Линклар

Ўзбек-қирғиз чегарасидаги ўшликлар аросатда қолишган


Ўзбекистон 15 июн куни ўз чегарасини ëпганидан сўнг чегаранинг қирғиз томонида 15 мингдан ошиқ ўзбекнинг тўпланиб қолгани айтилмоқда.

Ўзбекистон 15 июн куни ўз чегарасини ëпганидан сўнг чегаранинг қирғиз томонида 15 мингдан ошиқ ўзбекнинг тўпланиб қолгани айтилмоқда.

12-14 июн кунлари қирғиндан қочиб Ўзбекистондан бошпана излаган ўш ва жалолободлик ўзбеклардан 100 мингга яқинини ўз ҳудудига ўтказган Тошкент ҳукумати¸ бунчалар катта қочқинлар оқимини уддалай олмаслиги баҳонасида 15 июн куни ўз чегарасини ëпди.


Аввал хабар берганимиздек, қочқинлар ўзбек-қирғиз чегарасидаги тўртта жойдан: Қорасув, Суратош, Олимтепа ва Ёрқишлоқдаги чегара пунктлари орқали Ўзбекистонга ўтказилaëтган эди. 15 июн куни Ўзбекистон ўз чегарасини қочқинлар учун ëпишга қарор қилди ва паноҳ излаб Ўзбекистон чегарасига келаëтган минглаб ўшликлар чегара бўйи ҳудудларида тўпланиб бормоқда.




(YouTube.com сайтидан олинган бу видеолавҳа ўзбек-қирғиз чегарасидан қочқинларнинг ўтишига ўзи гувоҳ бўлган ҳаваскор видеотасвирчи томонидан тасвирга олинган ва Озодлик радиоси тасвирларнинг айнан қаерда¸ қачон¸ ким томонидан олинганини тасдиқлай олмайди.)

Ҳозирги вазиятда Ўзбекистоннинг Ёрқишлоқ чегара пунктига туташ Қирғизистоннинг ВЛКСМ қишлоғи аҳолиси минглаб ўшлик ўзбекларни уйларига қабул қилмоқда.

Ўшлик Абдулфаттоҳ Фозилов Ўзбекистонга ўтишини кутаётган ўшлик қочқинлардан бири ва у ҳам айни соатларда мазкур қишлоқда жон сақлаяпти.

Абдулфаттоҳ Фозилов: Ҳозир чегарадан ўтказмаяпти. Одам жуда ҳам кўп. Кеча ўтган. Кеча ўқ еганлар¸ чоллар¸ аëллар ўтган. Бугун ўтказмаяпти экан. Эрталабдан бери ҳеч кимни ўтказмаяпти. Телевизорда “Ўзбекистон отказ қилибди” деб айтибди.

Озодлик: Қайси телевизорда ва қаердан айтди?

- Бишкек телевидениеси 1- каналдан қирғиз тилида айтди.

Озодлик: Сизларга энг яқин Ўзбекистон чегараси қайси?

- Бизга Дўстлик ҳам яқин¸ ВЛКСМ ҳам яқин. Чегаранинг олдида қизларимиз¸ бола-чақаларимиз турибди. Қари отам касаллиги учун уни сал тепароққа олиб чиқиб қўйдик. Чегаранинг бу бетида уйлар экан. Чойхоналар бор экан. Чойхоналарда ўтиришибди одамлар. Магазинлар бор экан. Чегарадан кейин 50 метр бу ëғидан уй бор экан. Сой бор экан¸ сойдан кейин чегара экан.

Озодлик: Сиз айтаëтган чегаранинг номи нима?

- Ëрқишлоқ таможняси эканда.

Озодлик: Ҳозир Ўшда соат неча бўлди?

- 15:00. Сув проблема бўлaяпти ҳозир, дейди ўшлик Абдулфаттоҳ Фозилов ўзбек-қирғиз чегарасидаги ВЛКСМ қишлоғидан. Унга кўра, Ўзбекистон томонидан озиқ –овқат ва энг керакли маҳсулотлар берилмоқда.

Абдулфаттоҳ Фозилов: Оддий нарса мана оддий ичадиган сувнинг йўқлигига. Печене¸ вафли умуман ейдиган нарсаларда бари. Нон¸ макарон¸ қанд¸ коробкада шоколадлар¸ конфетлар бераяпти. Кийим-кечак¸ ëш болаларга памперс¸ дорилар бераяпти экан. Ҳозир олиб келишдида болалар.

Озодлик: Қирғизистон телеканалидан чегара ëпиқлигини кўрибсизлар. Чегарада нимани кутаяпсизлар? Нимадан умидвор бўлаяпсизлар?

- Биз ҳозир қаерга боришни билмаяпмиз. Шаҳарга телефон қилсак¸ “Ваҳима¸ келмай тураверинглар” деяпти. Бу ëққа келсак¸ бу ердан ўтказмаяпти. Нима қилишимиз керак? Масалан¸ менинг 83 ëшга кирган отам ëтибди. Кўтара олмайман ë ўзи юра олмайди ëки у ëққа олиб кетгани транспорт йўқ. Қаерга борамиз энди? Уйга борайлик десак¸ уйимизга ўт кетган. Таможняга бориб дод деб бақирган билан рухсат йўқ экан.

Озодлик: Ўзбекистон томондаги ҳарбийлар нима дейишяпти? Очилади¸ умид қилинглар деяптими?

- Ўзбекистон томондаги ҳарбийлар ҳеч нарса демаяпти. Только ўтказяпти холос. Бугундан бошлаб ўтказмай қўйибди.

Озодлик: Озиқ-овқатларни ҳам бераëтганлар ҳарбийларми?

- Ҳозир у ерни бетон тўсиб қўйган. Бетоннинг орқасида солдатлар турибди¸ ҳарбийлар турибди¸ гражданскийлар турибди. Ҳаммаси девордан олиб бу ëққа ўтказаяпти экан. Даже сув масаласини ҳам ўша ердан флягага солиб олиб келиб беряпти экан¸ деб эшитдим. Мен ўзим кўрмадим. Баклашкаларда сув олиб келиб берди, дейди ҳозирда ўзбек-қирғиз чегарасининг Қирғизистон томонидаги ВЛКСМ қишлоғида Ўзбекистон чегараси очилишига умид қилиб турган минглаб ўшликлардан бири Абдулфаттоҳ Фозилов.

Ушбу қишлоқнинг бошқа чеккасида айни шундай аҳволда қолган ўшлик ўзбеклардан Маҳаррамхон ая Зулимова билан ҳам суҳбатлашдик. Маҳаррамхон ая ҳам Ўзбекистон чегарасининг очилишини кутаётган ўшликлардан бири.

Озодлик: Сиз бировнинг уйидамисиз ë далада ўтирибсизми? Қаердасиз ҳозир?

- Бировнинг уйидаман. Ўзим Жийдали деган ердан келганман.

Озодлик: Бировнинг уйида қанчасизлар?

- Ҳар бир уйда 40-50 та¸ уйнинг ҳажмига қараб ўтирибди. Энг камида 40 та одамдан ўтирибмиз. Ҳар бир уйда бор¸ ВЛКСМ нинг ҳар бир уйида бор. Мана булар жўнатдию. Продукта¸ болаларга дори-дармон тарқатди.

Озодлик: Бу Қирғизистон томондаги қишлоқларми?

- Ҳа¸ Қирғизистонники. Қирғизистон колхозлари бор. Уйидаги уни¸ дўкондаги борлар бари ҳамма ëқ жўнатаяпти.

Озодлик: Ўзбекистон чегараси бугун очилдими¸ очилмадими? Бугун ўтдингларми?

- Бугун ўтмадим. Кеча тушсак¸ очилмаган экан. Одамни ўтказмаëтган экан. Жуда оғир касал бўлса¸ ўтказаëтган экан.

Озодлик: Чегара қачон очилади¸ дейишяпти?

- Ким билади энди. Аммо бугун тушмадим постга. Кеча роса тўполон¸ нима бўлаëтган экан.

Озодлик: Чегара ëпиқ бўлса¸ у ерда ўтириб нимани кутяпсизлар?

- Нимани кутаëтганимизни ўзимиз ҳам билмаймиз. Тинчлик истаяпмизда энди. Ëрдам бўлмаяптими ëки хўжайинлар нима қиляптими¸ ҳар хил гапларни эшитяпмиз. Миш-мишми ëки ҳақиқатми билиб бўлмаяпти.

Озодлик: Нима еяпсизлар? Мана бугун обедга бирор нарса едингизларми?

- Суюқ овқат. Суюқ овқат¸ қуюқ овқат энди эплаяпмиз. Макарон соляпмиз¸ топганимизни еб ўтирибмиз. Ҳали олча¸ гилос хом. Болаларимиз хомлигича ейишаяпти. Қорни оғригани оғрияпти¸ оғримагани оғримаяпти. Ўтирибмиз энди. Нима бўларкан¸ энди-а? дейди ўзбек-қирғиз чегарасида Ўзбекистон ўз эшигини очишини кутаëтган минглаб ўшлик ўзбеклардан бири Маҳаррам Зулимова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG