Линклар

Пиëда кетгудек Ўш томонларга...


Ўш ва Жалолободда ҳар кўйга солинган мурдаларни кўравериб аксар ўзбекларнинг кўзида ëши ҳам қуриб қолгандек...

Ўш ва Жалолободда ҳар кўйга солинган мурдаларни кўравериб аксар ўзбекларнинг кўзида ëши ҳам қуриб қолгандек...

Мен охирги пайтлари кўп нарсани тушунмай қолдим... Саволлар кўпайгани сари бирортасига жавоб топиб бўлмаётир.


Масалан, у ëки бу мамлакатга қўшин нима учун керак? Сон-саноқсиз халқаро ва минтақавий ҳарбий тузилмаларнинг қачон¸ қаерда ва кимга наф келтириши кўзда тутилган? Нима учун кимдир “мана бу мамлакатда ҳозирланаëтган наркотик моддалар менинг тинчимни бузмоқда” деган баҳона билан бошқа давлат ҳудудига қўшин ташлаб, йиллар давомида ҳарбий ҳаракатларни олиб бориши мумкину, бегуноҳ одамлар ўлдирилаётган ҳудудларда бир миллатни қирғиндан сақлаб қолиш ва тинчлик ўрнатиш учун қўшин киритиб бўлмайди?

Саволлар кўп.. аммо жавоб қаерда?

Қандай қилиб ўлиб-тирилиб чегарага етиб борган одамлар ўз миллати номини ташувчи 28 миллионлик “келажаги буюк” мамлакатга сиғмай қолиши мумкин? Ким “шунча қочоқни қабул қилиш мумкину, шунчасини мумкин эмас” режасини ишлаб чиққан? Қолган ўзбеклар ёнаётган Ўш ва Жалолободга қайтиб кетиши керакми?

...Ўш ва жалолободлик ўзбекларнинг шаррос қуяётган ёмғир остидаги бўлаётган Москвадаги намойишига зонтик остидан бир рус кампир қизиқиб қараб турган экан.

- Ўғлим, бу йигит-қизлар нимани талаб қиляпти? деб сўради.

- Ҳақиқат ва адолатни, онахон, дедим мен.

- Қизиқ, бу жойда русларнинг ўзи бу нарсаларни кўрмагану, дея ўзига ўзи гапириб йўлида давом этди мункиллаб қолган бу кампир.

Ташқи ишлар вазирлиги олдидаги намойишдан кетаётиб четда турган гавдали, келишган ўзбек йигитига кўзим тушади. Тоғни талқон қиладиган бу йигитнинг кўзидан ёш оқарди... Мени тўхтатиб у “Ўзбекистон орқали Жалолободга ўтиб бориш мумкин экан, шу ростми?”, деб сўради. Назаримда, агар “ҳа” дейдиган бўлсам у шу ернинг ўзиданоқ пиёда жўнаб кетворадиган...

Э биродар, қани эди ўзим ҳам билганимда...

Бу одамлар мендан нима янгилик бор¸ деб сўрар экан титроқ товушларидан уларнинг яхши хабар илинжида эканини сезиш қийин эмас. Уларнинг мўлтираб турган кўзларига қараб гапирмоқчи бўлган гапларим ҳам қочиб кетади. Шу кунлар ичида ватанидан фақат ёмон хабар олаëтган бу инсонлар мингларча чақирим масофадан туриб қон ва олов ичида қолган яқинларини ҳимоя қилишда ночор ва ожиз эканликларидан ерга ётиб дод вой солишга ҳам тайёр. Менда эса кети узилмаëтган ёмон хабардан бошқаси йўқ...

- Менга қаранг, акахон, айтинг ўша радионгиз орқали эфирда: агарда тинчлик ўрнатилмас экан мен кейин ўзимга жавоб бермайман! Бу одамнинг кўзлари аллақандай бежо ...

Метрода башанг кийиниб¸ атир-упа ҳидларини таратиб китоб ўқиб кетаётган одамлар ичида ўзимни қандайдир айбдор ҳис қиламан. Бироздан сўнг мен ҳам шуларга ўхшаб, ишдан кейин келиб, тинчгина хонамда компьютер олдида ўтираман. Ўзимга минг маротаба “сен узоқда, қўлингдан нима ҳам келарди”, деганим билан ҳаловат йўқ¸ ичимни ит талайди.

Телевизорда эса жаҳоннинг оламшумул воқеаси - футбол чемпионати бўлмоқда. Футбол бошланганига уч кун бўлибдию йиллаб кутганим бу ўйинлардан ҳали бирортасини ҳам кўрмаганимни бугун англабман... Жаҳон чемпионатига қизиқишимнинг бу қадар ўлишини яқин-яқинларгача ҳали хаёл ҳам қилмаган эканман!

Йигит одамнинг йиғлаганини кўрмаганимга анча бўлган экан. Бугун ўзбек йигитларининг кўз ёшларини бутун дунë кўраяпти.

Уч кундан бери менинг ҳам томоғимга тиқилиб қолган бир ëввойи куч тез орада портлайдигандек...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG