Линклар

Қирғизистон Мудофаа вазири ҳарбийлар ўзбекларни ўлдираëтганини инкор қилди

  • Фаррух Юсуфий

Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар учун ҳарбий кийим ҳимоя эмас¸ таҳдидга айланди.

Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар учун ҳарбий кийим ҳимоя эмас¸ таҳдидга айланди.

Кейинги беш кун давомида Озодликка "SOS¸ ҳарбийлар ўзбекларни ўлдирмоқда¸ ëрдам беринглар!" деган юзлаб хат ва қўнғироқлар келди. Аммо генерал Исоқов Ўш ва Жалолободда қирғиз армиясининг ўзбекларни қирғин қилаëтгани ҳақидаги хабарларни 200 фоиз ëлғон ва фитнанинг давоми¸ дея атади.


Қирғизистон жанубида қонли воқеалар бошланганидан бери Озодлик радиосига келган телефон қўнғироқлари ва хатларда, шунингдек, CNN, BBC, Al-Jazeera каби халқаро каналлари ва Россия телеканалларида маҳаллий ўзбекларни қирғин қилишда Қирғизистон ҳукукмат қўшинлари иштирок этаётганига ишора қилувчи репортажлар берилди. Ҳарбийлар минган танк ва зирҳли машиналарга қуюшқонидан чиққан оломон ҳам илашиб олгани тасвирланган видеотасвирлар бугун Интернетни ҳам тўлдирди.


(Аксар халқаро каналларда намойиш этилаëтган бу кадрлар Ўшдаги ҳаваскор тасвирчи томонидан суратга олинган ва YouTube.com сайтига қўйилган. Озодлик бу тасвирнинг қачон¸ қаерда¸ ким томонидан олинганини тасдиқлай олмайди.)


“Қочманглар¸ қочманглар .......... мана шу козëллар¸ биз бинонинг ичидаги нарсаларни ташиëтган эдик¸ энди полный ëнишини хоҳлашяпти¸ келиб отишяпти¸ пожарныйни ҳам қўйишмаяпти”.


(Бу кадрлар Ўшдаги ҳаваскор тасвирчи томонидан суратга олинган ва YouTube.com сайтига қўйилган. Озодлик бу тасвирнинг қачон¸ қаерда¸ ким томонидан олинганини тасдиқлай олмайди.)

Овозини кўчириб олганимиз бу видеода ўзбекларга тегишли бинолар ёнаётгани ва БТР машинасида ўтирган ҳарбий кийимдаги кишиларнинг эса ёнғинни ўчиришга ҳаракат қилаётган ўшлик йигитларни яқинлаштирмаётганини кўриш мумкин.

Видеороликнинг иккинчи қисмида ярадорлар олиб келинаётган касалхона ва улар билан суҳбатлар тасвирланган.

Ўзбекларни ўлдиришда қуюшқонидан чиққан оломондан ташқари ҳарбийлар ҳам бевосита иштирок этаётгани ҳақидаги гувоҳликларни жума кундан бери Озодлик радиосига қўнғироқ қилган қирғизистонлик юзлаб ўзбеклардан ҳам эшитдик.

Душанба куни Қирғизистон муваққат Мудофаа вазири Исмоил Исоқов қирғиз ҳарбийларига қўйилаётган бу айбловларни инкор қилди.

- Биринчидан¸ армия бутун Қирғизистон элига хизмат қилади. Шунинг учун улар бир тарафда турибди, деган гапларда ҳеч қандай асос йўқ, уларнинг бари ёлғон. Нега деганда армия, милиция хизматчилари ва ҳуқуқ-тартибот идораларининг бошқа вакиллари тартиб ўрнатишда қўлидан келганча қонун доирасида ҳаракат қилмоқда ва бугунги кунда ана шу йўналишда иш олиб бормоқда, деди генерал Исоқов Озодлик радиосининг қирғиз хизматига.

Танк ва зирҳли ҳарбий машиналарда оломон билан бирга Ўш шаҳри кўчаларини айланиб юрган ҳарбий кийимдагилар кимлар, деган савол жавоби очиқ қолгани боис, Исмоил Исоқов билан боғланиб, бу саволга аниқлик киритишга ҳаракат қилдик.

Исоқов қўл телефонига жавоб берган киши ўзини Мудофаа вазирининг ёрдамчиси Нурлан Бектемиров, деб таништирди. Суҳбатдошимиз, аввалига Исоқов бир соатдан кейин келади, бир соатдан кейин қўнғироқ қилганимизда эса, ўн дақиқадан кейин қўнғироқ қилинг, дея жавоб берди. Исоқов қўл телефонига охирги марта қўнғироқ қилганимизда, Мудофаа вазирининг Озодликка интервью бера олмаслиги аниқланди.

Шу сабабдан, саволларимизни телефон гўшагини кўтарган вазир ёрдамчисига бердик.

- Бу 200 фоиз ёлғон маълумот. Буни вазиятни издан чиқараётган учинчи кучлар уюштирмоқда. Ҳарбий кийимларни кийиб олган бу учинчи кучлар (провокаторлар демоқчи) махсус ҳарбий кийимларни кийиб олиб ҳам ўзбекларни, ҳам қирғизларни отмоқда, деди Қирғизистон Мудофаа вазири ёрдамчиси.

Улар танкларни кимдан олди, ё Қирғизистон армияси шунчалик гўлми, танк ва қуролларни бериб қўйдими, деган саволимизга Бектемиров:

- Йўқ у ерда танклар йўқ, бизда у ерда БТР ва БМПлар бор. Улар¸ аксинча¸ у ерда қолиб кетган одамларни хавфсиз жойларга олиб чиқмоқда, дея жавоб берди.

CNN, BBC, Al-Jazeera каби халқаро каналлар ва Россия телеканаллари эфирга берган ва ўша БМП, яъни пиёдалар жанговар машиналарида ўзбекларга ҳужум қилаётган оломон билан шаҳарни кезиб юрган ҳарбийлар кимлар? Бу тасвирларни қандай тушунтирасиз?

- Йўқ, бунақа бўлмаган, билмадим, балким бу видеотасвирлар махсус уюштирилгандир. Ҳукумат қўшинлари фақат вазиятни барқарорлаштириш ва одамлар бир-бирларини ўлдириб юборишининг олдини олиш билан шуғулланмоқда, дея жавоб берди Қирғизистон муваққат Мудофаа вазирининг ёрдамчиси Нурлан Бектемиров.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр Қирғизистон жанубида рўй бераётган воқеалар таҳлили ҳамда телевидение ва интернетда тарқатилган видеотасвирлардан келиб чиқиб, ўзбекларни қирғин қилишда ҳукумат қўшинларининг иштирок этгани тасдиқланган фактдир, дейди.

- Қирғизистон муваққат Мудофаа вазири ёлғон гапираётганига кўплаб далиллар бор. Унинг бу даҳшатли жиноятларда ҳукумат қўшинлари иштирок этганини инкор қилиши табиий ҳолдир. Лекин фактлар бунинг аксини, яъни куч ишлатар тузилмаларнинг маълум қисми, қирғиз миллатига мансуб қисми оммавий босқинчилик ва қотилликларда иштирок этганини кўрсатиб турибди. Қирғиз куч ишлатар тузилмалари бу хунрезликда иштирок этганини тасдиқловчи кўплаб далиллар бор. Балки келажакда бунга оид тергов ўтказилар, лекин приципда, буни тасдиқланган факт, деса бўлади. Бу Қирғизистон куч ишлатар тузилмаларининг ёмон аҳволда экани ва уларда ҳеч қандай интизом йўқлигини акс эттиради, дейди Павел Фельгенгауэр.

Ҳарбий таҳлилчи Қирғизистон куч ишлатар тизимларининг бундай аҳволи, ташқи ёрдамсиз вазиятни назоратга олиш имконини қолдирмайди, дея хулоса қилади.

- Қирғизистон давлати ва унинг куч ишлатар тузилмаларининг ўта аянчли аҳволда экани кундек равшандир. Бу эса хунрезлик ва қотилликларнинг яқин орада тугатилмаслиги хавфини туғдиради. Чунки Қирғизистон ҳукумати буни истаган тақдирда ҳам, унинг бундай имконияти йўқ, дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

Айни пайтда, Қирғизистон ҳукумати Ўш ва Жалолободда тартиб ўрнатиш учун қўшимча кучлар киритилаётгани ва вазият секин-аста барқарорлашаётганини таъкидлаётган бўлса-да, сешанба куни Ўш вилоятининг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудидан қўнғироқ қилган ва ўзини Ҳилола Маҳмудова, деб таништирган аёл ҳарбий таҳлилчи башоратларини тасдиқловчи мана бу гапларни айтди.

- Қирғиз-ўзбек аралашган маҳаллалар бор. Шу маҳаллаларга ҳарбий формаларда¸ милиция формаларида қирғизлар кириб ўзбекларни уйидан олиб чиқиб отиб юборяпти¸ ўлдиряпти. Ҳозир шу хабар келди. Чекка жойларимиз бор Юго-восток¸ УАМ деган жойларимиз бор. Бу ерларда умуман иложи бўлмаяпти. Жуда қийин аҳволда телефон қилиш. Биз ҳозир чегарага яқин жойдамиз. Бизга ë Россиянинг ë Ўзбекистоннинг ҳарбийлари кирмаса¸ бу қирғизлар формада кириб туриб ўзбекларни тозалаяпти. Айланай ука¸ ëмон бўлаяпти¸ дейди Ҳилола Маҳмудова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG