Линклар

logo-print

16 июн Қирғизистонда мотам куни. Муваққат ҳукумат расмийларига кўра, мамлакат жанубида беш кундан бери давом этаётган зўравонлик қурбонлари сони ҳозирда 180 дан ортган, 2000 га яқин киши яраланган. Айни пайтда¸ халқаро ташкилотлар Бишкек ҳукуматидан зўравонликларни тезроқ тўхтатишни сўрамоқда.

Ҳукумат рақамларидан фарқли¸ норасмий манбаларнинг ҳисобига кўра¸ Ўш ва Жалолободдаги қирғин қурбонлари сони бир неча мингга етган ва уларнинг аксарини ўзбеклар ташкил қилади.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Нави Пиллай Қирғизистон муваққат ҳукуматини мамлакат жанубидаги зўравонликни тўхтатишда қатъийликка чақирди.

- Кимлигига қарамасдан, ҳатто болаларни ҳам ўлдиришмоқда. Аёлларни зўрлашаяпти. Юздан зиёд одам ҳаётини олиб кетган бу этник зўравонликлар обдон ўйланган ва режаланган амал афтидан, деди Нави Пиллай.

БМТ Қочқинлар бўйича Олий комиссарлиги маълумотларига кўра, Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар туфайли ўзларининг яшаш жойларини тарк этган одамлар сони 275 мингга етган. 80 мингга яқин қочқин Ўзбекистонга ўтган.

14 июн куни кечқурун Ўзбекистон ортиқ қочқинларни қабул қилолмаслигини айтган эди. БМТ комиссари Ўзбекистон чегараларини очмаса қочқинлар ўлим таҳдиди билан юзма-юз қолиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

- Ўзбекистон ва Тожикистон қирғизистонлик қочқинлар учун чегараларини очиши ва жон талвасасида қочаётган бу инсонларни ўз паноҳига олиши лозим¸ деб билдирди Нави Пиллай.

Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам сешанба куни бу чақириқларга қўшилди.

- Қирғизистондан қочиб ўтган ва ўтиш илинжида турган бу инсонлар гуманитар ёрдамларга муҳтож. Озиқ-овқат, ичимлик суви, дори-дармон барчага етказилиши ва улар хавфсизлиги таъминланмоғи керак¸ деб билдирди Халқаро Амнистия вакили Мейси Вейшердинг.

Ҳозирда минглаб қочқин Ўзбекистон чегарасига яқин ҳудудда турибди.

-Касалликлар бошланди. Болалар температура бўлиб, оғрияпти. Уч бола билан кўчада қолдик¸ дейди зўравонликлар оқибатида уйи куйган ўшлик ўзбеклардан бири.

Айни пайтда¸ кузатувчилар Ўш ва Жалолободда ҳукумат маъмурларининг вазиятнинг алс ҳолидан хунë хабар топишига тўсқинлик қилаëтганини айтмоқдалар.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Бозорқўрғон туманида фаолият олиб борувчи "Воздух" инсон ҳуқуқлари ташкилотининг раиси Азимжон Асқаров ҳибсга олинди.

Бу ҳақда хабар қилган Фарғона.ру агентлигига кўра, Асқаров сўнгги кунларда Жалолободда содир этилаётган қотилликларни ҳужжатлаштираётган, бўлаётган воқеаларни фото ва видео тасвирга олаётган эди.

Аҳоли вакилларига кўра, Бозорқўрғоннинг кули кўкка совирилаётган ва одамлар жон талвасасида Ўзбекистонга қочаётган бир пайтда Қирғизистондаги ҳукумат расмий ахборот воситалари орқали минтақада вазият тинчигани ва отишмалар тўхтагани борасида хабар бериб турган.

-Афтидан куч ишлатар тизимлари изларни йўқотиш учун ташқи дунёга фото ва видео материалларни жўнатаётган аҳоли вакиллари ва журналистлар суратга олган тасвирларни улардан тортиб олишга уринмоқда, деб билдирди жалолободликлардан бири.

Азимжон Асқаров Қурмонбек Бакиев президентлиги даврида милициядаги қийноқлар ҳақида бонг урган ва бунинг учун таъқиб этилган ҳуқуқ фаолларидан биридир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG