Линклар

Хавфсизлик кенгашида Қирғизистон масаласи муҳокама қилинди


Сиёсий масалалар бўйича БМТ Бош котиби ўринбосари Линн Паскоу Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами етказиш учун махсус коридор очиш кераклигини айтди.

Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзлаган Паскоу Қирғизистондан Ўзбекистон ҳудудига ўтган қочқинлар муаммоларини ҳал қилиш учун Ўзбекистонга ёрдам бериш кераклигини ҳам таъкидлади.

Душанба кунги йиғилишдан кейин сўзлаган Мексиканинг БМТдаги элчиси, ҳозирда Хавфсизлик кенгаши президенти вазифасини бажараётган Клод Ҳеллер Қирғизистонда қонун устиворлигини таъминлашга чақирди.

- Хавфсизлик кенгаши аъзолари Қирғизистон Республикасида давом этаётган зўравонлик актларини қоралайди ва зудлик билан ёрдам етказилишини қўллаб-қувватлайди. Хавфсизлик кенгаши осойишталик, тинчлик, қонун устиворлигини таъминланиши ва низони тинч йўл орқали ҳал этишга чақиради, деди Клод Ҳеллер.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакат жанубида беш кундан бери давом этаётган зўравонликларда 170 киши нобуд бўлган, 1 минг 700дан ортиқ одам яраланган.

Ёрдам кўрсатувчи халқаро ташкилотларга кўра, Қирғизистонда ўлганлар сони расмий маълумотлардан бир неча баробар кўп.

Нобуд бўлганлар аксарининг ўзбеклар экани айтилмоқда.
XS
SM
MD
LG