Линклар

Ўзбек билан қирғизни ким ва нима ëвлаштирмоқда?

  • Абдулла Искандар

Икки туркий халқ бугун яна бир совуққон фитна қурбонига айланди.

Икки туркий халқ бугун яна бир совуққон фитна қурбонига айланди.

5 кундан бери Ўш ва Жалолободдаги юз бераëтган қирғин бундан 20 йил олдин Ўш ва Ўзганда юз берган қирғиз ўзбек тўқнашувини хотирамизда қалқитди.Тили¸ дини бир бўлган икки қардош эл нега ëвлашди, деган савол эса бизни тарих қаватларига етаклади.


Унутмоқ дардидан сақла, худойим!
(Мухтор Шохонов)

Энасой буғуси


Расман қирғиз давлати 1924 йил Россия таркибидаги мухтор республика ўлароқ ташкил қилингани айтилса-да, бундан минг йиллар муқаддам олис Енисей бўйларида қирғиз ҳоқонлиги давр сургани Чингиз Айтматовнинг “Оқ кема” асарида ҳикоя қилинади. Бу давр ҳақида профессор Гога Ҳидоятов гапиради.

- Қирғизларнинг жуда кўҳна тарихи бор. Улар 3000 йил олдин Енисейда яшашган. Унинг номи илгари Энасой эди. Демак катта дарë. Кейин улар кўчиб келишди Олтойга. Олтойни бошқа ном билан Ҳегас деган. Енисейда буларнинг номи Жинлин эди. Олтойга келганда буларнинг номи Ҳегас бўлди. Кейин улардан ҳам қочишди. Қочиб буларни олиб келган асосий авлоди буға эди. Қирғизистонга борсангиз¸ ҳамма ëқда буларнинг гўрлари¸ кийикларнинг шохларини кўрасиз. Бу асосий буға авлодининг сиймоси. Улар кейин 10-11 асрларда Олтойдан ҳозирги Қирғизистонга кўчиб келишади. Бу бўш жойлар эди. Лекин асосан булар тоғларда яшарди.

Бу ерлар¸ ҳозирги қирғизларнинг ерлари¸ бу ерда асосий яшаган Қорахонийлар эди. Биринчи Бўграхон¸ ҳозирги буларнинг Манас деган афсоналари Қорахонийлардан чиққан. Қорахонийлар ўзбек халқининг асосчиси бўлган эди. 13 асрда Чингизхон бу ерларни ўзининг ўғли Чиғатойга беради. Чиғатой шу ерда хон бўлган эди. Лекин Чиғатой бутун ўзининг ерларида бутун халқларни кўчманчиликдан ўтроқ халқларга айлантирмоқчи эди. Кейин 15 асрда бу ерларнинг ҳаммаси Андижон хонлигига ўтади. Демак¸ бу ерлар Бобурнинг отасига тушади. Кейин бу ерда Бобур хон бўлади. Подшоҳ Бобур бу ерларга эга бўлган эди. Ҳозирги шаҳарлар Ўш¸ Жалолобод¸ Ўзган ҳаммаси асосан ўзбек тилида гапиришар эди. Шайбонийлар келганда буларга бу ëққа рухсат беришади. Булар кўчманчи халқ бўлган эди. Буларни чўлдан бу ëққа олиб келишади. Булар чўлда яшай олмаган эди. Ҳаммаси тоққа кўчиб кетади. Мана бу тарих¸ дейди Гога Ҳидоятов.

Таниқли ëзувчи Чингиз Айтматов, “тарих ҳужжат ёрдамида тасдиқланиши керак. Аммо бизнинг халқларимизнинг ҳаёти кўпинча афсонавий тус олиб кетади” деган эди.


Қўқон ҳонлиги

Қўқон ҳонлиги даврида ўзбек қирғиз дея айиришмасдан бир ариқдан сув ичиб¸ бир масжидда намоз ўқишган¸ дейди ўзбек ëзувчиси Дадахон Нурий.

- Мен шуни эшитганманки¸ менинг бобом кўп айтарди¸ “Ҳеч қачон сен ўзбек¸ сен қирғиз деган гап бўлмаган. Қаердан чиқди бу. Битта мачитга бориб намозни ўқиб келаверар эдик. Мусулмон деган гап бўларди” деган мен кўп эшитганман. Энди бу ҳозир бутун юрагимиздаги дард бўлиб турибди¸ дейди Дадахон Нурий.

Қўқон хонлиги¸ чор Россияси ишғоли ва ундан олдинги даврларда ҳам қирғиз-ўзбек ўртасидаги этник можаролар ҳақида маълумотлар йўқ¸ дейди профессор Гога Ҳидоятов.

- 1510 йилдан бу ëқда Шайбонийлар ҳукм сурадиган бўлгандан кейин бу ëқдан қирғизларнинг ҳаммасини қувиб чиқарган эди. 19 асрда Қўқон хонлиги ташкил қилганда булар яна кўчиб келишади. Тоғли ерларда булар яшай бошлашади. Кейин буларга қозоқлар Жанибек ва Хонгирей қўшилишади. Ўшанда қирғиз ва қозоқ қўшилиб кетади. Ўшанда ҳам булар кўчманчи эди¸ дейди Гога Ҳидоятов.


Қурмонжон Додҳо ўрнаги

Тарихчи Тинчлик Чўратегинга кўра¸ қирғиз тарихида бугунги сиëсатчиларга ўрнак бўладиган бир аëл бор. Олой маликаси дея ном олган Қурмонжон Додҳо ўзини “қирғиз” демас эди¸ балки “туркийман” дер эди. Унинг ўзбек куëвидан бўлган ўғиллари чор истилочиси Скобелевга қарши курашнинг олд қатларида бўлишган. Руҳан ва феълан туркистончи бўлган бу аëл Марказий Осиëдаги бугунги сиëсатчиларга ўрнак¸ дейди муаррих.

Ўшлик зиëли Равшан ака Ғофуров ҳам бу фикрга қўшилади.

- Менимча¸ ўзи Қурмонжон Додҳо деган жамоатчилик ҳам бор эди. Бундан ташқари у жуда катта интернационалист аëл бўлган. У ҳеч қачон ўзбек демас эди. Қизларини ўзбекларга бериб¸ келинни ўзбеклардан олиб шунақа жуда катта интернационалист аëл бўлган. Кенг аëл бўлган. Қурмонжон Додҳонинг қилган ишларини¸ унинг сиëсатини ўрганиб чиқса¸ ҳозирги раҳбарларга¸ ҳозирги сиëсатчиларга жуда катта яхши ибратда¸ дейди Равшан ака Ғофуров.


Ленин қуюшқони

Яқин тарихда рус Туркистони деб аталган ўлкани бўлиш ғояси Лениндан чиққан¸ дейди тарихчи олим Гога Ҳидоятов.

- Қирғизистон 1920 йилда Қирғиз АССР шаклида РСФСР нинг таркибида бўлганди. Ўшангача қирғизларда ҳеч қанақа давлат йўқ эди. Уларнинг ерлари Қўқон хонлигининг ерлари эди. Шунинг учун ўша ердаги давлат Қўқон хонлиги эди. 1920 йилда Қирғиз автоном республика тузилади. Ўшанда Ўзбекистондан Ўзган¸ Ўш¸ Жалолобод деган ерларни тортиб олиб¸ қирғизларга беради. Мана шу можароларнинг илдизи ўша ерда. Қирғизлар у ëқда шаҳарларда яшамаган эди. Бишкекни олсангиз¸ илгариги Тўқмоқ¸ Пишпек деган эди. Бу ўзбекларнинг номи эди. Уларнинг ҳаммасини ўзгартириб қирғизларга беради. Ҳозирги можароларни олсангиз¸ илдизи ўшанга бориб тақалади. Қирғизлар ўшанда ҳам шаҳарларда яшамаган эди. Унга ўрганмаган эди. Асосий шаҳарларда ўзбеклар ва руслар яшаган эди. Агар Ўшни олсангиз¸ у ерда ҳеч ким қирғиз тилида гапирмайди. Ҳамма ўзбек тилида гапиради. Жалолободни олсангиз¸ Ўзганни олсангиз¸ Ленин ташкил қилган ўша Конституцияларни.

Озодлик: Демак¸ бугун вақт ўтиб портлаëтган бомба ўша вақтда қўйилган экан.

- Албатта. Бу асосан большевикларнинг иши¸ дейди Гога Ҳидоятов.


1990 Ўш-Ўзган фожеаси

Тарихчи олим Ҳидоятовга кўра¸ совет қуюшқони ичида турган Қирғизистон ҳукумати бу қуюшқон заифлашгани ҳамоно муаммолар гирдобида қолади.

1990 йили Қирғизистон жанубида ҳовли қуриш учун ерларни босиб олиш ҳаракатларидан чиққан низо миллий жанжалга айланиб кетади.

- 1990 йилларда асоий сабаб нима бўлган эди? Қирғиз конституциясига “Бутун Қирғизистон ерлари қирғизларники” деб бир жумла киритади. Ўзбеклар қаëққа кетади? Ўзбеклар Боткен¸ Жалолобод¸ Ўзган¸ Ўш ҳаммаси бирдан ерсиз қолади. Ўша пайтдаги воқеаларга асосий сабаб мана шу бўлган эди. Эсингизда бўлса¸ 1990 йилларда учрашув бўлган эди. Ўшанда “Конституция ўзгартирилади” деб келишишган эди. Кейин конституция ўзгартирилиб “Қирғизистоннинг ерлари бутун халқларнинг ерлари бўлади” деб ўшанда тинчитган эди¸ дейди Гога Ҳидоятов.

Ўшлик Равшан Ғафуров бу воқеаларга бундан 20 йил олдин гувоҳ бўлган эди.

- Ер масаласида бўлган. Бизда шаҳардаги энг катта корхона текстилний комбинат 11-12 минг одам ишлайдиган корхона эди. Ўшанинг атрофида ерлар бўларди. Яхши ерлар. Уй солгани жуда ҳам мос. Биз шу ерга уй соламиз¸ деб кириб келган. Албатта¸ бундан норозичилик чиққан. Катта ўтга кичкина гугурт дегандай ўша баҳона бўлган¸ дейди Равшан Ғафуров.

Дадахон Нурийга кўра ўтган асрдаги Ўш Ўзган фожеаси КГБнинг фитнаси эди.

- 1990 йилда ҳам худди шунақа воқеа бўлган. Уни кўпчилик ижодкорлар ҳам бориб нима қилишган. Ўша пайтда шу комиссиянинг ичида Нуриддин Акрамович Муҳиддинов ҳам бўлган. Хабаринглар бўлса керак. Ўша пайтда матбуот ҳам КГБ нинг иши деб ëзган. Бу сафар ҳам худди шу қайтариляпти¸ дейди Дадахон Нурий.

Бундан 20 йил олдинги фожиа ва бугунги қирғин сценарийси эгиз қўзилар каби бир-бирига ўхшайди¸ дейди 1990 йилги Ўш-Ўзган фожеаларини ўрганган журналист Анвар Усмонов.

- 20 йил олдин худди шу сценарий билан Ўш фожиаси¸ 5 июн куни Ўзган фожиаси ўтган. Лекин кўпроқ бўлди. Тоғдан мерганлар келди. Лекин ўша пайтда совет армияси бор эди. Совет армияси ўзбекларни сақлаган. Икки-уч кун ўтиб мен Ўзганда бўлдим. Филмлар олдик¸ мен бир неча мақолалар ëздим. 15 кундан кейин Қирғизистонга бирлашган тергов комиссия келди.МВД¸ КГБ¸ прокуратура. Унинг бошлиғи Калиниченко эди. Мен у билан учрашдим. Мен ўша пайтда ЦК КПСС газетасининг мухбири эдим. Шунинг учун мени қабул қилган. Менга Калиниченко “Анвар¸ бир нарса қилинглар Москвада. Бизнинг ахборотга Москвада ҳеч ким аҳамият бермайди” деб айтди. Ўша пайтда ҳам ҳеч ким аҳамият бермаган. Генштабда ишлаëтган Ачалов деган битта генерал бор эди. Ҳозирги Примаков бор. Булар Горбачëвга қарши кучлар. Улар Горбачëвга кўрсатиб “Марказий Осиëдаги чуркалар Кремлсиз яшай олмайди. Булар фақат урушади” деб жуда катта тошни ташлаганда. Бу ҳақиқатан планлаштирилган. Фарғона¸ Ўш фожиаларига қарасангиз¸ сценарий битта¸ дейди Анвар Усмонов.

Ëзувчи Дадахон Нурий ўтган асрнинг 90-йилларидаги ўзбек жамоатчилиги фаоллик билан можарога ечим излаганини элайди.

- Бу олдин ҳам уюштирилган. Ҳеч қачон қирғиз мана бунақа ўт қўйиш¸ нима дегани бўлмаган. Бу энди кимлардир томонидан махсус чопонлар кийдирилган бўладими¸ бу махсус подразделениенинг иши бўлса керак. Чингиз ака ўшанда жуда қаттиқ куюниб айтган. У киши ниҳоятда ғазабланган бундан. Ўзбек билан қирғизнинг орасида бу ҳеч қачон бўлмаган. Мен шуни яхши биламанки¸ Нуриддин Акрамович келиб биз ëзувчилар билан учрашуви бўлган. Шуни газетада ҳам эълон қилган. “Махсус кийинган¸ чопонлар кийган махсус подразделение томонидан уюштирилганлиги маълум бўлиб қолди. Улар қилар ишни қилиб йўқ бўлиб қолди. Бу ëғи эса ўт олаверди” деб газеталар ëзди. Мана бугун ҳам шу сценарий қайтарилди¸ дейди ўзбек ëзувчиси Дадахон Нурий.


Дарë бўйларида ëтиб йиғладим

деб ëзган эди Ўш воқеаларидан муттасир бўлган марҳум Шавкат Раҳмон. Орадан ўтган 20 йил давомида миллий сиëсат йўналишидаги саҳв хатолар боис бу фожиа бошқача кўлам билан яна қайтарилди¸ дейди ўшлик Равшан ака Ғаффоров.

- Орадан 20 йил ўтган бўлса ҳам ўша муаммолар шу бўйича қолган. Секин-секин келиб 20 йилдан кейин яна отилиб кетди¸ дейди Равшан ака Ғафуров.


Тарих нима деркан бизларга қараб....

Айни пайтларда қирғиз-ўзбек тарихининг янги саҳифалари Ўш ва Жалолободда оқаëтган қон билан ëзилмоқда. Бу тарих минглаб мобил телефонлару¸ видео ва фото объективларга муҳрланмоқда. Саноқсиз интернет нашрларида ëзилмоқда. Бу ëғи энди келажак муаррихларига ҳавола...

Сўнг сўз ўрнида марҳум ëзувчи Чингиз Айтматовдан иқтибос

Эзгулик салгина чекинса — бас, унинг ўрнига дарҳол ёвузлик мустаҳкамланиб олади. Афсуски, биз узоқ вақт бунга аҳамият бермадик. Тирик инсон яратувчилик ва бузғунчилик, ўйлаб ва ўйламасдан қилинадиган сон-саноқсиз ҳаракатлар манбаидир. Инсоннинг ички олами ниҳоятда мураккаб ва хавфли йўл-йўлаклардан иборат. Лекин, нима бўлишидан қатъий назар, қонхўрдан қонхўр туғилишини, ёвуз кимсадан ёвуз кимса туғилишини, манқуртчилик ва зомбичилик вабосини олдиндан бартараф этиш керак. Бу жамики инсониятнинг муқадддас бурчи ҳисобланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG