Линклар

logo-print

"Ўзбек ва қирғизни бугун Ислом бирлаштира олади"


Ҳамма томондан қуролли қамалда қолган ўзбек маҳаллаларида тирик қолганлар жамоа бўлиб Қуръон тиловат қилмоқда.

Ҳамма томондан қуролли қамалда қолган ўзбек маҳаллаларида тирик қолганлар жамоа бўлиб Қуръон тиловат қилмоқда.

11 июндан бери Қирғизистон жанубида ëнаëтган миллий оловни ўчириш¸ тарихан ëнма-ëн яшаб келган икки халқ вакилларини нормал ҳаëтга қайтариш ва бу каби хунрезликларнинг қайта такрорланмаслиги учун икки халқнинг ягона динидан фойдаланиш таклифи илгари сурилмоқда.


Бишкекдаги “Дин, ҳуқуқ ва сиёсат” таҳлилий маркази хунрезликлар қайта такрорланмаслиги, ўзбек ва қирғизлар ўртасидаги муносабатларни яхшилаш учун диний омилдан фойдаланиш таклифи билан чиқмоқда.

Мазкур маркази раҳбари Қодир Маликовга кўра, агар аҳолининг диний билими оширилмаса, исломий ақида асослари ўзларини мусулмон деб ҳисоблаган аҳолига сингдирилмаса, минтақада радикал гуруҳлар таъсири кучайиши мумкин.

- Бизда бундай вазиятдан халқаро экстремистик гуруҳлар фойдаланиши мумкин, деган ташвиш бор. Жанубда миллатлараро низо бўлаяпти. Бундан ташқари маълумотлар кўпинча бир томонлама ёритилаяпти. Шунинг учун буларнинг ҳаммаси диний ниқоб остидаги террорчилик ҳаракатига айланиб кетиши мумкин, деди Қодир Маликов.

Қирғизистон Ислом университети ректори Абдишукур Нурматовнинг айтишича, хунрезлик кунлари Ўш ва Жалолободга 50 нафар даъватчи жўнаб кетган. Улар Аллоҳ номи билан низолашаётган тарафларни иймонга чақирганлар. Ислом университети ректорининг айтишича, бундай даъват натижасида ўнлаб ҳудудларда хунрезликларнинг олди олинган. Абдишукур Нурматовга кўра¸ айни пайтда фақат дингина эътиқоди бир бўлган қирғиз ва ўзбек халқини бирлаштира олади.

- Ислом дини ҳеч қачон қон тўкишликка, ўғриликка, зино ва бошқа харом ишларга даъват қилган эмас. Ислом дини бирдамликка. иймонга чақирган. Ислом омили дегани ҳам худди мана шу. Мана шу омилдан тўғри фойдалан билсак, ислом қадриятларини аҳоли онгига сингдира олсак, барқарорлик пайдо бўлади, деди Абдишукур Нурматов.

Айрим нодавлат ташкилотлари муваққат ҳукуматга мана шундай тадбирларни таклиф қилаётган бир пайда, бошқа нодавлат ташкилотлари Ўш ва Жалолободда амалий ишга ўтганлар.

Масалан, бир қатор нодалват ташкилотлари Ўш ва Жалолободнинг қайноқ нуқталарида аҳоли орасида тушунтириш ишларини олиб бормоқдалар. Гуманитар ёрдамни адолатли бўлиштириш, бу ёрдамнинг ҳар бир одамга етиб боришини назорат қилиш ҳамда содир эитлган хунрезлик юзасидан мустақил текширув олиб бориш каби ишларни амалга оширмоқдалар.

Айни пайтда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун ҳам 12 июндан 16 июнгача Ўш ва Жалолободдаги воқеаларни мониторинг қилган. У мазкур воқеа сабаблари бир қанча бўлиши мумкинлиги ҳақидаги тахминларни билдирди.

Унинг айтишича, воқеалар бошланиши куни Ўш яқинидаги Фурқат қишлоғида қирғизлар ҳам, ўзбеклар ҳам соат 5 да айтиладиган бомдод номози азонининг тунги соат 2 да айтилганини эшитишган.

- Жанубдаги хунрезликлар сабаблари бир нечта экани тахмин қилинмоқда. Айримлар бу воқеалар қирғиз ва ўзбек ёшлари ўртасидаги муштлашув туфайли бошланганини айтадилар. Қирғиз аҳолиси томонидан айтилаётган иккинчи тахминга кўра, ўзбеклар бу жанжалга бир неча ой мобайнида тайёргарлик кўришган ва Ўзбекистон билан мунтазам алоқада бўлишган. Кенг тарқалган учинчи тахминга кўра эса, бу хунрезлик ташқи кучлар томонидан ташкилланган¸ деди Обмудсмен.

Унинг айтишича, 13 июндан 14 июнга ўтар кечаси Ўшнинг “Оқ тилек”, “Тўлайкан” микрорайонларида ҳарбий кийимдаги одамлар “Намангандан қирғизларни сўйиш учун ўзбеклар келаяпти” деган ваҳимани тарқатиб, ғойиб бўлишган. Ҳарбийча кийимдагилар орасида халққа қарши ўқ отиб, кейин кўздан ғойиб бўлганлари ҳам бўлган. Турсунбек Акунга кўра, ўқ отганлар ҳарбий формада бўлган ва уларнинг ким экани шу кунгача аниқланмаган.

Айни пайтда таниқли жамоат арбоби Абдижапар Тоғаев 1990 йилдаги миллатлараро низони бартараф этишда зиёлиларнинг ҳиссаси катта бўлганини ва ҳозир ҳам зиёлилардан бу йўналишда фойдаланиш лозимлигини айтмоқда.

- Айримлар жанубдаги воқеалар борасида ақл ўргатиб, вазиятдан чиқиш йўллари ҳақида сафсата сотаяпти. Бу билан муаммо ҳал бўлмайди. Менимча, зиёлилар бугун миллатидан қатъий назар, маҳаллий аҳоли ўртасига кириши, улар билан яшаши керак. 1990 йилда ҳам зиёлилар воқеа жойига борганида халқ уларни ҳурмат қилишини кўрсатган. Вазиятни куч билан бира-тўла барқарорлаштириб бўлмайди, деди Абдижапар Тоғаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG