдирди.

Бу ҳақда ИТАР-ТАСС агентлиги қўмитанинг Ўшдаги вакилларига таянган ҳолда хабар тарқатди.

Халқаро Қизил хоч қўмитасининг шу кунларда Ўшда юрган ўз вакили Северин Шаппазга кўра, ўликларни шошилиб кўмиб юбормасликлар, улар шахсининг аниқланиши жуда муҳим.

Айни пайтда¸ Шаппаз шаҳар қабристонларига 100 га яқин ўлик шахси аниқланмасдан кўмиб юборилганига Қизил Хоч қўмитаси ходимларининг шахсан гувоҳ бўлганликларини айтди. Ташкилот Ўш кўчаларида кўплаб жасадлар қолиб кетаётганини маълум қилди.

Шунингдек, бугун ЕХҲТ махсус вакили, Қозоғистон парламенти спикери ўринбосари Жонибек Карибжанов Ўшдаги қонли воқеаларни муҳокама қилиши мақсадида Қирғизистонга сафар қилди. ЕХҲТ қошидаги можароларни олдини олиш Вена маркази вакилларининг ҳам яқин фурсат ичида Қирғизистонга етиб бориши кутилмоқда.

Якшанба куни БМТ ва ЕИ етакчилари ҳам Қирғизистонга зудлик билан махсус вакилларини юборишга тайёр эканликларини маълум қилдилар.

13 июн куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Канат Саудабаев Қирғизистон муваққат ҳукумати етакчиси Роза Ўтунбаева билан телефон мулоқоти ўтказиб, Ўш вилоятида давом этаётган қонли тўқнашувлар хусудида жиддий ташвиш билдирди.

Бундан ташқари ЕХҲТнинг жорий раиси Канат Саудабаев БМТ Бош котиби Бан Ки Мун, Европа иттифоқи Ташқи ишлар вазири Кэтрин Эштон, Россия ва Туркия Ташқи ишлар вазири ҳамда ЕИнинг амалдаги раиси Испания расмийлари билан телефон орқали Ўшдаги вазиятни муҳокама қилиб, Қирғизистонга халқаро кузатувчилар юборишга келишиб олган.
XS
SM
MD
LG