Линклар

Максим Бакиев Лондонда қўлга олинди


Маким Бакиевнинг ҳозирга қадар Латвияда экани тахмин қилинаëтган эди.

Маким Бакиевнинг ҳозирга қадар Латвияда экани тахмин қилинаëтган эди.

Қирғизистон жанубида бораëтган қирғинни уюштирганликда гумонланаëтганлардан бири¸ ҳокимиятдан ағдарилган президент Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим сиëсий бошпана сўраш мақсадида Британия пойтахтига учиб келган пайтида Интерпол сўровига мувофиқ қўлга олинди.


Қирғизистонда апрел ойида ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг ўғли Максим Бакиев Англияда ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари Кенишбек Дуйшебаев маълум қилди. Дуйшебаевга кўра, Максим Бакиев Англия жанубидаги Фарнборо аэропортига учиб келганида ушланган.

У махсус учқичда келиб, Британия ҳукуматидан бошпана сўраш ниятида бўлган, деб билдирди Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати раҳбари.

Қирғизистон муваққат ҳукумати 32 яшар Максим Бакиевни давлатга тегишли 200 миллион доллар маблағни ноқонуний йўллар билан олиб чиқиб кетганликда айблашган ва Интерполнинг қидирилаётганлар рўйхатига киритилишига эришган эди.

Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийларидан бири Азимбек Бекназаров эндиликда Англияда ушланган Максим Бакиев Қирғизистонга экстрадиция қилиниши ёки Британияда суд қилиниши мумкинлигини айтди.

Ўтган ой Максим Бакиевниг ўз амакиси Жаниш Бакиев билан Қирғизистондаги вазиятни издан чиқаришга оид махсус хизматлар томонидан ëзиб олинган мулоқоти интернет саҳифалари¸ хусусан YouTube.com орқали тарқалган эди.

/>

Айни патда ҳозирда Беларусда муҳожиратда яшаётган Қирғизистоннинг ҳокимиятдан ағдарилган собиқ президент Қурмонбек Бакиев Минскда ўтказган матбуот анжуманида муваққат ҳукуматни лаёқатсизликда айблади.

- Ҳозирги ҳукумат, маҳаллий ҳокимият раҳбарлари вазиятни мутлақо назорат этолмаяпти ва нима қилиш кераклигини билишмаяпти. Агар улар вазиятни назорат қилишаётганда эди¸ бунга йўл қўйишмаган бўлар эди¸ деди Қурмонбек Бакиев.

Қирғизистон муваққат ҳукумати Қурмонбек Бакиев, унинг ўғиллари, ака-укалари, собиқ Бош вазир Дониёр Усенов ҳамда 30 дан ортиқроқ собиқ амалдорларнинг қаерда экани тўғрисида маълумот берган шахсларга 20 минг доллардан 100 минг долларгача мукофот берилиши ҳақида эълон қилган эди.

7 апрел воқеаларидан сўнг президент Қурмонбек Бакиевнинг ўғиллари ва ака-укалари халқаро қидирувга берилган эди.

Муваққат ҳукумат расмийларига кўра, Бакиевларга нисбатан очилган жиноят ишларининг 80 фоизи якунланган. Жумладан, собиқ президентнинг ўғли Марат Бакиев давлат маблағини ўта катта миқдорда ўзлаштирганликда, бизнес тузилмаларини тортиб олганликда, Бакиевнинг укаси Жаниш эса 7 апрел куни норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берганликда айбланмоқда.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги маълумотига кўра, Қурмонбек Бакиев, унинг ўғиллари, ака-укалари, собиқ бош вазир Дониёр Усенов ҳамда 30 дан ортиқроқ собиқ амалдорларнинг қаерда экани тўғрисида маълумот берган шахсларга белгиланган мукофот тўлалигича берилади, яъни бу пулдан солиқ олинмайди.

Қурмонбек Бакиев оила аъзолари ҳақида маълумот берганларга 100 минг доллар, Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Мурат Суталиновнинг қаерда эканини аниқлаб берганларга 50 минг доллар, қолган амалдорлар ҳақидаги маълумотларга эса 20 минг доллардан мукофот берилади.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан астойдил қидирилаётган шахс эса 7 апрел куни норозиларга қарши ўқ отишга буйруқ берганлигини журналистлар билан суҳбатларида тан олган Жаниш Бакиевдир.

- Бакиев Жанибек Салиевич 15 апрелдан бошлаб халқаро қидирувга берилган. Уни қўлга олиш учун барча тадбирлар қўлланилаяпти, деди Ички ишлар вазирлиги расмийси Самат Бакеев.

Унинг айтишича, айни пайтда Қирғизистон собиқ раҳбарларининг деярли барчаси турли жиноятларда айбланиб қидирилмоқда. Улар асосан давлат маблағини ўзлаштирганликда ва Бакиевнинг ўғлига бизнеснини ноқонуний йўллар билан ривожлантиришга кўмаклашганликда айбланмоқдалар.

- Ҳозирги кунда Қирғизистон ҳудудида 36 киши қидирувга берилган. Улар собиқ президент Қурмонбек Бакиевнинг оила аъзолари ва унинг атрофидаги мулозимлардир, деди Самат Бакеев.

Расмий маълумотларга кўра, собиқ амалдорлардан фақат Давлат мулки вазирлиги раҳбари Турсун Турдумамбетовгина ўз ихтиёри билан ички ишлар вазирлигига келган ва кўрсатма берган.

Шу кунларда собиқ Ички ички ишлар вазири, собиқ мудофаа вазири, президент котибиятининг собиқ раҳбари тергов қилинмоқда. Қолган амалдорлар эса апрел воқеаларидан сўнг қочиб кетишган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG