Линклар

Роберт Блэйк Бишкекка сафарини бошламоқда


Қирғизистон жанубида зўравонликлар бошланганидан бир хафта ўтиб АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк бугун Бишкекка сафарини бошламоқда.

Америкалик мартабали дипломат Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари билан учрашиб, зўравонликлардан азият чеккан мамлакат аҳолиси эҳтиёжларини ўрганиш ниятида.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг айтишича, Қирғизистондаги этник зўравонликлар боис камида 400.000 киши ўз турар-жойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бишкек сафари аввалида Роберт Блэйк Тошкентда бўлди ва Ўзбек-Қирғиз чегара ҳудудига бориб Ўзбекистонга ўтган қочқинлар билан учрашди.

Қирғиз расмийларига кўра, мамлакат жанубида 10 июн куни бошланган зўравонликлар оқибатида ҳалок бўлганлар сони 190дан ортган.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг билдиришича, Қирғиз ҳукуматининг Ўшда вазият барқарорлашгани ҳақидаги иддаосига қарамай, шаҳарда талон-тарож, аҳолига нисбатан зўравонлик ва жинсий зўрлашлар тўхтамаган.
XS
SM
MD
LG