Линклар

Муваққат ҳукумат раҳбари Ўшда учрашувлар ўтказди


Қирғиз расмийлари вазият барқарорлашгани ҳақида баëнотлар бераëтган айни кунда¸ зўравонликнинг қайталашидан қўрқиб турган ўзбек маҳаллалари ҳимоя баррикадаларини кучайтирмоқда.

Қирғиз расмийлари вазият барқарорлашгани ҳақида баëнотлар бераëтган айни кунда¸ зўравонликнинг қайталашидан қўрқиб турган ўзбек маҳаллалари ҳимоя баррикадаларини кучайтирмоқда.

Ўшда миллий асосдаги зўравонлик бошланганидан бир ҳафта ўтиб Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева Ўшга келди. Қирғиз миллатига мансуб ўшликлар маъмурият биноси олдида норозиликка чиққан айни пайтда¸ аксар ўзбеклар ҳамон ўз маҳалласидан чиқишга қўрқаëтганини айтмоқда.



Ўшдаги Озодлик мухбирига кўра¸ Ўтунбаева Ўш расмийлари билан кенгаш ўтказаëтган бир пайтда¸ маъмурият биноси олдида 200 дан ошиқ одам тўпланиб¸ муваққат ҳукуматнинг зўравонликларни тўхтатиш учун етарлича чора кўрмаëтганига норозилик билдирмоқда.

Шаҳарнинг баррикада ҳолатида қолаëтган ўзбек маҳаллаларидагилар эса Ўтунбаева билан йиғин яқинига ҳам боролмаëтир.

- Биз илгари куни шаҳарга тушиб чиқдик. Шаҳарга тушиб чиқишимизда ҳеч қандай транспорт бўлмаганлиги муносабати билан бир машинани чақириб тушдик. Тушиб кетаëтганимизда йўлларда жуда катта блок постлар қўйилган қирғиз маҳаллаларида. У ердан ўтиш озгина қийин бўлди. Биз ўшанда комендантнинг олдига тушган эдик. Тушиб ўша ерда ўзимизнинг саволларимизни¸ кеча чиқиб келаëтган вақтимизда ўша тушиб кетган еримиздан қайтиб ўта олмадик. Нимага деганда “шу ердан тушиб кетибди” деб қирғиз миллатига мансуб жуда катта аҳоли йиғилишиб “уларга биз кўрсатамиз” деб чиқишган экан. Комендантнинг машинасида бизни сопровождение қилиб бўлак райондан ўзимизнинг яшайдиган ерга олиб келиб қўйди.

Биз Роза Ўтунбаеванинг олдига туша олмаганимизнинг сабаби бизнинг нимамизга хавф борлиги муносабати билан биз у ерга тушиб чиқадиган бўлсак¸ у ердан бешикаст чиқмаслигимизга ишонч йўқ. Шунинг учун биз тушмадик. Булар ҳозир стабилизация кетди¸ дегани билан ҳеч қандай стабилизация йўқ. Барибир жой-жойларда озгина-озгинадан шундай жанжаллар бўлаяпти. Бу жанжалларни йўқотишда ҳали ҳукуматнинг ҳаракати йўқ. Буларнинг ўзларининг қандайдир қизиқиши бор. Бу ҳаракатларни йўқ қилишмаяпти. Мана ҳозир кўп районларда оқсоқоллар бир-бири билан примерение қиламиз¸ дейишаяпти. Буни телевидениедан кўрсатгани билан ҳам бу районларда қирғиз халқига мансуб одамлар тўп-тўп бўлиб кўчада юришибди. Уларни военныйлар ҳам¸ милициялар ҳам тарқатаëтгани йўқ. Шундай хавф борлиги муносабати билан биз даже ўзимизнинг микрорайондаги блокадани ҳам очганимиз йўқ. Хавф-хатар шаҳарда бор ҳозир ҳам¸ дейди ўшлик ўзбеклар намояндаси.

Ўшлик ўзбеклар ўз маҳалласидан ташқарига чиқа олмай турган бир пайтда Роза Ўтунбаева:

- Биз ушбу шаҳарни қайта оёққа турғизиб, барча қочқинларни ортга қайтаришимиз борасида келажакка умид беришимиз лозим. Бунинг учун эса барча имкониятларни ишга соламиз. Умид қиламан, бутун халқаро ҳамжамият бизга ёрдам беради, чунки икки миллатнинг тинч ва осойишта яшаб кетишига яхши ният қилмоқдамиз, деди Ўшда ўтказилган матбуот анжумани чоғида.



Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарга кўра, Ўш шаҳри ва Ўш вилоятида ўтган ҳафта давомида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида рўй берган этник тўқнашувларда камида 191 киши нобуд бўлган, 2000 дан ортиқ киши тан жароҳати олган. Бироқ норасмий маълумотларга кўра, қурбон бўлганлар сони 2000 дан ошган.

Аммо Роза Ўтунбаева “Коммерсант” нашрига берган интервюсида мамлакат жанубидаги хунрезликлар чоғида нобуд бўлганлар сони расмий ҳисоб китоблардан бир неча баробар кўп эканлигини тан олди.

Ўшдан олинган сўнгги расмий маълумотларга кўра, шаҳар ва унинг атрофида вазият барқарорлашган. Хавфсизлик кучлари эса шаҳарда беркинишга улгурган қуролланган шахсларни қидиришни давом эттирмоқда. Аммо Ҳюман Райтс Уотч ташкилотининг билдиришича, бундай иддаога қарамай, шаҳарда талон-тарож, аҳолига нисбатан зўравонлик ва жинсий зўрлашлар тўхтамаган.

Айни пайтда¸ Қирғизистон жанубида зўравонликлар бошланганидан бир ҳафта ўтиб АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк 18 июн куни Бишкекка сафар бошламоқда.

Америкалик мартабали дипломат Қирғизистон муваққат ҳукумати расмийлари билан учрашиб, зўравонликлардан азият чеккан мамлакат аҳолиси эҳтиёжларини ўрганиш ниятида.

БМТ га кўра, Қирғизистондаги этник зўравонликлар боис камида 400 минг одам ўз турар-жойини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.

Бишкек сафари аввалида Роберт Блэйк Тошкентда бўлди ва ўзбек-қирғиз чегара ҳудудига бориб Ўзбекистонга ўтган қочқинлар билан учрашди.

Айни пайтда халқаро ташкилотлар¸ Қирғизистон жанубида рўй берган зўравонликлар юзасидан мустақил халқаро текширув ўтказилишини талаб қилмоқда.

- Бу мамлакатда тинчлик ва қонун устиворлигини ўрнатиш учун халқаро тергов ўтказилиши муҳимдир¸ еб билдирди Халқаро Амнистия ташкилотининг Марказий Осиё бўйича эксперти Майси Вэйшердинг.

Ташкилот шунингдек, қирғиз хавфсизлик кучлари зўравонликларни ҳужжатлаштирган маҳаллий журналистлар ва фуқаролардан фото ва видео далилларни мусодара қилишга уринаётгани ҳақидаги хабарлардан ташвиш изҳор этди.

- Ҳуқуқ ҳимоячилари ва мустақил журналистлар ҳуқуқ бузилиш ҳолатларини ҳужжатлаштиришда муҳим рол ўйнайди. Қирғиз ҳукумати қайтанга уларни ҳимоя қилиши керак¸ деб билдирди Халқаро Амнистия эксперти Майси Вэйшердинг.

Халқаро Амнистия ташкилоти, шунингдек, қирғиз ҳукумати хавфсизлик кучларининг ўзбекларга қарши қирғинга аралашгани ҳақидаги даъволарни текшириш ва инсон ҳуқуқларини бузганлар таъқиб этилиши ҳақида аниқ ишора бериши кераклигини ҳам эслатди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG