Линклар

logo-print

Роза Ўтунбаева: Ҳалок бўлганлар реал сонини ҳеч ким билмайди

  • Сарвар Усмон

Aксар ўзбек маҳаллаларидаги ўликлар ҳеч қайда қайд этилмай туриб кўмиб юборилмоқда.

Aксар ўзбек маҳаллаларидаги ўликлар ҳеч қайда қайд этилмай туриб кўмиб юборилмоқда.

15 июн куни Ўшнинг Ўн адирида яна камида 4 киши ўлдирилди. Бу ҳақдаги хабарни Озодлик Ўн адир шаҳарчаси маъмурий ҳудудий кенгаши раисидан олди. Шундай қилиб, норасмий манбаларнинг даъво қилишича, Ўш ва Жалолободда ўлдирилганлар сони 2608 нафарга етди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига таяниб, 15 июн куни эрталаб эълон қилинишича, сўнгги тўрт кеча-кундуз ичида Ўш ва Жалолободда ҳаммаси бўлиб 171 киши ҳалок бўлган. Шу жумладан, Ўш вилоятида 128, Жалолобод вилоятида 43 киши ўлдирилган.

Лекин бу расмий маълумот фожеа кўламини реал акс эттирмаётгани аниқ кўриниб турибди.

Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева ҳам мана шундай фикрда.

15 июн куни Бишкекда ўтказилган матбуот анжуманида Ўтунбаева мана бундай деди: “Қирғизистон жанубида ҳалок бўлганлар реал сонини ҳеч ким билмайди”.

- Ҳар хил рақамлар айтилмоқда, масалан, 700 киши ўлгани тўғрисида гапирилмоқда. Бу маълумотларнинг барчаси реал бўлиши мумкин, чунки осиёча удумларга кўра, кўпчилик яқинларини вафот этиши биланоқ дафн қилади. Баъзилар суд-тиббий экспертизаси ўтказишни истамайди ва майитларни олиб кетиб қолади, деди Роза Ўтунбаева, деб хабар қилди 24.kg агентлиги.

Дунёнинг бир бир қатор етакчи оммавий ахборот воситалари ҳам қурбонлар сони расмий статистикадан кўпроқ бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

Ўшлик мустақил журналистларнинг иддао қилишича, уларнинг маҳалла қўмиталари раисларидан олган маълумотлари расмий статистикани акс эттирмайди.

- Жалолобод ва Ўшда жами бўлиб 2604 та одам қурбон бўлган, деб иддао қилди ўз исми ошкор этилишини истамаган журналист.

Унга кўра, култепалар остидан топилмаган ҳамда вазият ўта оғир бўлган ҳудудларда қолиб кетаётган жасадлар ҳали ҳисобланмаган.

Ўш шаҳридаги маҳалла ва кварталлар бир неча ҳудудий кенгашларга бирлаштирилган.

Шаҳарнинг жануби-шарқидаги Ўн адир шаҳарчаси тўлалигича алоҳида бир ҳудудий кенгашдир.

Биз шу кенгаш раиси Солижон Худойбердиевдан талафотлар тўғрисида 15 июн куни сўрадик.

Солижон Худойбердиев: 11 июндан бугунга қадар 41 та бола вафот этди. Бари ëш йигитлар. Энг кичиги шу 15 ëшга кирган бола ҳам бор. Энг каттаси 45 ëш атрофидаги болалар.

Озодлик: Улар нимадан ҳалок бўлди?

Солижон Худойбердиев: Ўқдан ҳалок бўлди. Снайпер деган палакати бор экан. Шундан ҳалок бўлди. Бизнинг болаларда ҳеч қанақа қурол йўқ¸ бошқа йўқ. Ўзларини ҳимоя қиламиз¸ деб ëғоч таëқ кўтариб олишган. Уларда полностю қуролда. Армиянинг қуроли десангиз бўлаверади.

Озодлик: Аëллар ва болалар ҳам бор-ми?

Солижон Худойбердиев: Аëллардан йўқ. Аëлларни энди у ëққа чиқармадикда. Улар уйдан чиқишмади. Фақат эркаклар “Шулар билан муросага келиб қолармиканмиз ëки таëқ билан қувлаб солармиканмиз” деган фикрда чиқдик. Лекин бунақа ўлим бўлади деган хаëлнинг ўзи йўқ эди.

Озодлик: Ўлган одамлардан нечтаси расмий давлат рўйхатига киритилган?

Солижон Худойбердиев: Уни билмайман лекин. Биз ўзимиз йиққан нима бу. Қаерга бўлса¸ сўраган ерга биз информацияни бераяпмиз.

Озодлик: Менимча¸ давлатнинг рўйхатидан ўтиш учун ўша майитлар моргга олиб бориб доктор хулоса ëзиши керак. Бу 41 киши шунақа қилинганми?

Солижон Худойбердиев: Йўқ. Улар фақат ўзимизнинг нимадан. У ëқдан медэкспертизадан ҳеч ким чиқмаган.

Озодлик: Бедарак йўқолганлар борми?

Солижон Худойбердиев: Бедарак йўқолганлар 14 та.

Озодлик: Яраланганларчи?

- Яраланганлар 91 та бўлди. Чочма ўқ билан ярадор бўлганлар бор¸ снайпер билан урган¸ оëғидан ярадор бўлганлар бор. Ярадор кўп¸ дейди Солижон Худойбердиев.

Ўш шаҳри Ўн адир мавзеи маъмурий ҳудудий кенгаши раиси Солижон Худойбердиев билан бу суҳбатни 15 июн, куннинг биринчи ярмида ўтказган эдик.

Тушдан кейин олинган маълумотларга кўра, Ўн адирда ўлдирилганлар рўйхати яна камида 4 кишига кўпайди.

Солижон Худойбердиев: Охирги нимада ўлганлар мана 47 та бўлибди.

Озодлик: Эрталаб гаплашганимиздан бери ўлдими?

Солижон Худойбердиев: Ҳа.

Озодлик: Ким ўлдирди? Қанақа қилиб ўлдирди?

Солижон Худойбердиев: Боғларнинг ичида яна отишма бўляптида. Қабристоннинг орқа томонидада. Ўша ëқдан снайперда отяптида. Мана ҳозир у ëқ бу ëғи 45 та бўляпти.

Озодлик: Ҳукумат ўшаларга қарши куч олиб келмаяптими? Солдат олиб келмаяптими?

- Солдат бўлгани билан қарашмаяптида¸ тополмаяпти. Улар кетгандан кейин чиқяпти. Улар бекиниб ëтибдида. Улар келяптию бир қатор тариллатиб ўтиб кетяпти¸ дейди Солижон Худойбердиев.

Демак, шундай қилиб, 11 июндан 15 июн тушдан кейингача Ўшнинг Ўн адирида камида 45 киши ўлдирилди.

Солижон Худойбердиев билан ўтказилган суҳбатдан шу маълум бўлдики, мавзеда ҳалок бўлганларнинг биронтаси ҳам Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги рўйхатига кирмаган.

Ўн адирдаги вазиятни атрофлича ўрганар эканмиз, кенгаш раиси айтаётган рақамлар билан ўшлик мустақил журналистлар қўлга киритган маълумотлар ўртасида фарқ борлигини кўрдик. Журналистлар Ўн адирда 140 дан зиёд одам ўлгани тўғрисида айтмоқда. Аммо қурбонлар ҳақидаги маълумотни мустақил равишда текширишнинг имкони йўқ. Бу зўравонликлардан сўнг мазкур иддаоларни текширадиган терговчиларга ҳавола.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG