Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:49

Ўзбекистон чегарасидан фақат ярадор ва касаллар ўтказилмоқда


Ëрқишлоқдаги қочқинлар лагерида асосан аëллар ва болалар бошпана топган.
Ëрқишлоқдаги қочқинлар лагерида асосан аëллар ва болалар бошпана топган.

Бу хабарни Озодликка бир неча кундан бери ўзбек-қирғиз чегарасининг Қирғизистон томонида Ўзбекистонга ўтишни кутаëтган қочқинлар маълум қилди ва Андижондаги расмийлар ҳам буни тасдиқлади. Айни пайтда¸ 16 июндан бошлаб қариндошлари уйидан паноҳ топган қочқинларнинг барчаси лагерларга қайтарилаяпти.

Ўшлик Абдуфаттоҳ Фозилов беш кундирки ўз яқинларини Ўзбекистонга олиб ўта олмаяпти.

Айни пайтда ўзбек-қирғиз чегарасидаги Қирғизистоннинг ВЛКСМ қишлоғида қочоқлар лагерида ўтирган Абдуфаттоҳ Фозиловнинг Озодликка айтишича, икки кундирки чегарадан фақат ярадорлар ва оғир касалларгина ўтказилаяпти.

Абдуфаттоҳ Фозилов: Чегара очилмади. Уч кундан бери очмади чегарани.

Озодлик: Бирорта одам ҳам ўтказилмаяптими?

Абдуфаттоҳ Фозилов: Ўқ еганларни ўтказаяпти. Касалларни ўтказаяпти. Шу оғир касал¸ ўқ еганларгагина чегарадан ўтишга рухсат бор. Яна инвалидларни ҳам ўтказди.

Озодлик: Қариялар¸ аëлларчи?

- Аëлларни умуман ўтказмаяпти у ëққа, деди Абдуфаттоҳ Фозилов.

Хўжаобод тумани хокимлиги қошида ташкил қилинган қочқинлар иши билан шуғулланувчи махсус штаб ходими чегара ёпиқлиги ҳақидаги маълумотларни тасдиқлади.

Озодлик:
Бугун ҳам қочқинлар ўтаяптими?

- Йўқ, чегарадан ўтмаяпти.

Озодлик: Нима учун, чегара ёпилдими?

- Чегара ҳозир ёпиқ. Ҳозир қариндошлариникига кетган қочқинлар лагерларга қайтарилаяпти, деди штаб ходими.

Қочқинларни лагерларга қайтарилаётганини уларни рўйхатга олиш билан боғлиқ. дея изоҳлаган махсус штаб вакили қочқинларни жойлаштириш учун жойлар етишмаётгани боис уларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилгани ҳақида билдирди.

Андижоннинг Ёрқишлоғидан паноҳ топган ўшлик Баҳром Ёқубов ҳам Озодлик билан суҳбатда қочқинларни қабул қилиш вақтинча тўхтатилганини айтади.

- Ҳозир қабул қилмаймиз¸ деяпти. Менинг тушунганим ҳозир мана бу ерга ўтган кўпчиликни тартиблаштириб олайлик¸ кейин яна қабул қилиб оламиз деган нарсани мен эшитдим, дейди Баҳром Ёқубов.

Беш боласи ва хотини билан Ёрқишлоқда яшаётган Баҳром Ёқубов Ўзбекистондан паноҳ топган саноқли эркаклардан бири.

Маҳаллий ҳокимликлардан олинган маълумотларга кўра, чегарадан асасан, аёллар ва болалар, эркаклардан эса ярадор ва қарияларгина ўтказилмоқда.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, айни пайтда Андижондаги шифохоналарда 735 нафар қирғизистонлик қочқин бўлиб, уларнинг 134 нафари ўқдан яраланганлардир.

Шунингдек, Андижон туғруқхоналарида қирғизистонлик қочқинлардан 77 нафар ҳомиладор аёл ётибди.

Андижон марказий туғруқхонаси ходимасининг айтишича, туғруқхонада 21 нафар қирғизистонлик ҳомиладор аёл тушган.

- Улар 21 та. Ҳаммасининг аҳволлари яхши. Улардан кетиб ҳозир 15 таси қолган. Ҳаммасининг аҳволи яхши. Ëрдам кўрсатилмоқда.

Озодлик: Туққанлар бўлдими?

- Бўлди, бештаси туғди.

Озодлик: Туққан аëллар ҳозир қаерда?

- Шифохонанинг ичида.

Озодлик: Улар кейин қаерга жўнатилади?

- Уларни қариндошлари олиб келганда. Яна ўша қариндошлари олиб кетса керак, дейди шифохона ходимаси.

Айни пайтда Ўзбекистонга маҳаллий ва ҳалқаро ташкилотлар томонидан қирғизистонлик қочқинлар учун инсонпарварлик ёрдамлари келишни бошлади.

Халқаро Қизил хоч қўмитаси вакили Пьер-Эммануэль Дюкруэнинг Озодликка билдиришича, ташкилот 17 июн куни Ўзбекистонда бошпана топган қирғизистонлик қочқинларга мўлжалланган 40 тонна инсонпарварлик ёрдами жўнатган.

Пьер-Эммануэль Дюкруэга кўра, айни пайтда Ўзбекистондан бошпана олган қирғизистонлик қочқинлар сони тахминан 100 минг нафарни ташкил қилади.

- Биздаги маълумотларга кўра, Ўзбекистондаги қочқинлардан айримлари кейинчалик Қирғизистонга қайтиш истагини билдирди. Лекин айримлар қайтиш ниятида эмас. Қайтиш ниятида бўлмаганлар тақдири Ўзбекистон ҳукуматининг қарорига боғлиқ. Шунингдек, КХШТ улар тақдирини ҳал қилиши лозим бўлади.

Лекин айни пайтда Ўзбекистон ўтиш ниятида ўзбек-қирғиз чегарасида ўтирган қирғизистонликлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Улар сони минглаган бўлиб, аниқ бир рақамни айтиш жуда қийин, деди Пьер-Эммануэль Дюкруэ.

ЎзА маълумотига кўра, қочқинлар билан боғлиқ вазият мураккаблашган бўлиб, бу қочқинлар кўламининг кўплиги, уларнинг жисмоний ва руҳий ҳолати туфайлидир.
XS
SM
MD
LG