Линклар

logo-print

Жалолободда қирғин авжга чиқди


Айтилишича¸ Жалолободдаги қуролли қирғиз жанггарилари ҳатто масжидларга кириб¸ одамларни ўлдирган.

Айтилишича¸ Жалолободдаги қуролли қирғиз жанггарилари ҳатто масжидларга кириб¸ одамларни ўлдирган.

Интерфакс агентлигининг Жалолободдаги ўзбек жамоатчилиги вакилларига таяниб хабар қилишича, бу ерда сўнги икки кун мобайнида рўй берган зўравонликлар оқибатида камида 700 киши нобуд бўлган. Халқаро Қизил хоч қўмитаси 14 июн куни шаҳардаги қирғиннинг кучайганини билдирди.


Интерфакснинг маҳаллий манбалардан бирига таяниб хабар қилишича, Жалолободдаги зўравонликлар оқибатида нобуд бўлган шахсларнинг жасадлари ҳозирги пайтда шаҳардаги масжидларда сақланмоқда. Манбанинг билдиришича, хавфсизлик нуқтаи назаридан жасадларни масжиддан олиб чиқишнинг имкони бўлмаяпти.

Шаҳардаги вазиятнинг ниҳоятда кескинлашгани ва қуролли тўқнашувлар кўламининг Жалолободда кенгайгани муносабати билан Халқаро Қизил хоч қўмитаси гуруҳи ҳам шаҳарга киришга муваффақ бўла олмаган.

Қирғизистон жанубида тўртинчи кун давом этаëтган миллий низода жароҳатланганлар ва гуманитар бўҳронга юз тутган бу минтақа аҳолисига ëрдам бериш мақсадида Халқаро Қизил хоч қўмитасининг махсус гуруҳи айни кунларда Ўшда иш олиб бормоқда. Озодлик маҳаллий вақт билан кечки соат 6 ларда қўмитанинг Жанубий Қирғизистондаги вакили Северин Шапаз билан боғланиб¸ вазиятга доир ахборот олишга уринди.

- Мен ҳозир Ўшдаман ва айтишим мумкинки¸ бугун шаҳардаги вазият сал тинчигандек. Лекин одамлар зўравонликнинг исталган дақиқа қайта бошланишидан қаттиқ саросима ва қўрқувда. Шаҳар кўчалари бўшаб қолган¸ уйлар¸ дўконлар ëнмоқда. Ўтган тунда ва бугун Жалолободдаги вазият ëмонлашмоқда. Бу ерда қуролли тўқнашувлар тинмаëтгани учун биз бугун Жалолободга аталган тиббий ëрдамни еткиза олмадик. Биз ҳатто у ердаги тиббиëт ходимларига ҳам телефон қила олмаяпмиз. Бугунги тўқнашувларда жуда кўп одамнинг ўлгани ва жароҳатланганини тахмин қилмоқдамиз ва бундан ташвишдамиз.

Озодлик: Сиз айтаëтган қуролли тўқнашув иштирокчилари ким? Ким кимга қарши урушмоқда¸ буни аниқроқ айта оласизми?

Бу тўқнашувлар миллатлараро низо характерида. Биз бу миллий низонинг қандай бошлангани ҳозирча қоронғу. Аммо ҳозирда бу ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги низога айланиб кетди.

Озодлик:
Бизга Ўш ва Жалолободдан бўлаëтган қўнғироқларда зўравонликларнинг асосан ўзбекларга қарши қаратилгани ва аксар қурбонларнинг ҳам ўзбеклар экани айтилмоқда. Сиз бу хабарларни тасдиқлайсизми?

- Буни ҳозирча тасдиқлашнинг иложи йўқ. Биздаги рақамлар фақат касалхоналарда қайд этилган ярадор ва ўлганларга оид. Аммо ҳақиқий вазиятнинг расмийлар айтаëтганидан кўра бир неча бор даҳшатлироқ эканини тан оламиз. Шуни билган ҳолда¸ биз ҳозирда касалхоналардан бошқа жойларга ҳам бориб¸ у ердаги ярадорларга ëрдам беришга уринаяпмиз. Лекин хавфсизлик вазиятининг ўта ночорлиги туфайли ҳатто ярадорларга аталган ëрдамни ҳам тегишли жойларга еткиза олмаяпмиз.

Озодлик: Расмий маълумотга кўра¸ Ўш ва Жалолободдаги 14 июнга қадар ўлганлар сони 120 га етган. Аммо мустақил журналистлар биргина 12 июнга қадар Ўшнин ўзида камида 1500 одам ўлдирилганини аниқлашган. Сиз бу рақамни тасдқилайсизми?

- Ҳа¸ менимча журналистлар рақами тўғри. Бизга бўлаëтган қўнғироқлар¸ кўраëтганимиз бузғунчилик кўламидан қурбонлар сонининг камида шунча бўлишини тахмин қилиш қийин эмас.

Озодлик: Ўш ва Жалолободдан келаëтган хабарларга қараганда¸ жон сақлаш илинжида Ўзбекистон чегараси томон қочаëтган ўзбек аëллари ва болаларига ҳам қуролли ҳужум бўлиб¸ уларнинг чегарага яқинлашишларига йўл берилмаган. Қочқинлар учун бехафв коридор яратиш нега пайсалга солинмоқда?

- Биз ҳам бу каби ҳужумлардан хабардормиз ва маҳаллий ҳукуматдан шундай коридорни таъминлашни сўраяпмиз. Бугунги рақамларга кўра¸ ҳозирда Ўзбекистонда ташкил этилган бешта кўчма қочқинлар лагеридан 80 мингдан ошиқ қирғизистонлик қочқин бошпана топган ва уларнинг аксари аëллар ва болалардир. Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати қочқинлар таъминотини тўлиқ ўз зиммасига олган. Халқаро Қизил хоч қўмитаси яқин кунларда бу қочқинлар учун зарур маҳсулотларни еткизиб беришга киришади¸ дейди Халқаро Қизил хоч қўмитасининг Ўшдаги вакили Северин Шапаз.

Озодлик билан суҳбат ниҳоясида Халқаро Қизил хоч қўмитаси вакили 14 июн куни Жалолободдан келадиган талофатларга оид рақамларнинг қўрқинчли даражада катта бўлишини айтади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG