Линклар

Расмий маълумотларга кўра, Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларда камида 170 киши ўлган, минглаб одамлар яраланган.Бироқ мустақил мустақил манбалар ўлганлар ва яраланганлар сонининг бир неча мингларга етганини таъкидламоқда.


18:50.
Интерфакс агентлигининг Жалолободдаги ўзбек жамоатчилиги вакилларига таяниб хабар қилишича, бу ерда сўнги икки кун мобайнида рўй берган зўравонликлар оқибатида камида 700 киши нобуд бўлган. Айни пайтда расмий Бишкек бу ҳақда ҳеч қандай маълумот тарқатмади.

Интерфакснинг манбалардан бирига таяниб хабар қилишича, Жалолободдаги зўравонликлар оқибатида нобуд бўлган шахсларнинг жасадлари ҳозирги пайтда шаҳардаги масжидларда сақланмоқда. Манбанинг билдиришича, хавфсизлик нуқтаи назаридан жасадларни масжиддан олиб чиқишнинг имкони бўлмаяпти.

18.00.
Жалолобода бир қатор бозорлар таланган. Сўнгги маълумотларга қараганда талончилар томонидан ҳарбийлардан тортиб олинган ва Сузоқ туманига қараб йўлга тушган БТР талончилардан тортиб олинган. Сузоқда вазият барқарор экани айтилмоқда.

Ўшдан олинган айрим маълумотларга кўра, Ўшнинг Южний микрорайонида номаълум шахслар бир аёл ва уч балоғатга етмаган болани гаровга олган. Улар ўзларига автомат берилса, гаровдагиларни озод қилишларини айтмоқдалар.

13.00.
Ўш шаҳрида маҳаллалар ёндириб юборилган.

Шаҳарнинг Ўш райони ҳудудий кенгаши раиси Набижон Абдуллаевнинг журналистларга маълум қилишича, эрталаб бу ерга бостириб келган жангарилар 50 та уйни ёқиб, 30 одамни ўлдирганлар. 150 одам яраланган.

Жалолободдаги Хўжа маҳаллага бостириб кирган жанггарилар эса 20 одамни ўлдириб, 100 одамни ярадор қилган.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари Қубатбек Байболов қонли тўқнашувлар ташкилотчиларидан бири бўлган жуда таниқли сиёсатчи қўлга олинганини билдирди. Тергов манфаатлари ҳисобга олинган ҳолда ҳозир унинг исми ошкор қилинмаяпти.

- Ташкилотчилар орасида собиқ амалдорлар, айни пайтда ҳокимият тепасида бўлган айрим амалдорлар, бир қатор сиёсий партияларнинг аъзолари ҳам бор эканлиги аниқланди. Уларнинг барчаси аввалги ҳокимият тузимини тиклаш тарафдорларидир. Тергов якунлангач, биз буларнинг ҳаммасини ошкор қиламиз - деди Қубатбек Байболов.

Унинг айтишича, ташкилотчилар қонли тўқнашув ўта даҳшатли бўлиши учун махсус тайёргарлик кўрганлар, тайёргарликдан ўтган жангариларни ёллаганлар.

- Биздаги маълумотларга қараганда, 100-120 кишидан иборат ҳарбий форма кийган, яхши қуролланган мобил гуруҳлар ар икки тарафга, я ъни ўзбекларга ҳам, қирғизларга ҳам ўқ отмоқда. Бу фитначилар гуруҳи халқни зўравонликка мажбурлаб, талончилик билан шуғулланмоқда,-деди Қубатбек Байболов.

Бундан олдинроқ муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Азимбек Бекназаров ҳам миллий телеканал орқали чиқиш қилиб, қонли тўқнашув режаси ижрочиларидан 20 га яқини қўлга олингани ва кўрсатма бераётгани ҳақида гапирган эди.


12.00. Ўшнинг Черемушки мавзесида отишма овозлари эшитилмоқда. Расмий маълумотларга кўра, бу ерда ҳукумат кучлари ва қуролланган номаълум гуруҳ ўртасида отишма бўлаётир.

Ўш яқинидаги Наримон қишлоғида уйлар ёнмоқда. Бу ҳақда ҳуқуқ ҳимоячиси Тўлайкан Исмоилова ҳабар берди.

Хабарларга қараганда, милиция ва ҳукумат кучларига ишонмай қўйган Қирариқ, Ўнадир мавзелари ва Наримон қишлоғи аҳолиси ўз чегараларига яқинланган ҳар қандай объектга қаршилик кўрсатмоқда.

Жалолобод марказий майдонига йиғилган қирғиз миллатига мансуб 2 минг киши “Титул (асосий) миллат сифатида ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши”ни талаб қилмоқдалар.

9.00. Ўшда тун нисбтан тинч ўтгани хабар қилинди. Бироқ Гагарин, Масалиев, Қорасув, Ўш, Ленин, Ашимакунов, Қурмонжон додҳо кўчаларида бир қатор турар жой бинолари ва маиший хизмат кўрсатиш шаҳобчалари ёниб кетган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG