Линклар

Асрга татигулик кунлар


Халқаро Қизил хоч жамияти Ўш қабристонига юзлаб одамларнинг кўмиб юборилаëтганини айтмоқда.

Халқаро Қизил хоч жамияти Ўш қабристонига юзлаб одамларнинг кўмиб юборилаëтганини айтмоқда.

Ўтган уч кун менга уч асрдай кўринаяпти ҳозир. Бу уч аср ичида анча касбларни ўзлаштирдим. Ўққа учган йигитларга ғассоллик қилдим, кафан бичиш-тикишни ўргандим – кафанларнинг оқи соч-соқолимга юқди. Бу уч аср ичида эркак кишига ярашмайдиган бир қилиқ орттирдим – йиғлоқироқ бўлиб қолдим.


Ёнаётган уйлар ичида чирқираб жон берган гўдаклару кексалар учун бир йиғладим, зўрланган қиз-жувонлару қўйдай бўғизланиб, орқасига таёқ тиқилган кишилар учун икки йиғладим, бошининг ярмини ўқ ўпириб кетган йигитларнинг нигоҳида қотиб қолган “Нима учун?” саволини уқиб, уч йиғладим. Йиғлайвердим, йиғлайвердим...

Икки газ келадиган калтак учига михлар қоқиб олиб, бу ибтидоий қуроли билан оиласининг номусини сақлаб қолиш учун у баррикададан бу баррикадага ҳаллослаб чопаётган ўсмирлар ва эркакларни кўриб, “булар БТРлар, снайпер милтиғи, Калашников автоматлари билан қуролланган қотил тўдага қарши нима қила оларкин?” деган саволга жўяли жавоб тополмай ўртандим.

Авваллари Ўшдаги издиҳомларда 90-йилги воқеалар эслаб қолинганда, давра тўридаги катталар кўпинча “У кунларни биз кўрдик – болаларимиз кўрмасин” дегич эди. Ўзим ҳам қанча-қанча ҳожи акаларимизнинг шунақа дуосини эшитганман. Бугун ўша самимий дуолар кетидан астойдил, чин ихлос билан “Қабул қил, ё Раб” деб Парвардигорга ёлвормаганим учун ўзимни сўкяпман. Икки ярим яшар қизим кўчада қаттиқроқ тақиллаган овозни эшитиб, “Дада, яна подвалга тушамизми?” деб мўлтираганда, “Нега ўша давраларда йиғлаб, Худойимга зорланмадим?” деяпман аламланиб.

Илоҳо, бу кунларни болаларим кўрди, болаларимнинг болалари кўрмасин!!!

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG