Линклар

Муваққат ҳукумат айбни бошқаларга тўнкашда давом этмоқда


Роза Ўтунбаева жанубдаги хунрезликлар учун бакиевларни айблашда давом этмоқда.

Роза Ўтунбаева жанубдаги хунрезликлар учун бакиевларни айблашда давом этмоқда.

Қирғизистон муваққат ҳукумати хунрезликларнинг асосий айбдорлари Бакиевлар оиласи эканини исботлашга уринмоқда. Айни пайтда¸ Бишкек фожиадаги ўз улушини - янги ҳукумат Қирғизистон фуқароларини ёлланма қотиллардан ҳимоя қила олмаганини эътироф этишни истамаëтир.


Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбоева 16 июндан бошлаб мотам эълон қилиниши ҳақида маълумот берар экан, Ўш ва Жалолободдаги хунрезликлар хориж давлатларидан ёлланган жанггарилар томонидан амалга оширилганини айтди.

Роза Ўтунбаевага кўра, бу ҳақда аниқ ва тасдиқланган маълумотлар бор. Масалан, латвиялик экани айтилаётган бир жанггари аёл ва яқин хориждан ёлланган снайперлар қўлга олинган.

- Бу хунрезликларда бир қатор амалдорларнинг ҳам қўли бор. Биз буларнинг ҳаммасини ҳали эълон қиламиз, деди Роза Ўтунбаева.

Бундан икки кун аввал Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати ҳам Ўш ва Жалолободдаги воқеалар ташкилотчиларидан бири сифатида таниқли сиёсатчилардан бири қўлга олинганини билдирган, аммо унинг исмини тергов манфаатлари туфайли ошкор қилмаган эди.

Мана шу фактлардан келиб чиққан ҳолда, Роза Ўтунбаева, айрим хориж оммавий ахборот воситалари ва ўшликлар орасида “Ўшда этник тозалаш содир этилмоқда, геноцид бўлмоқда”, деган иддаоларни рад этади.

- Бу ерда бир миллат геноциди ҳақида гап йўқ. Бу ерда мамлакат жанубида кўп миллатли Қирғизистон халқини қириш содир бўлди, деди Ўтунбаева.

Қирғизистон ўтиш даври президенти бу ёлланма жанггарилар гуруҳи Бакиев ва бакиевчилар томонидан ёлланганини, аслида ўзбек ва қирғиз халқларининг бир – бирларида хусумати йўқлигини таъкидлади.

- Бир-бирларига қондош, жондош бўлиб яшаб келган ўзбеклар ва қирғизлар бу вазиятда бир-бирларини қутқаргани тўғрисида жуда кўп фактларин кўрдингиз, эшитдингиз, деди журналистларга Роза Ўтунбаева.

Қирғизистон ҳукуматининг бошқа расмийлари ҳам Ўш ва Жалолободдаги хунрезликларни ташкил этишда ва молиялашда Бакиевлар оиласи ва бакиевчиларни айблайдилар. Масалан, муваққат ҳукумат раиси ўринбосари Алмазбек Атамбаевга кўра, Максим Бакиев Ўш воқеларини молиялашга бир неча ўн миллион доллар ажратгани ҳақида маълумот бор.

Бироқ Қирғизистон жанубидаги воқеаларни ташкиллашда Бакиевларни айблаётган муваққат ҳукумат, хунрезликларнинг олдини олишга ожизлик қилганини, қонли тўқнашувларнинг биринчи кунлари Қирғизистон фуқароларини ҳимоя қила олмаганини эътироф этишни истамаëтир.

Қирғизистон ўтиш даври президенти бунда ҳам бакиевчиларни айбдор, деб айтди. Роза Ўтунбаевага кўра, бугунги кунда мамлакат ҳуқуқ-тартибот тузилмаларини Бакиевга содиқ бўлган одамлар эгаллаб турибди ва улар бу хунрезликлардан манфаатдор эдилар.

Айни пайтда Белорусда бўлган Қурмонбек Бакиев эса муваққат ҳукуматнинг бундай иддаолари асоссиз эканини билдирди.

- Бу жанжални тўхтатиш, тезкорлик билан чора кўриш ўрнига маҳаллий ҳокимият, муваққат ҳукумат воқеани кўриб-кўрмасликка олди, вазият барқарор дегандай ҳаракат қилди. Бундай ҳаракат натижасини, мана, бугун кўриб турибмиз. Нобуд бўлганлар жуда кўп, ярадорлар ва қочқинлар ҳақида гапирмасам ҳам бўлади. Бундай вазиятда ўз айбини бировга юклаш уятлидир. Барча айбни менга, оиламга, яқинларимга ва аввалги амалдорларга юклашни тўхтатиш керак, деди Қурмонбек Бакиев.

Собиқ президент ва янги ҳукумат хунрезликларда бир-бирларини айблаётган бир пайтда Қирғизистондаги шаҳар ва қишлоқлари “болам”, “отам” “онам” деб бўзлаётганлар ноласига тўлган. Қирғиз тилида ҳам, ўзбек тилида ҳам бу сўзлар бир ҳилда айтилади.

Расмий маълумотларга кўра, Қирғизистон жанубидаги воқеаларда 187 киши нобуд бўлган. Норасмий маълумотларда эса уларнинг сони камида 2600 киши экани айтилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG