Линклар

Қирғизистонга юборилаëтган гуманитар ëрдам муҳтожларга етиб бормаëтир


Ўшга етиб келаëтган халқаро гуманитар ëрдам¸ оддий одамлар ишончига кўра¸ шахсан Ўш мэри бошчилигида талон-тарож қилинмоқда.

Ўшга етиб келаëтган халқаро гуманитар ëрдам¸ оддий одамлар ишончига кўра¸ шахсан Ўш мэри бошчилигида талон-тарож қилинмоқда.

Халқаро ташкилот ва ҳукуматлар Қирғизистон жанубида бир ҳафтадан бери давом этаëтган зўравонликлардан жабр кўрган ва қирғин оқибатида ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган аҳолига гуманитар ëрдам юбормоқда. Аммо бу қирғиндан энг кўп жабр кўрганлар бу ëрдамдан мосуво қолмоқда.


Қўшма Штатлар гуманитар мақсадлар ва Қирғизистонда вазиятни барқарорлаштириш учун 6¸5 миллион долларлик ёрдамни ваъда қилмоқда. Бу ҳақда Давлат департаменти вакили Филип Кроули Вашингтондаги брифинг чоғида маълум қилди.

- Қўшма Штатлар ҳозир инсонпарварлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадлари учун 6¸5 миллион доллар ажратишга рози бўлди. Бу маблағлар АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги - USAID орқали берилади. Биз Қирғизистон эҳтиёжлари ва қочқинлар вазиятини кузатишда давом этамиз ва агар лозим бўлса яна қўшимча ёрдамларни берамиз, деди Кроули.

Минтақага сафар қилаётган АҚШнинг Марказий Осиё бўйича элчиси Роберт Блэйк кеча ўзбек-қирғиз чегара ҳудудига бориб Ўзбекистонга ўтган қочқинлар билан учрашди. Блэйк жума ва шанба кунлари Бишкекда Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари билан учрашиб, мамлакат эҳтиёжларини ўрганиши кутиляпти.

Айни пайтда¸ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Бан Ки Мун Қирғизистондаги зўравонликдан қочиб Ўзбекистон ҳудудига ўтишга муваффақ бўлган ўзбек қочқинларига инсонпарварлик ёрдамлари берилишини билдирди.

Ню Йоркга қайтаётиб Лондон аэропортида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан телефонда гаплашган Бан Ки Мун Қирғизистондаги зўравонликдан жабр кўрган, бошпанасиз қолган одамларга зурур барча ёрдамлар берилиши ва бу БМТнинг тегишли идоралари ҳамда минтақа ҳукуматлари билан мувофиқлаштирилган тарзда амалга оширилишини айтди.

Ўзбекистоннинг УзА ахборот агентлиги маълумотларига кўра, мамлакат 80 мингдан ошиқ қочқинни қабул қилган ва уларга лозим шароитлар яратилган.

Телефон мулоқоти чоғида Ўзбекистон раҳбари Ислом Каримов жабр кўрган одамлар оғир аҳволда қолишгани ва ҳозир БМТ тизимлари ҳамда айрим давлатлар таклиф этаётган ёрдамларни тезлаштириш лозимлигини қайд этди.

Халқаро ташкилотлар ва хориж ҳукуматлари нафақат Ўзбекистондан бошпана топган қочқинлар¸ балки Қирғизистондаги зўравонликлардан жабр кўрганларга ҳам гуманитар ëрдам¸ озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб беришни йўлга қўймоқда. Бироқ аксар ўшликлар Қирғизистон жанубига етказилаётган инсонпарварлик ёрдамлари аҳолига тўлиқ етиб бормаётгани ва талон-тарож қилинаётгани ҳақида шикоят қилмоқда.

-Очиқ турда талон-тарож қилиняпти. Западний мавзеида қирғизлар очиқчасига талон-тарож қиляпти, нимага деганда қуролли одамлар уларни таъқиб қилмайди. Улар бемалол юриб хоҳлаган ишини қилиб юришибди, ёрдамларни оляпти, бизга жуда оз миқдорда етиб келаяпти. Масалан, қуритилган макарон, у бу нарсаларни кеча олиб келишди. Шуни ўзимиз бориб олишга кўчада юришга жуда ҳам хавфли бўляпти-да. Ҳамма қўрқувда, Ҳукумат томонидан бир паноҳ йўқ. Ҳукуматга бўлган ишонч йўқ, умуман йўқ, заррача ҳам йўқ. Бўлаётган талон-тарожлар, қирғинбаротда мэрнинг роли борлиги ҳақида инкор этиб бўлмайдиган асослар бор. Худди Сталингард сингари уйлар парчаланиб, ёниб ер билан яксон бўлган, дейди уйи куйган ўшликлардан бири Бахтиёр ака.

Ўш ҳокими Мелис Мирзакматов "Фарғона.ру" агентлиги мухбири билан суҳбатда Ўшдаги кўплаб кварталлар тўсиб олингани боис ёрдамларни етказиш қийин бўлаётганини билдирган эди.

Мирзакматовга кўра, 14 июнга қадар Ўшга 1 миллион 383 сўмлик озиқ-овқат етказилган ва бир миллионлик аҳоли учун бу ниҳоятда камдир.

- Ҳозир биз гуманитар ёрдамларни етказиш бўйича комиссия тузганмиз, вилоят кенгаши депутатлари, қирғизлар ҳам¸ ўзбеклар ҳам бу комиссия таркибига кирган¸ деб билдирган Ўш ҳокими Мелис Мирзақматов.

Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги зўравонликларнинг олтинчи кунида қурбонлар сони 180 дан ортган. 2000 га яқин киши тиббий ёрдам сўраб, шифохоналарга мурожаат этган.

Аммо халқаро кузатувчиларнинг билдиришича, кўплаб марҳумларнинг яқинлари расмий идораларни хабардор қилмасдан, ўликларни дафн этиб юборишаётгани боис¸ ҳақиқий рақамлар бундан бир неча баравар кўп бўлиши мумкин. Ўш ва Жалолободдаги қурбонлар бўйича ўз ҳисоб-китобини ўтказаëтган мустақил жамоалар 15 июн куни ўлганлар сонининг 2600 дан ошганини билдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG