Линклар

Қирғизистон махсус хизматлари қирғин изларини йўқотишга киришдими?

  • Абдулла Искандар

Юз берган қирғин¸ хусусан унда ҳарбийларнинг иштироки акс этган сурат ва видеолар¸ маҳаллий журналистларга кўра¸ қирғиз махсус хизматлари томонидан овланмоқда.

Юз берган қирғин¸ хусусан унда ҳарбийларнинг иштироки акс этган сурат ва видеолар¸ маҳаллий журналистларга кўра¸ қирғиз махсус хизматлари томонидан овланмоқда.

Ўш ва Жалолободда юз берган даҳшатли воқеалар¸ асосан ўзбекларнинг қирғин қилинишига оид далил-ҳужжатларни тўплаëтган маҳаллий ҳуқуқ фаоллари ва журналистлар ҳам расмий идоралар¸ ҳам жанггари гуруҳлар нишонига айланмоқда.


Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Ўш ва Жалолободдаги ўзбек журналистларининг тазйиққа учраëтгани ўзбек газета ва телеканаллари талон тарож қилинганини қоралаб баëнот чиқарди. Баëнотда Ўш ТВ ва Мезон ТВ каналларининг ëпиб¸ талон тарож қилингани қораланади.

Бу баëнот чиқар-чиқмас Қирғизистондаги ўзбек тилида чоп қилинадиган Дийдор газетасининг бош муҳаррири¸ ўзбек жамоатчилигининг кўзга кўринган вакили Улуғбек Абдусаломов ва инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров вақтли ҳукумат тарафидан ҳибсга олинди.

Ўшда ўзбек телеканаллари шаҳар ҳокими буйруғига кўра ëпиб қўйилган ва бу каналларга оид техника ва видеоархив талон-тарож қилинаëтган бир пайтда, қирғиз тилидаги телеканаллар бемалол ишлаяпти, дейди Ўш ТВ журналисти. (бу хонимнинг исмини айтмасликни маъқул кўрдик)

- Конторамизга киришган. Конторамизда ҳеч нарса йўқ ҳозир. Студиямизга ҳам озгина нападение қилишган. Биз 11 июндан бери шаҳар мэри Мелис Мирзакматовнинг буйруғи билан эфирга чиқмаяпмиз. Лекин худди бизникига ўхшаган телекомпания¸ қирғизларнинг частный телекомпанияси Керемет ТВ эфирга чиқаяпти. Нимагадир уларга ҳеч қанақа хавф йўқ. Бизга бор¸ дейди Ўш ТВ журналисти.

Ўш ТВ директори Халил Худойбердиев эса кунора таҳлика ичида яшамоқда. “Сен қора рўйхатдасан¸ деб менга пўписа қилишди”¸ дейди суҳбатдош.

- Менга ҳам “эҳтиëт бўлинг” деб хабар келди. Ўш ТВ телекомпаниясининг директорини¸ Мезон ТВ телеконпаниясининг директорини иложи бўлса қўлга олинсин¸ дегандай. Лекин бу нарса ҳокимият томондан эмас экстремистлар тарафдан тарқатилаяпти экан¸ дейди Ўш ТВ директори Халил Худойбердиев.

Айни пайтда “ўзбекларга қарши қирғинни мувофиқлаштирди” деган иддаоларга сабаб бўлган Ўш ҳокими Мелис Мирзакматов буйруғига кўра Ўш ТВ ëпиқлигича қолмоқда¸ дейди Худойбердиев.

- Ҳозир бизда ишлаëтган болалар¸ бизнинг эфиримиз ҳозир йўқ. 11 июндан бошлаб мэрнинг буйруғи билан вешание тўхтатилган. Лекин жой-жойларда бизнинг болаларимиз видеога тушириб юришибди. Архив тўплашаяпти¸ дейди Ўш ТВ директори Халил Худойбердиев.

Ўшдаги Мезон ТВ эса тажовузга учради ва видеоархив ëқиб юборилди¸ дейди ТВ раҳбари Жавлон Мирзахўжаев.

Ўшдаги журналистик доираларга яқин бир манбанинг Озодликка айтишича¸ Қирғизистон СНБси қонли қирғин изларини йўқотиш мақсадида ахборотга эга одамлар овини бошлаган.

- СНБдан¸ милициядан махсус хизматлар информация бор одамларни ўғирлаб чиқиб кетиб қолаяпти. Милиция формасидагилар келишиб изларини йўқотиш мақсадида булар ҳозир ўлганлар сонини камроқ айтаяпти. Биз Черемушкининг пастроғида¸ бу томонида яшаймиз. Жума куни Черемушкида қаттиқ бир нима бўлган. У ердан шу кунгача бўлган ишлардан кейин яна мурдаларни олиб келишни бошлади. Энди уларни мурда ҳам деб бўлмайди. Куйиб кетган шунақа бир¸ дейди Ўшдаги журналистик доираларга яқин бир манба.

Инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев тасарруфидаги маълумотга кўра¸ Ўш ва Жалолободдаги ўзбек журналистлари ва жамоатчилик фаоллари қирғиз махсус кучлари нишонига айланган.

- Кеча соат 11 га яқин Жалолобод вилояти “Воздух” инсон ҳуқуқлари ташкилоти бошлиғи Азимжон Асқаровни Бозорқўрғон райони ички ишлар бўлимига олиб кетишган. Бу тўғрисидаги маълумотни мен Азимжон Асқаров билан ишлайдиган¸ ҳозирда Андижон вилояти Пахтаобод туманида қочқин мақомида юрган Феруза Тошпўлатовадан олдим. У телефонда боғланиб турган экан. Азимжон Асқаров қамоққа олингандан кейин ҳеч қанча ўтмасдан унинг уйига ҳарбий кийимдаги юзига ниқоб тортган бир тўда шахслар келишган. Дарвозани тақиллатишганда¸ ичкаридан Азимжоннинг хотини “Нима гап?” деб жавоб берса¸ “Биз вилоят Ички ишлар бошқармасиданмиз. Азим аканинг фото ва видеокамераларини беринг” деганда “ҳозир¸ ҳозир” деб қўшниникилар орқали қочган. Қочганидан бир неча минут ўтмасдан Калашников автомати билан очеред шаклида ўқ отишиб¸ дарвозани бузиб киришиб уйларни ағдар-тўнтар қилган дейди.

Ўзбек диаспорасининг фаолларидан Мунира Мамадалиеванинг айтишича¸ у ҳам ҳозир Пахтаобод туманидаги пахта заводда ташкил қилинган қочқинлар лагерида яшаяпти. У ҳам ҳамкасблари билан телефонда гаплашиб турибди. Унинг гапи бўйича ўзбекларнинг ҳамма фаолларига қидирув эълон қилиб қидиришаяпти. Шунча қотилликлар содир қилган¸ 5 яшарлик ëш қизларни ўлдириб ëқиб юборган қирғиз қотилларининг бирортаси қидирилаëтгани йўқ. Қотилликларни ҳозирги дақиқагача амалга ошириб юришибди. Лекин ўзбек фаолларига ҳақиқий бир ов эълон қилинган. Шу ов бўйича қидириб қамашаяпти ëки отиб ўлдиришаяпти. Яқинда мен олган хабаримга кўра¸ буни Азимжон Асқаровнинг ўғлидан олдим¸ маҳаллий жалолободлик адвокатлар Азимжонннинг олдига кирамиз деб район Ички ишлар бўлимига қараб юришса¸ қуролланган қирғиз ëшлари уларга қарата ўқ отиб¸ уларни Ички ишлар бўлимига яқинлаштирмаган¸ дейди инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашев.

Сешанба куни ўшлик инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров ва “Дийдор” газетаси муҳаррири Улуғбек Абдусаломовнинг қамоққа олингани юзадан хавотирли маълумотни Ўшда туриб маълумот йиғаëтган халқаро инсон ҳуқуқлари вакилларидан олдик.

Бу маълумотларни ўрганиш пайтида Қирғизстон Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари ¸ Жалолобод коменданти Қубатбек Бойбўловга бу юзадан савол бериш имкони пайдо бўлди.

“Вақтли ҳукумат қирғин изларини йўқотишга киришмоқдами?” деган саволимизга қирғиз мулозими жавоб бермади.

Нега “Дийдор” газетасининг бош муҳаррири ўзбек жамоатчилигининг кўзга кўринган вакили Улуғбек Абдусаломов ва инсон ҳуқуқлари фаоли Азимжон Асқаров вақтли ҳукумат тарафидан ҳибсга олингани ҳақидаги саволимизга жавоб берган қирғиз мулозими “Ҳеч ким асоссиз қамалмайди” деган мужмал жавоб берди.

“Улуғбек Абдусаломов ва бошқа ўзбек инсон ҳуқуқлари фаоллари нега қамалди?” деган саволимизга қирғиз мулозими “Битта инсон ҳуқуқи фаоли қамалса¸ ҳамма фаоллар қамалди дегани эмас. Қолаверса¸ инсон ҳуқуқлари фаоллари авлиë эмас” деб жавоб қайтарди.

Айни пайтда¸ Ўш ва Жалолободдаги қирғин тасвирга туширилган видеолавҳалар YouTube.com сайтидан ғойиб бўлмоқда. Озодлик бу ҳодиса ортидаги сабабларни ўрганишга уринмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG