Линклар

"Бу миллатлараро можаро эмас¸ ҳокимият учун курашдир!"

  • Озодлик

Ўш ва Жалолободда аксар ўзбек маҳалларининг кули кўкка совурилиб¸ юз минглаб ўзбек Ўзбекистон чегарасига қочиб кетишга мажбур бўлгандан кейин муваққат ҳукумат расмийлари вазият назорат остида эканини даъво қилмоқда.

Ўш ва Жалолободда аксар ўзбек маҳалларининг кули кўкка совурилиб¸ юз минглаб ўзбек Ўзбекистон чегарасига қочиб кетишга мажбур бўлгандан кейин муваққат ҳукумат расмийлари вазият назорат остида эканини даъво қилмоқда.

16 июн куни Озодлик радиосининг қирғиз, ўзбек ва тожик хизматлари саволларига жавоб берган Қирғизистон республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати бошлиғи ўринбосари, Жалолобод вилояти коменданти Қубатбек Бойбўлов мамлакат жанубидаги жорий вазият юзасидан ана шундай баëнот берди.



Қирғиз хизмати: Жалолободдаги вазият қандай?

Қубат Бойбўлов: Жалолободда ҳозир тинчлик, халқ кўчаларга чиқди, дўконлар очилди. Ўқ овози йўқ. Биз ҳозир гуманитар ёрдамни етказиш, қочқинларни уйларига қайтариш ва шу каби бошқа масалалар билан бандмиз.

Ўзбек хизмати: Ўшдаги вазият қандай?

Қубат Бойбўлов: Мен Жалолобод учун масъулман. Ўш бўйича бир нарса деёлмайман. Биламан, лекин айтолмайман.

Ўзбек хизмати: Жалолободнинг Бозорқўрғон, Советский кўчаларида отишма бўлаяпти, яна ўзбекларни отишяпти, деган хатни ҳозиргина олдик...

Қубат Бойбўлов: Бу ёлғон. Ҳеч қандай отишма йўқ.

Ўзбек хизмати: Кейинги 2 кун ичида Жалолободдаги вазият оғирлашди, бир кунда камида 700 ўзбек ўлдирилди, деган хабарлар келаяпти. Бунга нима дейсиз?

Қубат Бойбўлов: Бу қип-қизил ёлғон. Икки кундан бери бирон марта ҳам отишма бўлгани йўқ.

Ўзбек хизмати: Яна бир хабарга кўра, шу кунда маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар қўлга олинаётганмиш. Масалан, Азимжон Асқаров, Улуғбек Абдусаломовларни қўлга олибсизлар. Вазият шундай оғир пайтда уларни нега қўлга олдиларингиз?

Қубат Бойбўлов: Мен сизни ишонтириб айтаманки, етарли асосларсиз биронта ҳам киши ушланаётгани йўқ, ушланмайди ҳам. Бас, қўлга олган эканмиз, бунинг учун етарли асосларимиз бор.

Ўзбек хизмати: Масалан, Улуғбек Абдусаломовни қўлга олишга нима асос бўлди?

Қубат Бойбўлов: Оммавий қўлга олишлар давом этаётган бир пайтда мен ҳар бир ҳолатни шарҳлай олмайман. Прокуратура бор, милиция бор. Асослар улар қўлида. Тергов ҳаракатлари тугагач, жаҳон оммавий ахборот воситаларини натижалар билан таништирамиз.

Ўзбек хизмати: Навбатдаги саволимизга Жалолобод вилояти коменданти сифатида эмас, мамлакат Миллий Хавфсизлик Хизмати бошлиғи ўринбосари сифатида жавоб берсангиз. Кеча радиомизга Ўш шаҳри мэри ўринбосари Темур Қамчибеков интервью берди. У Ўш шаҳар мэри Мирзакматовни миллий низо чиқаришда айблади. Мэрнинг бошқа бир ўринбосари – Аманбаев ҳам бошқа бир ахборот воситасига Қамчибеков айтган гапни айтди. Бу баёнотларни қандай шарҳлаган бўлардингиз?

Қубат Бойбўлов: Республика махсус хизмати бошлиғи ўринбосари лавозимига мен Жалолободга жўнаб кетишимдан 2 соат олдин тайинланганман. Ва шу кунларда мен фақат Жалолобод вилояти муаммолари билан шуғулланяпман. Ўшда нима ишлар бўлаётганини, қайси амалдор қанақа баёнот бераётганини мен ҳозир шарҳлай олмайман. Чунки ўзимнинг янги лавозимимга оид ишлар билан ҳали шуғулланганим йўқ.

Ўзбек хизмати: Шаҳар ҳокими ўринбосарлари Темур Қамчибеков ва Бақит Аманбаевларнинг баёнотлари зудлик билан муносабат билдирилиши шарт бўлган баёнотлардан бўлса керак, деб ўйлайман...

Қубат Бойбўлов: Биз зудлик билан муносабат билдирамиз. Агар етарли асослар бўлса, қўлга олинади. Агар етарли асос бўлмаса, жиноят иши очилмайди. Тамом-вассалом.

Ўзбек хизмати: Бояроқдаги мавзуга қайтсак, ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишича, куч ишлатар идоралар ходимлари Ўшда ҳам, Жалолободда ҳам жиноят изларини яширишни бошлади, улар аҳоли ва журналистлар томонидан фожиа тасвири туширилган суратлар ва видеоматериалларни одамлардан тортиб олмоқда.

Қубат Бойбўлов: Саволларингиздан менда сизни катта фожеанинг баъзи кўринишларигина қизиқтирмоқда эканда, деган таассурот пайдо бўлмоқда. Саволларингизга жавоб беришга розилик берар эканман, сизларни бу фожианинг келиб чиқиш сабаблари қизиқтирса керак, деб ўйлагандим. Агар сизларни айрим жузъий масалалар қизиқтирса, прокурорга мурожаат қилишни маслаҳат берган бўлардим.

Тожик хизмати: Муҳтарам жаноб Бойбўлов, кеча Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги сизнинг Ўш воқеаларида тожикистонлик ёлланма жанггарилар иштирок этгани тўғрисидаги баёнотингизни рад этди. Сиз, чиндан ҳам шундай эканлиги, яъни тожикистонликларнинг иштироки тўғрисида кўпроқ маълумот бера оласизми?

Қубат Бойбўлов: Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги у ёки бу баёнотни рад этишдан олдин шундай баёнот қилинган-қилинмаганини текшириб кўрса¸ яхши бўларди. Шундоқ телефонни кўтариб, менинг ўзимдан сўрасалар бўлди эди. Мен ундай деганим йўқ. Қаердан олишибди?

Тожик хизмати: Хабарни ИТАР-ТАСС ва бошқа агентликлар тарқатган.

Қубат Бойбўлов: ИТАР-ТАСС қаердан олгани менга маълум эмас.

Тожик хизмати: Демак, бундай баёнот берганинингизни инкор этасиз?

Қубат Бойбўлов: Мен сўзга инжиқ одамман ва етарли асосларим бўлмаган нарса ҳақида ҳеч қачон гапирмайман.

Ўзбек хизмати: Айтмаганингиз - бундай фактлар бўлмаган, деганими?

Қубат Бойбўлов: Дегани эмас, дегани эмас. Етарли асослар пайдо бўлганида, етарли далилларни қўлга киритганимизда бу ҳақда бутун дунёга эълон қиламиз.

Тожик хизмати: Шу онда ўшандай далиллар йўқ, деб ҳисоблаш мумкинми?

Қубат Бойбўлов: Фактлар бор, лекин ҳозирча далиллар йўқ. Бу ҳақда баёнот бериш учун биз қўлимиздаги материалларни таҳлил қилиб чиқишимиз керак.

Тожик хизмати: Сиз гапирмаган бўлсангиз, бундай гаплар қаердан ва қандай мақсадда пайдо бўлмоқда?

Қубат Бойбўлов: Қаердан пайдо бўлаётганини билмайман. "Эхо Москви" радиосида журналист Аркадий Дубнов шундай фактлар борлиги тўғрисида гапирди. Мен фақат Жалолободдаги вазиятни биламан. Балки Ўшда шундай далиллар бордир.

Ўзбек хизмати: Гуманитар ёрдамни жойларга етказиб бериш ёмон ташкил қилинганидан шикоятлар келиб тушаяпти.

Қубат Бойбўлов: Ким сизга шундай деяпти? Гуманитар ёрдамни етказиш эндигина бошланяптику? Сизга ҳозирданоқ шикоят келиб туша қолдими?

Ўзбек хизмати: Ҳа, келиб тушмоқда. Масалан, Ўшнинг Южний шаҳарчасидан.

Шу ўринда Қирғиз хизмати мухбири жаноб Бойбўловнинг Ўшга масъул эмаслигини ёдимизга солди ва биз саволни қайтиб олдик. Лекин жаноб Бойбўлов саволимизга жавобан бундай деди:

- Ҳурматли журналистлар, маълумот манбаларингиз сизга ёлғон информация бермоқда. Шунинг учун манбаларингизни алмаштиришни тавсия қиламан.

Ўшда баъзи ҳарбийлар одамларни хавфли жойлардан хавфсиз жойларга кўчириб қўйишни пул ишлаш манбаига айлантириб олгани тўғрисидаги хабарлардан пайдо бўлган саволимиз ҳам жаноб Бойбўловнинг Ўшдаги вазиятга масъул эмаслиги боис жавобсиз қолди. Бу савол Ўзбек хизмати жаноб Бойбўловга Миллий хавфсизлик хизмати бошлиғи ўринбосари бўлгани учун берилган эди.

Тожик хизмати: Унда саволни бошқача қўямиз. Сизга бўйсунувчи ҳукумат кучлари шу кунда нима иш билан банд?

Қубат Бойбўлов: Милиция ҳуқуқ-тартибот ишлари билан, прокуратура ҳуқуқбузарлик ҳолатлари билан, шаҳар коммунал хизматлари коммунал хизмат билан шуғулланаяпти. Гуманитар масалалар билан шуғулланадиган хизматлар бор. Тиббиёт хизматлари тиббий хизмат билан шуғулланаяпти... давом этаверайми?

Тожик хизмати: Конкретроқ гапирсангиз яхши бўларди. Айтганларингизни Жалолободдаги воқеаларнинг такрорланиши учун шароит қолмади, деб тушунса бўладими?

Қубат Бойбўлов: Биз шу йўналишда ишлаяпмиз.

Ўзбек хизмати: Ўш воқеасида БТРлар демайлик, майли, бир БТР бўлқолсин, ўша БТРни миниб олган қуролли гуруҳ қатнашгани кузатилди. Кейин БТРдагилар Жалолободга кетди, шекилли, ҳар ҳолда Ўш бироз тинчиган бўлиб, Жалолободда бошланди. Ушландими ўша гуруҳ ёки гуруҳнинг баъзи аъзолари? Уларнинг қўлига БТР қандай қилиб тушиб қолди?

Қубат Бойбўлов: Ўша гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Ушланди. Улар берган кўрсатмалар ва бошқа манбалардан олинган кўрсатмалардан келиб чиқиб, бизда Бакиевлар оиласининг баъзи аъзолари, хусусан, акасининг ўғли Бакиев Санжар, собиқ Ички ишлар вазирининг энг яқин ёрдамчиси ва бошқалар одамларга пул тарқатган ва уларни фаол қуролли ҳаракатларга ундаган, деган фикрга келишимизга асослар бор, дея оламиз. Бу фактлар етарлича асосга эга. Ва уларни далилловчи гувоҳлар кўрсатмалари бор.

Қирғиз хизмати: Хавфсизлик хизматининг тажрибали ходими сифатида айтсангиз, бу тўполонлар ортида ким турибди?

Қубат Бойбўлов: Менда фактлар, воқеалар ва гувоҳлар кўрсатмалари билан тасдиқланувчи етарли асосларим борки, бу тўполонлар миллатлараро муаммо эмас, миллатлараро можаро эмас. Бу кўпроқ сиёсий зиддиятдир. Бу ҳокимият учун курашдир. Собиқ президент Бакиевнинг атрофидагилар ҳокимиятни тортиб олишга, ҳокимият тепасига қайтиб келишга ҳаракат қилди ва улар миллатлараро низони қўзғаб қўйди. Натижада кўплаб қурбонларга сабаб бўлган шу кундаги воқеалар бошланиб кетди.

Қирғиз хизмати: Демак, бу воқеалар ортида Бакиев одамлари турибди, деган фикрдасиз?

Қубат Бойбўлов: Ҳа, атрофидагилар ҳамда собиқ режим охуридан ем еган амалдорлар турибди.

Қирғиз хизмати: Чет эллик ва маҳаллий экспертлар фикрича, Бакиевчилар тўполонлар ортида турган кучнинг бир қисми холос, улардан ташқари исломчи экстремистлар, наркобаронлар бор...

Қубат Бойбўлов: Исломчи экстремистлар иштирокига оид менинг қўлимда фактлар йўқ. Бакиев режими билан боғлиқ бўлмаган кучларнинг ҳам фурсатдан фойдаланиб ҳокимият тепасига келиб олишга ҳаракат қилаётганини далилловчи асослар бор.

Қирғиз хизмати: Кеча Фарғона. ру сайтида чиққан хабарга кўра, провокаторлар ва снайперлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Чеченистондан ёлланмалар, улар орасида руслар ҳам бўлган. Бу хабар воқеликка қай даражада мос?

Қубат Бойбўлов: Ўзбеклар орасидаям ҳам қирғизларга, ҳам ўзбекларга қараб ўқ отган провокаторлар бўлди. Чунки Бакиев режимига хайрихоҳ бўлган экстремистлар ўзбеклар орасида ҳам оз эмас.

Қирғиз хизмати: Кейинги кунларда информация уруши кетаяпти. Хориждаги кўплаб босма матбуот текширилмаган маълумотларни эълон қилмоқда. Бу ҳолат, афсуски, бизнинг радиода ҳам кузатилмоқда.

Қубат Бойбўлов: Кўп ҳолатларда текширилмаган, оз текширилган, бир томонлама маълумотлар эълон қилинмоқда ва мен нима учун бундай қилинаётганини билмайман. Моҳият шундаки, собиқ ҳокимият тарафдорлари ва ҳокимиятга келмоқчилар нияти референдум ва сайловни йўққа чиқариш, сиёсий майдонни тозалаш ва ҳокимият тепасига келишдир. Бу шундоққина сувнинг устида кўриниб турган нарсаку?!

Қирғиз хизмати: Қўлга олинганлар устидан тергов кетаётганини, улар ТВ орқали халққа кўрсатилишини ваъда қилгандингиз. Қачон бўлади шу иш?

Қубат Бойбўлов: Кўрсатамиз. Фақат, ҳозирча, менинг ўзим ҳам, бошқа масъул ходимлар ҳам кечиктириб бўлмайдиган масалаларни ҳал қилиш билан бандмиз.

Тожик хизмати: Жаноб Бойбўлов, сиз бояроқ оммавий қўлга олишлар тўғрисида гапирдингиз. Ҳаммаси бўлиб қанча одам қўлга олинди?

Қубат Бойбўлов: Мен оммавий демадим. Етарли миқдорда қўлга олинди.

Тожик хизмати: Юзтами, мингтами, икки мингтами?

Ўзбек хизмати: Иннайкейин "етарлича", деганингизни қандай тушуниш керак?

Қубат Бойбўлов: Йўқ, рақам айта олмайман.

Ўзбек хизмати: Ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистларданчи?

Қубат Бойбўлов: Агар битта ҳуқуқ ҳимоячиси ушланган бўлса, бу ҳуқуқ ҳимоячиларининг ҳаммаси ушланди, дегани эмас.

Ўзбек хизмати: Миллати ўзбек ҳуқуқ ҳимоячиси қўлга олиндида?

Қубат Бойбўлов: Қолаверса, ҳуқуқ ҳимоячилари авлиё эмас, қонун бузса, уларниям ушлайверамиз.

Тожик хизмати: Яқин кунлар ёки ҳафталарда Жалолободдаги вазият қай томонга ўзгаришини кутаяпсиз?

Қубат Бойбўлов: Жалолободдаги вазият назоратимиз остида. Ҳаммаси изга тушиб кетади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG