Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 05:50

Ўшликларни ўзбек чегарасига етказиш даромад манбаига айланмоқда


Айрим хабарларга кўра¸ ўзбек қизларини Ўзбекистон чегарасигача олиб бориш учун 500 дан 2000 долларгача ҳақ сўралмоқда.
Айрим хабарларга кўра¸ ўзбек қизларини Ўзбекистон чегарасигача олиб бориш учун 500 дан 2000 долларгача ҳақ сўралмоқда.

Қирғизистон жанубидаги айрим ҳарбийлар олти кундан бери давом этаётган хунрезликлардан қочишга уринаётган ўзбекларни Ўзбекистон чегарасигача олиб бориб қўйиш учун пул талаб қилмоқда. Бу ҳақда Ўшда қуршовда қолиб кетган ўзбеклар маълум қилишди.


Ўшда ўзбекларга ҳужум қилаётган оломон ва Қирғизистон армияси формасини кийиб олганлар қуршовида қолиб кетганлар орасида Ўшга тадбиркорлик юмуши билан келган тўрт нафар Ўзбекистон фуқароси ҳам бор.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан бу суҳбатдошимизнинг исмини келтирмаймиз.

Унинг айтишича, зўравонликларнинг биринчи кунлариданоқ ўзбекларни чегарача олиб бориб қўйиш қирғиз ҳарбийлари учун мўмайгина даромад манбаига айланган.

"Бизни зўравонликлар ўчоғидан олиб чиқишга ҳаракат қилаётган қариндошларимиз Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасида қирғиз ҳарбийларига мурожаат қилишди", деб бошлайди гапини суҳбатдошимиз.

- У ҳарбийларга чегарада турган қариндош-уруғларимиз чиқишди. Улар ҳам тўрт кундан бери жинни бўлиб қолай дейишаяпти. Улар ҳам тўрт кундан бери ўша ерда ўтириб бизни бу ердан олиб чиқиш йўлларини излашмоқда. Бу ердаги ҳамкорларимизнинг биттаси Тожикистон фуқароси¸ биттаси Ўзбекистон фуқароси. Улар иккинчи куни чиқиб кетишди¸ дейди суҳбатдошимиз.

Ҳарбийлар 500 АҚШ доллари эвазига кўрсатадиган хизматларга мана булар киради:

- Ҳар биттасига жавоб беришади. Атрофимизда постми¸ батальонми турибдию. Улар ҳам отишаяптику.

Озодлик: Ҳарбийлар ҳақиқатан ҳам одамларга отишаяптими?

- Ҳа. Здесь ужасно. Кеча тинч деган пайтда биздан уч километр узоқдаги маҳаллани олишиб¸ у ердаги аëллар ва қизларни зўрлашиб¸ эркакларни ўлдиришди¸ дейди суҳбатдошимиз.

Суҳбатдошимиз ва у билан қолаётган уч нафар Ўзбекистон фуқароси 25-27 ёшлардаги қизлар. Эркак ҳамкорларимизни чегарагача элтиб қўйиш учун 500 доллар олган ҳарбийлар, бизга бу хизматлар 2000 долларга тушишини айтмоқда, дейди яна суҳбатдошимиз.

- Бизни бу ердан чегарача олиб бориб қўйиш учун ҳар биримиздан 2000 доллардан сўрашди. Нега бундай катта нарх сўрашганини эса, бизнинг биринчидан қизлар эканимиз билан тушунтиришди. Ҳамкорларимиз йигитлар бўлгани учун улардан 500 доллардан олишди. Ҳозир эса ўзбек қизларини зўрлаш ҳоллари кўпайиб кетгани боис, бизни нафақат тирик ҳолда олиб бориб қўйиш, балки йўлда биров номусимизга тегмаслиги кафолатлангани учун биздан каттароқ ҳақ сўралмоқда, дейди олти кундан бери Ўшда ертўлада емак ва сувсиз жон сақлаётган Ўзбекистон фуқароси.

Айни пайтда, Ўшнинг Помир кўчасида истиқомат қиладиган ўзбеклардан бири кейинги кунларда ҳарбий кийимдаги кимсаларнинг алдов йўли билан аёллар ва болаларни гаровга олаётгани ҳақида гапириб берди.

- Помир кўчаси деган кўчамиз бор. Ҳозир ўзбек-қирғиз чегарасига боришни истаганлар жуда ҳам кўп. Ëрдам сўраб мурожаат қилишганда иккита бусикда келишган. “Сизларни Дўстлик ўзбек-қирғиз чегарасига олиб бориб қўямиз” дейишган. У ëққа энди эркаклар чиқиб кетаëтгани йўқ. У ëққа фақат аëллар¸ ëш болалар¸ қариялар чиқиб кетаяпти. Эркаклардан бўлса ярадорлар чиқиб кетаяпти. Ҳаммасини солганда¸ Қурмонжон Додҳо колхози деган жойимиз бор¸ ўша ерга олиб бориб¸ бир жойга қамаб гаровда ушлаб туришган экан. Гаровга олгандан кейин товон пули сўраяпти. Масалан¸ битта қизни 500 долларга қайтиб сотиб олишганини биламан мен¸ дейди ўшлик суҳбатдошларимиздан бири.

Қирғизистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, ҳозирда Жалолободда комендантлик қилаётган Қубат Бойбўлов, Озодлик радиосининг бу ҳолатни изоҳлаб бериш сўровига, мен Жалолободдаги вазиятга жавоб бераман, дея гапни қисқа қилди.

Қирғизистон Муваққат Мудофаа вазири Исмоил Исоқовга ҳам масала юзасидан изоҳ беришни сўраб кун давомида бир неча марта мурожаат қилдик. Исоқов қўл телефонига жавоб берган ва ўзини унинг ёрдамчиси, деб таништирган киши бундай деди.

- Бўлди, бошқа бу ерга телефон қилманг. Истасангиз¸ Ўшга мухбирингизни юборинг. Бўлди вақтимни олманг, деди Қирғизистон Муваққат Мудофаа вазирининг ёрдамчиси.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр, бугун ўта қийин иқтисодий ва сиёсий аҳволда қолган Қирғизистон ҳарбийлари фурсатдан фойдаланиб, пул ишлаб олишга ҳаракат қилаётганига шубҳа қилмайди. Таҳлилчи бундай ҳолатлар Африканинг қашшоқ мамлакатларида рўй берган этник можароларда кузатилганини эслатади.

- Африкада турли можаролар рўй берганда бундай ҳоллар кўп учраган. Масалан, Руанда, Конго, Кот-де-Уар ёки Сьера Леоне каби мамлакатларда бундай этник хунрезликлар рўй берганда¸ ҳукумат қўшинлари бунда фаол иштирок этган ва қочқинлар ҳисобидан мўмайгина пул ишлаб олишдан ҳазар қилмаган. Қирғизистонда бу ҳолатнинг такрорланиши эса, қирғиз куч ишлатар тизимлари ва умуман Қирғиз давлатчилиги қандай аҳволда эканини кўрсатади. Бу Қирғизистон ўз давлатчилигини йўқотиш ёқасига келиб қолганини англатади, дейди россиялик ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.
XS
SM
MD
LG