Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:38

Ўш ва Жалолободда вазият барқарорлашаяпти. 17 июн хроникаси


Ўшга инсонпарварлик ёрдамлари етиб кела бошлади.
Ўшга инсонпарварлик ёрдамлари етиб кела бошлади.

Расмий маълумотларга қараганда Ўш ва Жалолободда вазият нисбатан барқарорлашиб бормоқда. Шаҳарнинг у ёки бу қисмида баъзан ўқ овозларини эшитиш мумкин. Хабарларга кўра, бу ҳарбийлар томонидан ҳавога қарата отилаётган огоҳлантирувчи ўқдир.


18:00.
БМТ расмийси Қирғизистон жанубида содир бўлган қирғинлар оқибатида 400 минг одам мамлакатни тарк этишга ёки хавфсиз жойларга қочишга мажбур бўлганини айтди.

Гуманитар масалалар бўйича БМТ идораси матбуот вакили Элизабет Бирс Ўзбекистон ҳудудидан бошпана топган қочқинлар сони “75 мингдан 100 минггача экани ва бу рақам фақат катталарни ўз ичига олиши”ни айтди.

17.30.
Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун Ўш ва Жалолободдаги воқеалар сабаблари бир қанча бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни билдирди.

Унинг айтишича, воқеалар бошланиши куни Ўш яқинидаги Фурқат қишлоғидаги қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам соат 5 да айтиладиган бомдод номози азони тунги соат 2 да айтилганини эшитишган.

- Жанубдаги хунрезликлар сабаблари бир нечта экани тахмин қилинмоқда. Айримлар бу воқеалар қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасидаги муштлашув туфайли бошланганини айтадилар. Қирғиз аҳолиси томонидан айтилаётган иккинчи тахминга кўра, ўзбеклар бу жанжалга бир неча ой мобайнида тайёргарлик кўришган ва Ўзбекистон билан мунтазам алоқада бўлишган. Кенг тарқалган учинчи тахминга кўра¸ эса, бу хунрезлик ташқи кучлар томонидан ташкилланган, деди Обмудсмен.

Унинг айтишича, 13 июндан 14 июнга ўтар кечаси Ўшнинг “Оқ тилек”, “Тўлайкан” микрорайонларида ҳарбий кийимдаги одамлар “Намангандан қирғизларни сўйиш учун ўзбеклар келаяпти” деган ваҳимани тарқатиб, ғойиб бўлишган. Ҳарбийча кийимдагилар орасида халққа қарши ўқ отиб, кейин кўздан ғойиб бўлганлари ҳам бўлган. Турсунбек Акунга кўра, ўқ отганлар ҳарбий формада бўлган ва уларнинг ким экани шу кунгача аниқланмаган.

Қирғизистон Омбудсмени 12 июндан 16 июнгача Ўшдаги вазиятни мониторинг қилган.



14.00.
Муваққат ҳукумат матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, айни пайтда Ўшда тўртта нуқтадан тинч аҳолига қарата мўлжалли ўқ отилмоқда. Ҳарбийлар бу нуқталарни аниқлаш ва йўқ қилиш борасида амалиёт ўтказмоқда.

Ҳуқуқ-тартибот тузилмалари томонидан теширилган бир қатор машиналардан қурол ва портловчи мосламалар мусодара қилинган. Уюшган жиноятчи гуруҳларнинг 5 аъзоси хунрезликларда иштирок этганлик айби билан қамоққа олинган.

Ўшда электр ва газ таъминотини тиклаш мақсадида таъмир ишлари олиб борилмоқда.


13.55.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, Ўшда вилоятлар аро болалар клиник шифохонаси хирурги Жусуп Акматов номаълум шахслар томонидан гаровга олинган. Айни пайтда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уни қидирмоқда.

Норасмий маълумотларга қараганда, айни пайтда Ўш ва Жалолободнинг турли бурчакларида ҳар икки томондан гаровга олинган одамлар бор.



13.50:
Жалолободда қурбон бўлганларни дафн этиш ва бу билан боғлиқ маросимлар давом этаяпти. Энг сўнгги хабарларга қараганда Жалолобод марказий бозори қайта ишга тушган. Кичик озиқ-овқат дўконлари ҳам ишламоқда.

11.00: 11 июндан то шунга қадар Ўш ва Жалолобод вилоятларида 300 та ёнғин расман рўйхатга олинган. Улардан фақат 93 тасини ўчиришга муваффақ бўлинган. Ёнғинларда 100 нафар одам жабр тортган.

Ўш ва Жалолободга Қирғизистоннинг барча туман ва шаҳарларидан инсонпарварлик ёрдами жўнатилмоқда. Бироқ бу ёрдам етишмаётгани сабабли оч қолаётган оилалар ҳам кўпчиликни ташкил қилади.

9.00: Ўш ва Жалолободда тун осойишта ўтгани расман хабар қилинди. Ўшда аҳолини иссиқ овқат билан таъминлаш мақсадида кўчма ошхоналар ташкил қилинган.

Ўшдаги кўчма ошхоналар манзили ва телефонлари
: Ленин кўчаси, 353 уй, телефон: 0770 556 055, Навойи кўчаси, 50 А уй, телефон: 0770 556 055
XS
SM
MD
LG