Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:28

Хавфсизлик кенгаши Ўшдаги зўравонликни қоралади


БМТ Хавфсизлик кенгаши Қирғизистондаги зўравонликларни қоралади ва қон тўкилишини тўхтатишга чақирди. Ўз баёнотида ташкилот Қирғизистонда зўравонликдан азият чеккан аҳолига гуманитар ёрдамлар етказилишини билдирди. БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Қирғизистонга ўзининг махсус вакилини жўнатмоқда.

Қирғизистон ҳукумати билдираётган маълумотларга кўра, Ўш ва Жалол-Обод вилоятларидаги тўрт кундан бери давом этаётган миллий зўравонликларда камида 124 одам қурбон бўлган. Яраланганлар сони 1700дан ортган.

Ўшлик Шукриллонинг айтишича, аҳоли гуманитар ёрдамга муҳтож.

- Кўчада оч қолдик. Қабристонлар ўликка тўлиб кетган. Ўлик тинмай келяпти. Аёлларимиз Ўзбекистон чегарасига яқин Суратошда жон сақламоқда. Овқатлар тугаган. Ёш гўдаклар ўлаяпти. Касал одам кўп. Жуда ёмон аҳвол бўляпти¸ дейди Шукрилло.

Қирғизистонда зўравонликлар кучаяр экан ўн минглаб ўзбек қуролли қирғиз тўдалари ҳужумидан қочиб Ўзбекистон томонига ўтишган эди. Халқаро Қизил хоч ташкилотининг минтақавий раҳбари Паскал Вагнернинг билдиришича, Ўзбекистонга ўтган қочқинлар сони ҳозирда 80 мингни ташкил қилади ва яна 15 минг одам чегарадан ўтиш умидида турибди.

Расмий Тошкент қочқинлар оқимига бас келиш учун халқаро ёрдам ҳам сўрамоқда. Ўзбекистон Бош вазири муовини Абдулла Орипов Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасини ёпаётгани ва ортиқ қочқинларни қабул қилолмаслигини билдирган эди.
XS
SM
MD
LG