Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:13

Ҳукумат Ўш ва Жалолободда миллий яраш кампанияси бошлади


Ўш ва Жалолободда ярашув анжуманлари ўтаяпти.
Ўш ва Жалолободда ярашув анжуманлари ўтаяпти.

Ўш ва Жалолобод шаҳрида ўзбек ва қирғиз миллати вакилларидан иборат гуруҳлар тузилиб, улар миллий ярашув йиғинларини ташкил қилмоқдалар. Жалолободда ўтган шундай йиғинда 4000 киши қатнашган. Айни пайтда расмийлар воқеаларни бир томонлама шарҳлаш кампаниясига ҳам зўр бермоқда.


Ўш ва Жалолободда ўтаётган миллатлараро ярашув жараёни иштирокчиларининг фикрлари деярли бир хил: Қирғизистон жанубида ўзбек ва қирғиз халқи муносабатларини учинчи кучлар томонидан яхши молияланган ва қуролланган фитначилар бузди. Оддий ўзбек ва оддий қирғизнинг ҳеч қачон бир-бирларида хусумати бўлмаган.

- Ўзбекнинг уйи куйган бўлса қирғизни айбламанглар. Қирғизнинг уйи куйган бўлса, масалан, менинг уйим куйиб кетди... Мен ҳеч қачон бунда қирғизни ёки ўзбекни айбламайман, деди Жалолободда ўтган 4000 кишилик ярашув анжумани иштирокчиларидан бири.

- Чақимчилар, фитначилар сиз ва биз каби мўмин-мусулмонлар орасини бузиб, мана шундай ёмон кунларни бошимизга солди, деди ярашув анжумани иштирокчиларидан яна бири.

Миллий яраш кампанияси бормоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:48 0:00


Миллатлараро ярашув жараёни кетаётган бир паллада қирғиз матбуотида “Ҳукумат Ўш ва Жалолобод воқеалари ҳақида ҳақиқатни гапирмас экан, бу ярашув пойдевори мустаҳкам бўла олмайди”, қабилидаги фикрлар ҳам пайдо бўлмоқда.

Жумладан, қирғиз матбуоти халқаро нашрларда Ўшда этник тозалаш бўлгани ва асосан ўзбеклар жабр тортгани ҳақидаги чиқишларни ахборотни бир томонлама, нохолис ёритиш сифатида баҳоламоқда.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири билан суҳбатлашган Ўш милициясининг собиқ раҳбари Бўлўт Нишонов ҳам бу фикрларга қўшилиб, Ўш воқеаларининг бошланишига асосан ўзбек ёшлари сабабчи бўлганини иддао қилади:

- 10 июн куни кечқурун соат 10.45 да менга назорат бўлимидан телефон қилишди. Тезда “Олой” меҳмонхонаси олдига етиб келишимни, бу ерда ўзбек миллатига мансуб мингга яқин ёшлар тўполон қилишаётганини айтишди. Мен ўринбосарларимни олиб ўша жойга бордим. Борсам, минг, бир ярим мингга яқин ўзбек миллатига мансуб йигитлар тўпланиб олишибди. Улар менинг қирғиз эканимни билиб, менга ташланишди. Шунда ўзбек ўринбосарларим, сиз узоқроққа брориб туринг. Биз ўзимиз гаплашамиз, дейишди. Уч соатга яқин музокаралар ўтказдик. Бироқ ўзбек йигитлар муросага келмадилар, улар агрессив кайфиятда бўлиб, қўлларида пичоқ, тўқмоқ, арматуралар бор эди.

Биз боргунимизча улар “Олой” меҳмонхонаси ва унинг атрофидаги бинолар, жумладан, бир кафе ва заправкани ёндириб юборишибди.

Ўша кунги бўлган воқеага қирғиз йигитлари аралашмаган. Эрталаб бўлган воқеани эшитгач, кейин қирғиз йигитлари чиқишди,- деди Озодлик радиоси қирғиз хизмати мухбири билан суҳбатлашган Ўш милициясининг собиқ раҳбари Бўлўт Нишонов.

Айни пайтда Озодлик радиоси билан боғланган ўнлаб ўшликлар воқеа кунидан бошлаб то шу кунгача Бўлўт Нишонов айтган гапларга қарама-қарши бўлган маълумотларни бериб келмоқдалар.





- Жанжал 10 июн куни кечқурун 11.45ларда бошланган. Mен у ерга етиб борганимда соат 12 бўлмаган эди. Воқеа шундай бўлган? Қора мерседесда 4 та одам келиб, Олой меҳмонхонаси олдидаги дўкондан ароқ олади ва пулини бермай кетмоқчи бўлади. Дўконнинг эгаси пулини талаб қилса, уни калтаклашади. Бу одам ёши 50 дан ошган бир киши. Ўша пайтда бу ерга 10-15 ўзбек ёшлари тўпланади...Шу пайт ўша ердаги казинодан қирғиз ёшлар чиқиб ўзбекларга қарата ўқ отади. Ўша ерда Аъзамжон ака деган бир яхши акахонимиз ўқ еб ўлади. Милиция етиб келганида бу ерга 300 га яқин ўзбек ёшлар тўпланган эди. Улар казинодан ўзбекларга қарата ўқ отганларни топширилишини, шу атрофда ўт қўйиб юборилган ўзбеклардан бирининг уйига ўт ўчирувчи машина чақирилишини талаб қилишган. Аммо милиционерлар бизга ўқ отганларни қочириб юбориб, бизни ўзимизга қарата ўқ отишди. Олой меҳмонхонаси ва унинг атрофидаги кафелар ва заправкага ўт қўйилгани ёлғон. Бу ерда меҳмонхона ҳам, кафе ҳам, заправка ҳам ёнмаган. Фақат заправканинг олдидаги ўзбеклар яшайдиган уйлардан бирига ўт қўйилган. Ёнғин нимадан чиққани ҳам ҳозир номаълум, дейди 10 июн тунида воқеа жойида бўлган гувоҳлардан бири.

Қирғизистон муваққат ҳукумати эса “мамлакат жанубида бакиевчилар томонидан уюштирилган фитна содир этилди” деган баёнотни тарқатган.

Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби Алик Ўрўзовга кўра, шу кунларда Ўш ва Жалолободдаги вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилотига аъзо давлатлардан ёрдам келиши кутилмоқда.

- Ташкилот раҳбари Николай Бордюжа 6 та ёки 9 та вертолёт берилишини айтди. Бу техника Қозоғистон ва Россия томонидан берилади. Шунингдек, Россия оммавий тартибсизликларнинг олдини олиш бўйича мутахассисларни ҳам жўнатади, деди Алик Ўрўзов.
XS
SM
MD
LG