Линклар

АҚШ Қирғизистонга 6¸5 миллион долларлик ёрдам беради


Қўшма Штатлар гуманитар мақсадлар ва Қирғизистонда вазиятни барқарорлаштириш учун 6¸5 миллион долларлик ёрдамни ваъда қилмоқда. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Филип Кроули Вашингтондаги брифинг чоғида маълум қилди.

- Қўшма Штатлар ҳозир инсонпарварлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадлари учун 6¸5 миллион доллар ажратишга рози бўлди. Бу маблағлар АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги - USAID орқали берилади. Биз Қирғизистон эҳтиёжлари ва қочқинлар вазиятини кузатишда давом этамиз ва агар лозим бўлса яна қўшимча ёрдамларни берамиз, деди Кроули.

Минтақага сафар қилаётган АҚШнинг Марказий Осиё бўйича элчиси Роберт Блэйк кеча ўзбек-қирғиз чегара ҳудудига бориб Ўзбекистонга ўтган қочқинлар билан учрашди. Блэйк жума ва шанба кунлари Бишкекда Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари билан учрашиб, мамлакат эҳтиёжларини ўрганиши кутиляпти.

Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги зўравонликларнинг олтинчи кунида қурбонлар сони 180 дан ортган. 2000 га яқин киши тиббий ёрдам сўраб, шифохоналарга мурожаат этган.

Аммо халқаро кузатувчиларнинг билдиришича, кўплаб марҳумларнинг яқинлари расмий идораларни хабардор қилмасдан, ўликларни дафн этиб юборишаётгани боис¸ ҳақиқий рақамлар бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин.
XS
SM
MD
LG