Линклар

АҚШ расмийси Тошкент ва Бишкекда музокара ўтказмоқда


Блейк Ëрқишлоқдаги қочқинлар лагеридаги аëллар билан суҳбатлашмоқда.

Блейк Ëрқишлоқдаги қочқинлар лагеридаги аëллар билан суҳбатлашмоқда.

АҚШ Давлат департаменти расмийси Роберт Блэйк 18 июн куни Ўзбекистондан бошпана топган қирғизистонлик қочқинлар лагерларини бориб кўрди¸ сўнгра Бишкекка йўл олди. Кўпчиликни¸ ҳозирги бўҳронни тўхтатишда АҚШнинг нима қила олиши қизиқтирмоқда.


Марказий Осиёга сафари доирасида Ўзбекистонга келган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича ёрдамчиси Роберт Блэйк 18 июн куни Андижон вилоятига борди.

АҚШ мулозими Қирғизистондаги зўравонликлардан жон сақлаш мақсадида Ўзбекистон ҳудудига ўтган қирғизистонлик қочқинлар жойлаштирилган лагердаги вазият билан яқиндан танишди.

Қочқинларга зарурий шароит яратиш учун Ўзбекистон ҳукумати томонидан улкан ишлар амалга оширганини таъкидлаган Блейк¸ Қирғизистон ҳукуматининг ҳозирги энг муҳим вазифаси қисқа муддатда зўравонлик ҳаракатлари ва қочқинлар оқимини тўхтатишдан иборат эканини айтди.

Ўзбекистондаги қочқинлар лагеридан махсус репортаж бераётган CNN телевидениеси мухбири Мэтю Чанс билан суҳбатда Роберт Блейк Қирғизистондаги воқеалар хусусида махсус текширув ўтказилиши кераклигини таъкидлади.

- Мен бу ердан кейин Бишкекка бораман. Ташрифим мақсадларидан бири, содир бўлган воқеалар юзасидан мустақил текширув ўтказилиши лозимлигини урғулашдир. Чунки Қирғизистон жанубида кейинги кунлар ичи даҳшатли жиноятлар содир этилганига шубҳа йўқ. Қочқинларнинг ўз уйларига соғ-омон ва хавфсиз қайтишини таъминлаш учун нималар бўлганини аниқ билиш ва келажакда шу каби жиноятлар қайтарилишининг олдини олиш учун бундай текширув жуда муҳимдир, деди Роберт Блейк CNN мухбири билан суҳбатда.

БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларга кўра, Қирғизистон жанубида содир бўлган воқеалар қарийиб бир миллион киши ҳаëтини издан чиқарди, 400 минг одамни ўз уйини ташлаб хавфсиз жойларга кўчишга мажбур қилди, улардан 120 мингдан кўпроғи эса Ўзбекистон ҳудудидаги қочқинлар лагеридан бошпана топди.

Куни-кеча АҚШ Қирғизистонга 10,3 миллион долларлик ёрдам ажратганини эълон қилди. АҚШ Давлат департаменти матбуот вакили Филлип Кроули гуманитар ёрдамнинг 6¸5 миллион доллардан кўп қисми дарҳол жўнатилишини айтди.

Айни пайтда uzmetronom интернет газетаси АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон қирғизистонлик қочқинларга гуманитар ёрдам кўрсатиш масаласини Ўзбекистон президенти Ислом Каримов билан телефон орқали муҳокама қилиши режалаганини маълум қилди.

Шу ўринда Марказий Осиёда юзага келган бундай қалтис вазиятни бартараф қилишда, қочқинлар муаммосини ҳал қилишда етакчи давлатлар, хусусан АҚШ қандай ёрдам бериши мумкин, деган савол туғилади.

Британиядаги Jane’s Defense ҳафталигининг мудофаа ва ҳарбий масалалар бўйича таҳлилчиси Питер Фелстед ҳозирги вазиятда АҚШнинг имкониятлари чекланган¸ деган фикрда.

- Шуни таъкидлашим жоизки, ҳозирги вазиятда АҚШнинг бирор иш қилиш имкониятлари жуда чекланган. Ўзбекистоннинг Россияга яқинлиги АҚШни Москва таъсир доирасидаги ҳудуд деб қараб келинган минтақадаги воқеаларга аралашмасликка ундайди. Айни пайтда НАТО ва АҚШ Москва билан алоқаларини яхшилашни хоҳлаётган бир пайтда Россияга яқин ҳудуддаги воқеаларга аралишиб¸ Москва билан муносабатни яна бузиб қўйишни истамайди. Ҳатто аралишиш учун яхши имконият пайдо бўлган бўлса ҳам, дейди ғарблик бу таҳлилчи.

Айни пайтда Қирғизистон жанубидаги қирғинни тўхтатиш учун Бишкек ҳукумати Россиядан Қирғизистонга ўз қўшинларини тинчликни сақловчи кучлар сифатида жойлаштиришни сўраб мурожаат қилганига қарамай, Москва Бишкек сўровни рад қилди.

Ҳарбий масалалар бўйича россиялик таҳлилчи Павел Фельгенгауэр Кремлнинг бу қарорини Ўш ва Жалолободдаги қирғин Россия учун кутилмаган воқеа бўлгани ва россиялик ҳарбийларининг аралашишга тайёр эмаслиги билан изоҳлади.

Айни пайтда россиялик таҳлилчи Қирғизистондаги вазият барқарорлашишидан Ғарб давлатлари кўпроқ манфаатдор эканини айтди.

- У ердаги вазиятни барқарорлаштиришдан Ғарб манфаатдор. Чунки Манасда уларнинг базаси бор. Тўғри, воқеалар анча узоқда Қирғизистон жанубида бўлаяпти. Дипломатик чоралар ва инсонпарварлик ёрдамидан ташқари Ғарб ҳеч нарса қилмайди. Улар ҳам аралашишга тайёр эмас, дейди россиялик таҳлилчи.

Фельгенгауэрга кўра, Қирғизистондаги Россия ҳарбий базаси фаол эмас. Ғарб давлатлари эса ўз ҳарбийларини Афғонистонга Манас базаси орқали ташиётгани боис Қирғизистондаги вазият тез фурсатда яхшиланишидан кўпроқ улар манфаатдор.

Питер Фелстед эса АҚШ ҳозирги вазиятни ўнглаш учун дипломатик чоралар кўришдан бошқа ёрдам бера олмайди¸ деган фикрда.

- Вазиятни ўнглаш учун чоралар кўриш борасида АҚШ минтақа ҳукуматларига дипломатик йўллар орқали таъсир этиши мумкин. Аммо бевосита ҳеч нарса қила олмайди, дейди ғарблик таҳлилчи.

Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳам Қирғизистон жанубида бўлаётган воқеалар мамлакатнинг ички иши эканини таъкидлаган.

Павел Фельгенгауэр¸ Ўзбекистон, Россия ва Ғарб давлатларининг Қирғизистондаги воқеаларга аралашишни хоҳламаётгани инобатга олинса, қирғизистонлик ўзбекларнинг қирғизлар билан келишишдан бошқа чораси йўқ¸ деган фикр билдирди.

- Бу Россиянинг таъсир доирасидаги ҳудуд¸ деб қаралади. Россия бирор чора кўришга шошаётгани йўқ. АҚШ ҳам бу воқеаларга аралашмайди. Бундай вазиятда ўзбеклар инсонпарварлик ёрдамлари ва қирғизлар билан келишишдан бошқа ҳеч нарсага умид қила олмайди, дейди россиялик таҳлилчи Павел Фельгенгауэр.

Кремл матбуот хизмати тарқатган хабарга кўра, Россия президенти Дмитрий Медведев мамлакатнинг Фавқулодда ҳолатлар вазирлиги ва Ташқи ишлар вазирлигига қирғизистонлик қочқинларни қабул қилаëтган Ўзбекистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш тўғрисида топшириқ берган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG