Линклар

КХШТ Жанубий Қирғизистонга қўшин киргизмайдиган бўлди


Россия президенти Медведев Жанубий Қирғизистон бўйича ҳар қандай қарор Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан маслаҳат асосида қабул қилинишини таъкидламоқда.

Россия президенти Медведев Жанубий Қирғизистон бўйича ҳар қандай қарор Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари билан маслаҳат асосида қабул қилинишини таъкидламоқда.

Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлат расмийлари 14 июн куни Москвада ўтказилган фавқулодда йиғинда шундай қарорга келди. Бундай келишув ҳақида КХШТ Бош котиби Николай Патрушев матбуотга хабар қилди.


Озодлик билан суҳбатда КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов 14 июн кунги фавқулодда йиғин тафсилотларини маълум қилди:

- 2010 йил 14 июнда в КХШТ Котибиятида ташкилот аъзоларининг вакиллари иштирокида фавқулодда муҳокамалар бўлиб ўтди. Унда Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикалари ҳамда Қирғизистоннинг расмий вакили иштирок этди. Йиғилишда Қирғизистон жанубида юзага келган оғир вазият юзасидан фикр алмашилди. Кенгаш натижалари юзасидан умумий баёнот қабул қилинди. Баёнотда КХШТ аъзолари томонидан ишлаб чиқилган амалий чора-тадбирлар тизими¸ шунингдек Қирғизистон Республикаси ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ҳатти-ҳаракатлари КХШТ аъзо давлатларининг қўллаб-қувватлаши ёрдамида вазиятни барқарорлаштириш ҳамда жамоат хавфсизлигини таъминлашга имконият яратади, деди КХШТ матбуот котиби Владимир Зайнетдинов

Айни пайтда КХШТ Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш учун бир қатор чораларни ишга солиш режасида эканини билдирмоқда. КХШТ Бош котиби Николай Бордюжанинг айтишича, Қирғизистон жанубдаги вазиятни барқарорлаштириш учун етарли даражада ҳарбий қудратга эга ва КХШТ мамлакатда кузатилаëтган моддий-техник етишмовчиликлар муаммосини ҳал қилишга ëрдам беради :

- Гап шундаки, биз комплекс чора-тадбирларни таклиф этмоқдамиз. Моддий ёрдамдан ташқари¸ бу тартибсизликлар ташкилотчиларини аниқлаш бўйича ҳамкорликдаги фаолият олиб борилади¸ ҳамда биринчи ўринда¸ албатта аҳоли билан тушунтириш ишлари олиб борилади, деди КХШТ Бош котиби Николай Бордюжа.

На ташкилот Бош котиби¸ ва на унинг матбуот котиби “Нима учун КХШТ аланга олиб ётган ҳудудларга тезлик билан қўшин киритмади?”деган саволга жавоб бермади. Бундай қарор сабабларини Москвадаги Экстремал журналистика маркази собиқ раҳбари, ҳозирда Грузиядаги Чавчавадзе университети профессори Олег Панфилов изоҳлашга уринади:

- КХШТ ўз низоми бўйича ташқи хавф-хатарга қарши тузилган, яъни аъзо давлатларнинг ички сиёсатига аралашиши мумкин эмас. Кейин КХШТ НАТОга қарши тузилган кучсиз бир тузилма. Лекин¸ менимча¸ бу ерда маълум даражада сиёсий ўйин бормоқда. Россия¸ албатта¸ ўз манфаатларини кўзлаб иш тутди. Масалан¸ Абхазиядаги тинчликпарвар кучлар МДҲ кучлари деб номланади, ваҳоланки у ерда фақат рус қўшинлари жойлашган. Тахминларимга кўра, у ерда бунданда жиддийроқ сиёсий тўқнашув юзага келмоқда. Афсуски¸ бу ўйин ташкилотчилари Фарғона водийсида қанчалик бир хавфли жараëн бошлаганларини ўзлари ҳам тушунмаётир, дейди Олег Панфилов.

Қирғизистон жанубида беш кундан бери тўхтовсиз давом этаëтган би миллий низо¸ бу қирғин кимга керак? деган саволимизга Олег Панфилов ҳеч иккиланмай:

- Бу ҳолатда мен фақат ягона ўйинчини кўрмоқдаман - бу Россия.
Бу фикримни тушунтираман. Гап шундаки¸ Россиянинг собиқ шўролар ҳудудидаги деярли барча иттифоқчилари ундан юз ўгирмоқда. Мен Грузия, Украина тўғрисида напирмайман. Россиянинг Марказий Осиёдаги империявий иддаоларига иккита йирик давлат қаршилик кўрсата олмоқда- Ўзбекистон ва Қозоғистон. Шунинг учун Россия қўшинларининг Қирғизистонда жойлашуви бу Ўзбекистонниннг доимий шантаж қилиниши, Қозоғистон орқа ҳовлисига кириш ва сўнги пайтда Россиядан узоқлашаётган Тожикистонга таъсир ўтказа олиш имконияти демакдир, деган мулоҳазани билдирди.

Озодлик: Россиянинг Сиз тасвирлаëтган бу ўйинини тушуниш мумкин, лекин бу ерда Ўзбекистоннинг ҳаракатлари тушунарсиз бўлмоқда.

- Нега тушунарсиз?! Каримов учун Ўзбекистондан ташқарида яшовчи ўзбеклар ўта хавфли ҳисобланади. Каримов 20 йилдан бери ўз аҳолисини қаттиқ назорат қилиб келмоқда. Тарихан бошқа минтақалар, хусусан Қирғизистонда яшовчи ўзбеклар ўзгача сиёсий тизимда, нисбий эркинликда яшаб келмоқдалар. Ўзбекистондаги аҳолининг оғир иқтисодий аҳволи яна қўшимча 100-200 минг қочоқни қабул қилиш иқтисодиётни издан чиқариб юбориши мумкин, сиёсий талаблар билан маҳаллий тартибларга раҳна сролиши мумкин. Шунинг учун у айнан эркакларни ичкарига киритмаслик учун барча чораларни қўллайди¸дейди Олег Панфилов.

Россиялик таҳлилчи фикрича¸ ҳозирги вазиятда Кремл Қирғизистон муваққат ҳукуматининг мамлакт жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш учун бу минтақага ўз қўшинларини КХШТ мандати ëки икки томонлама келишув асосида киритишга шошилмайди. Юзага келган қалтис вазият¸ Фарғона водийсида туташган учала давлат - Қирғизистон¸ Ўзбекистон ва Тожикистонни Россия истагани қадар заифлаштиргач¸ у ëғига ўз манфаатларига янда кўпроқ хизмат қилувчи қарорни қўллашда Кремлнинг қўли узундир¸ деган фикрни такрорлайди Олег Панфилов.

Айни пайтда¸ Ўш ва Жалолободдаги миллий низо нишонига айланган ўзбеклар ўзларини ҳимоя қилишни сўраб БМТ¸ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти ва Европа иттифоқи каби халқаро тизимларга мурожаат қилмоқдалар. Аммо бу ташкилотлар ҳозирча қурбонларга ҳамдардлик билдиришдан нарига ўтмаëтир.

Халқаро тизимларнинг қонли низо ҳукм сураëтган ҳудудда барқарорлик ўрнатиш ишига шошилмаëтганини профессор Панфилов улардаги бюрократиянинг ниҳоятда кучлилиги билан изоҳлайди:

- Биринчидан бу жуда ўзоққа чўзиладиган жараён. Масалан¸ БМТ бу давлатлараро ташкилот. БМТга кимдир мурожаат қилиши зарур: ё Ўзбекистон, ё Қирғизистон. БМТ Кенгашида бу масалани бирор давлат кўтармагунча ва материаллар билан таъминламагунча муҳокама қила олмайди. Бундан ташқари БМТ бу масалани ҳал эта олишига кўзим етмаяпти, чунки Россия таъсир доирасини кенгайтириш учун бу муҳокамага вето қўйиши турган гап, дейди Тбилисидаги Чавчавадзе университети профессори Олег Панфилов.

Олинган кейинги хабарларга қараганда¸ Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Қирғизистон жанубида давом этаётган зўравонликлардан чуқур хавотир билдириб¸ мамлакатда тартиб ўрнатишда ёрдам беришга тайёр эканини маълум қилди.

ЕХҲТ Доимий кенгашининг Вена шаҳрида бўлиб ўтган фавқулодда йиғилишида қабул қилинган баёнотда 56 давлат аъзо бўлган ташкилот томонидан зудлик билан чоралар кўриш кераклиги билдирилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG