Линклар

logo-print

"Ўшдаги шаҳидларнинг барчаси кафан билан кўмилди"


Ўзбек маҳаллаларидаги жанозалардан бири.

Ўзбек маҳаллаларидаги жанозалардан бири.

Қирғиз армияси формасида БТРларда келиб бирваракайига ўнлаб одам ер тишлатиб кетилган ўзбек маҳаллаларда ўликларнинг барчасини удумга кўра кўмишнинг имкони-да¸ фурсати-да бўлмаганига қарамай¸ ҳеч бир шаҳид кафансиз ерга қўйилмади¸ дейди ўшлик оқсоқоллар.


Ўш ва Жалолободдаги қирғинда ўлдирилган ўзбекларни дафн маросими ҳалигача давом этмоқда. Ўшликларнинг айтишларича ёниб кул бўлган уйлардан ëниб кулга айланган жасадлар топилмоқда.

Бир маҳалланинг ўзида ўлик кўпайиб кетганидан¸ Ўшнинг Ўн адир маҳалласи хотин-қизлар қўмитаси раисаси Гулбаҳор Жўраевага кўра¸ кафан ўрнига оддий қопларга солиб кўмиш ҳолатлари ҳам бўлган:

- Фрунзе колхозидан 74 га кирган оқсоқол қирғизлардан қочиб кетаётса, иккита курагини ўртасидан ўқ уриб ўлдиришган эди. Сармозорга оддий қопга солиб кўмиб келишди. Энди ҳалиги ўликни сақлайдими? 33 градус иссиқ бўлаяпти. Бориб кўмиб келди, дейди Ўн адирлик Гулбаҳор Жўраева.





Гулбаҳор опа ҳафта ичида Ўшнинг турли чеккаларида ўзбеклар ўлдирилган ўз яқинларини кўма олмай, уйларида олиб ўтирган ҳоллари ҳам кўп бўлганини ҳам қўшимча қилади:

- Мажримтолда бир йигитни сўйиб, ёқиб юбориб ўзбек йигитини балчиққа тиқиб қўйибди¸ қора ўлигини куйдириб. Энди ота-онаси қоғозга, целлофанга ўраб олиб ўтиришибди. Мен айтдим огородга кўмиб туринглар у йигитни эпидемия бўлиб кетади. Вабо тарқаб кетади деб, мен маслаҳат бердим опамни қўшниларига. Ана, фамилиялари ҳам бор, дейди ўшлик Гулбаҳор Жўраева.

Ўн адирлик Анваржон Зокиров отиб ташланган ўшликлар 13 июндан бери дафн этилаётганлигини айтади.

- Оқ сурпга ўраб, ювилгани йўқ, ҳаммаси куйган, битта қабр кавланиб , узун қилиб кавланиб, ўшанга порядка қилиб қўйиб устига тупроқ тортилган. Обшийга еттита қўйилди. Ҳаммаси эркак. Қолгани бошқа қабрларга, отделно-отделно кавлатишиб қўйилди, дейди ўшликларнинг бир қисмини охирги йўлга узатган Анваржон Зокиров.

Ҳалок бўлганларга кафан топиш ўшликлар учун мушкул бўлсада, ўлган ўшлик ўзбекнинг бирортаси кафансиз ерга қўйилмади¸ дейди Анваржон ака.

- Оқ сурпни одамлардан сўраб чиқдик. Етмагани бўлди, шунинг учун тўпланди.Охирги мен олиб чиқиб бердим, шу билан етиб қолди. Қўни –қўшнилар берди. Калинин массивида қабристонимиз бор, почтани охири¸ деймиз ўша ерга қўйилди, эски қабристонга қўйилди Ўн адирда¸ дейди Ўн адирлик Анваржон Зокиров.

Ўшлик Ҳошимжон Нодиров Ўш шаҳридаги вилоят касалхонаси олдида турганлигини айтиб, 15 июн куни олиб келинган бир жасад ҳақида гапиради.

- Болнисани олдидан бир жасадни олиб келишди бизни олдимиздаги мачитга. 70дан ошган чол эди, ўзбек, ўзбек чол эдида. Бўйнини кесибди, пичоқ билан кесган денг. Кўзига ўт қўйибди. Жинсий алоқа жойини шундай ўйиб олиб қўйибди. Шундай кесиб пичоқ билан олиб қўйганда. Мадумаров кўчасида, болнисани, обшежитиени олдида домни олдида.Ўша ердан чиқаверишда бир оқсоқол бор эди. Ўша жасад бўлиб ётибди. Пашша босиб кетибди уже, сасишни бошлабди ҳалиги оқсоқол. Ҳозир маҳалла-кўй тўпланиб, бир нарса қилиб кафанлаб қабрга қўяйлик десак, қабристонга бориб амбар олиб келишнинг иложи бўлмаяпти. Отаяпти снайпер, қаердан келаяпти ўқ¸ биров билмайди. Амбар олишнинг иложи бўлмаяптичи, жасадни қўйишни қўйинг энди.Энди қабристонга бориб олиб бориб қўйишни айтинг. Шу отаяптида¸ дейди ўшлик Ҳошимжон Нодиров.

17 июн куни олинган хабарга қараганда¸ бу отахонни 15 июн куни бир амаллаб кечга яқин Ойиммозор қабристонига дафн этишган.

Ҳошимжон ака хозирги пайт қабрлар ҳам тезкорлик билан қазилаётганлигини қўшиб ўтади:

- Бурунгини сингари кавлаб, ўзбекча қилиб қўйиш жуда ҳам мушкул.кавлаб туриб, майит сиғадиган қилиб туриб-ла қўяяпмиз энди. Бурунги сингари айвон қилиб, бошқа қилиб кавлаш йўқ. Тезда бўлиш керак, қўққис бирор ердан снайпер уриб қўймасин¸ деб ваҳимада тезлик билан бўлаяпти. Ёшлар бормаяпти. Катта оқсоқоллар 5-6та бўлиб бориб, тезда қўйиб келаяпти, дейди ўшлик Ҳошимжон Нодиров.

Ўшликлардан яна бири - Муҳаммаджон Сулаймонов халок бўлганларнинг айрим қариндошлари жасадларни ўз авлодлари қўйилган қабристонга олиб кетишганини ҳам таъкидлайди.

- Ўликни эгалари ота-энам ўлган шу ерда деб, олиб кетди. Янги қабристонга этиб қўйилди, эски қабристон бор. Қолганини ҳаммасини ота-энаси ўлган жойларга олиб кетишди ҳаммасини. Шаҳидлар ювилмас экан, қори акалардан сўраган эдик, ювилмас экан. Ўзи ювадиган бўлган эмас, ювса уқаланиб кетар экан ҳаммаси.Одамлар эриб кетган¸ дейди Муҳаммаджон Сулаймонов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG