Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:52

"Фурқатда ўлган 40 одамнинг 39 таси солдат ўқидан ўлди!"


Ҳарбийларнинг ўзбекларни қирғин қилишдаги иштироки ҳақида тобора кўпроқ далиллар пайдо бўлмоқда.
Ҳарбийларнинг ўзбекларни қирғин қилишдаги иштироки ҳақида тобора кўпроқ далиллар пайдо бўлмоқда.

Ўш фожиаси бошланганига роппа-роса 7 кун бўлди. Шаҳар четида яшайдиганларнинг айтишича, биринчи ўқ овозлари 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси шаҳар томондан эшитилди. Қирғиндан бир ҳафта ўтиб фурқатликлар нима бўлганини аниқроқ тасвирламоқда.


Фурқат қишлоғи - Ўш ва шаҳар атрофидаги ҳужумга учраган мавзелардан бири.

Қишлоқ шаҳарнинг шарқ томонида, Помир йўлининг иккинчи ва учинчи километрлари орасида, йўлнинг ўнг томонида жойлашган.

Шу кунгача Фурқатда юз берган фожианинг баъзи ҳикояларини эшиттирган эдик.

Бугун яна бир фурқатлик 11 июн кунги воқеаларни эслайди.

Бундан ташқари суҳбатини тинглайдиганингиз фурқатлик билан 11 июн куни, Ўш вақти билан 13. 20 да гаплашган ва у ўша дақиқаларда бўлаётган воқеалар тўғрисида айтиб берган эди.

Озодлик: Демак¸ 10 июндан 11 июнга ўтар кечаси¸ пайшанбадан жумага ўтар кечаси ....

- Каттаси ўшанда бошландида. Эртароқ ëтганлар уже уйқуга кетган пайтда ўқ овози шаҳарни тутиб кетди.

Озодлик: Ўқ овозлари шаҳар томондан келдими?

- Ҳа¸ кечаси 12 дан кейин бутун шаҳарни ўқ овози эгалладида. Эрталабгача аҳволни тўлиқ тушунмасдан ҳаммаси эплаб тонг оттирдик. Мен кўз юмганим йўқ. Эрталаб саҳар соат бешлардан кейин ўқ отиш тўхтади.

Озодлик: Жума куни эрталабки гап.

- Жума куни эрталаб саҳарда ўқ отиш тўхтади. Мирзолимга (Мирзолим – Ўш билан Фурқат қишлоғи ўртасидаги, қишлоқ бошланадиган жойдаги Мирзаолим гузари) чиққан пайтимизда нариëқда (Фурқат қишлоғи томондан, демоқчи) бақир-қийқир бошланди. Фурқат мавзеида иккита масжид бор. Нариги мадрасада асосан қирғиз миллатига мансуб мусулмонлар намоз ўқийди. Оралиғи 300-400 метр бўладиган бериги масжидда Фурқат масжидида (Мадраса Ўшдан олисроқ, Фурқат масжиди Ўшга яқинроқ, мадраса билан масжид ораси 300 метрча) ўзбек миллатига мансублар ўқийди. Эрта билан чиққанда¸ у тарафдан юриш бўлганда Фурқат масжидидан чиққан маҳалла оқсоқоллари¸ имомлари уларни тўхтатиб (Қавми ўзбек ва қирғизлардан иборат мадраса назарда тутиляпти) чунки ҳамма бир-бирининг юзини танийдида. Фалонча ака¸ палонча ака¸ пистончи оға бундай қиламиз деб улар у ëққа қайтди¸ бизникилар бу ëққа қайтди. Тарқаб кетишди Бомдод пайтида¸ дейди суҳбатдошимиз.

Демак, иккала миллат вакиллари бир-бирини тушунди. Тинч тарқади.

- Соат 11 га яқин яна миш-миш кела бошлади у ерда келаяпти деб. Маҳалламиздаги болалар бориб кўриб қайтди. Чунки у пайтда улар озчилик эди. Масжиднинг олдидан улар қайтишди. Ҳамма жума ўқийдиган пайтда БТР лар уже етиб борди. Одамлар жумага кираëтган пайтида ëшлар у тарафдан ҳам¸ бу тарафдан ҳам тўпланди. Жума пайтида соат 1 дан 2 гача. Шундан кейин БТР икки-уч марта осмонга ўқ отса ўзбеклар тарафга қараб Баҳодиржон¸ Бахтиëр ўлди ўша пайтда¸ дейди суҳбатдошимиз.

Мана энди, шу ерга келганда, бир ҳафта олдин, 11 июн, Ўш вақти билан 13. 20 да ёзиб олинган мулоқотни тингланг.






(Суҳбатдошимиз гапираëтган пайтда орқада одамларнинг бақир-чақирлари эшитилмоқда. Бу бақир-чақир овозлари бутун суҳбатимиз давомида эшитилиб турди) Ҳўй¸ беш-олтита уй ëнаяпти қаторасига.

Озодлик: Қаерда?

- Қаторасига ëняпти.

Озодлик: Қаерда? Фурқатдами?

- А?

Озодлик: Фурқатдами?

- Нимади?

Озодлик: Фурқатдами?

- Фурқатда.

Озодлик: Ким ўт қўйиб юборди?

- Қирғизлар. Қирғиз тараф қўйган бари ўзбекларнинг уйига. Каримжоннинг уйи¸ Қобил аканинг уйи¸ Иззатулла аканинг уйи (шу ерда суҳбатдошимиз гапирмасдан турганида одамларнинг дод-войи¸ бақир-чақирлари янада қаттиқроқ эшитилди) ....

Озодлик: Солдатлар ....

- Тўртта¸ тўртта-бешта уй ëнаяпти. Тўртта-бешта одам ўлди.

Озодлик: Солдатлар ҳеч нарса қилмаяптими?

- Солдатлар осмонга ва ўзбекларга қараб отаяпти. (Шу жойда одамларнинг бақир-чақирлари янада авжига чиқди) Осмонга отаяпти¸ ўзбекларга отаяпти¸ дейди суҳбатдошимиз.

Шу ерда изоҳ зарурати бор. 11 июн куни Ўшда фожеа бошланганини эшитиб, шаҳарнинг турли мавзелари билан боғлана бошладик ва бошқа респондентларимиз қатори гапларини ўқиëтганингиз суҳбатдошимиз билан ҳам боғланиб қолдик.

Овозини ёзишни бошлагунимизча, у қишлоққа БТРда аскарлар етиб келганини айтишга улгурган эди. “Солдатлар ҳеч нарса қилмаяптими?” деган саволнинг пайдо бўлиши шундан.

Мулоқотимиз узилиб қолган сонияларда суҳбатдошимиз панароқ жойга ўтиб олган эди.

- Чеккароққа ўтдим. (Суҳбатдошимиз шу гапни айтганида ҳансираб нафас олаëтган эди) Полный куйиб кетган. Каримжоннинг уйи полный ëнаяпти. (Шу пайтда автоматдан отилаëтган ўқ овозлари эшитилди) Мана яна солдатлар келиб ўзбеклар тарафга отаяпти. Мана ўқ овози эштилаяптими?

Озодлик:
Одамларни отаяптими?

- Мана¸ ўқ овози эшитилаяптими мана?

Озодлик: Эшитилаяпти.

- Мана ҳозир танк ëнимиздан ўтиб кетди.

Озодлик: Одамларни отдими?

- Отаяпти лекин орада тўртта-бешта одам ҳалиги (Суҳбатдошимизнинг гапи шу ерга келганда тариллатиб отилаëтган ўқ овозлари эшитила бошлади. Тариллатиб отилаëтган ўқ овозлари орасида суҳбатдошимиз “мана¸ мана” деб ўқлар отилаëтганига ишорат қилмоқда) Ҳўй¸ бу даҳшат. Дўзах бўп кетди. Эшитилаяптими?

Озодлик: Эшитилаяпти.

- Дўзах бўп кетди. (отилаëтган ўқ овозлари ҳали ҳам эшитилиб турибди)

Озодлик: Ало.

(шу ерда алоқа сал ëмонроқ бўлиб суҳбатдошимизнинг бир гапини эшитиш қийинроқ бўлди. Аммо отилаëтган ўқ овозлари келиб турибди) Эшитилаяптими?

Озодлик: Эшитилаяпти.

- А?

Озодлик: Эшитилаяпти. (отилаëтган ўқ овозлари тўхтамасдан эшитилиб турибди) Эшитилаяпти ҳаммаси. Шунақа қилиб одамларни отаяптими?

- (бу савол берилган пайтда ўқ овозлари ҳали тўхтагани йўқ эди) Ана.

Озодлик: Одамларни отаяптими?

- Ҳа. Ҳозир энди улар анақаларга бериб қўйиб қочаяпти. Солдатлар ўзбекни отиб бериб қўйиб бурилиб кетишди. Энди қирғизлар тош отишаяптида. (шу ерда одамларнинг бақир-чақирлари авжига чиқиб қаттиқроқ эшитилди)

Озодлик: Бостириб келган қирғиз болалар ўша атрофдагиларми ë нотанишми?

- Қочаяпман мен ҳам. Қочаяпман мен ҳам¸ деганидан кейин суҳбатдошимиз билан шу ерда алоқа узилди.

Эслатиб ўтаман, бу 11 июн куни, Ўш вақти билан соат 13. 20 да Ўшнинг шарқидаги Фурқат қишлоғида, қишлоқнинг катта автомобил йўли – Помир йўли четида жойлашган масжиди атрофида турган фурқатлик билан қилинган мулоқотнинг аудиоёзуви эди.

Ўша куни суҳбатдошимиз ўлмай қолди.

Орадан бир ҳафта ўтиб, 18 июн куни у киши билан 11 июн воқеаларини эслаяпмиз.

- Қирғиз тарафга қараб осмонга отди¸ ўзбек тарафга қараб нишонга олиб отди.

Озодлик: БТР қаердан пайдо бўлди? Ўшдан чиқдими ëки ...

- БТР шаҳар тарафдан чиқди. Шаҳар тарафдан чиқди. Устида 12-13 та солдат. Ҳаммаси автоматини¸ маҳаллий аҳоли у ерда ўзбекми¸ шунинг учун улар ҳар тарафга қараб қочди¸ улар тарафга қаратиб устидан ўқ отди. Улар аралашган пайтида нишонга олиб ўқ отди.

Озодлик: Нима ëки ким аралашган пайтда?

- У ерда қирғиз маҳалла¸ ўзбек маҳалла аралашку. Шунинг ўртасида қирғизлар уже нариги тарафдан¸ қирғиз маҳалла тарафдан кўпайишдими¸ кўпайгандан кейин уни сурган киши бўлиб туриб военныйлар уларга қўшилдида. Агар военныйлар қўшилмаганида эди¸ ўзи келишиб олиши ҳам мумкин эди. Чунки эрталаб халқ келишганку ўзбек билан қирғиз. Военныйлар уларга қўшилгандан кейин¸ военный ўзбек тарафга қараб отиб тургандан кейин улар ҳам мағрурланишиб ўзбекни қириш бошланди. Ўзбек халқи қирғиз халқи билан урушганда¸ бир-икки соатнинг ичида ярашиб кетарди. Ҳарбийлар уларга қўшилиб¸ ўзбекни қиришни бошлагандан кейин қирғиз халқи ҳам ҳеч нарса қила олмай қолдида.

Озодлик: Сиз билан ўқ овозлари эшитилаëтган пайтда¸ ўқ ëғилаëтган пайтда гаплашган эдик. Ўша дақиқаларда нечта одам ўлди ўқдан?

- Тахминан 12 та одам ўлди. Шу маҳалланинг мен таниган 10-12 та одами ўлди. Нотанишни билмайман. Мен ўзим таниган қадрдон укаларимдан¸ маҳалладаги биродарларимдан 10-12 та одам ўлди.

Озодлик: Фурқатликларми ҳаммаси?

- Фурқат зонасидан 10-12 та одам ўлди. Фурқат¸ Помирскийдан¸ икковининг оралиғи яқинку¸ 200-300 метр¸ ҳамамси бўлиб ўша куни ва кечаси билан 30-40 та одам¸ битта Фурқат мавзеимиздан 40 та йигитимиздан ажралдикда. Бу 40 танинг 39 таси солдатнинг ўқидан ўлдида. Шуниси алам қилади.

Озодлик: Шунинг ҳисоб-китобини қилдингларми?

- Бир-биримиз билан гаплашамизку. Фақат ҳаммаси автомат ўқидан ҳалок бўлганларда. Ҳаммасини уже қўйдикку. Юваëтиб кўриладику.

Озодлик: Бу ҳаммаси 11 июн куни бўлган воқеа-а?

- Ҳа.

Озодлик: Уйларга ҳам ўша куни ўт қўйилдими?

- 11 июн куни кечаси ўзбек маҳаллани қувиб олдида БТР ўқ отиб кетди. Орқасидан маҳаллий қирғиз йигитлари отиб кетди. Иккита-учта уй у куни ëнди. Жума куни кечасида. Уже кеч бўлиб кетган эди. Улар орқага қайтишди. Шанба куни 11-12 ларда яна БТР бориб уларнинг атрофида қўриқлаб Фурқатнинг нариëғидан бу ëққа еталаб олиб келди. Чунки бизнинг еримиз текислик эмас. Пасту баланд ер. Тепадан кўриниб туради. Узоқдан назорат қилиб турдик. Чунки қўлимизда на милтиқ бор¸ на чўзма. У ерда автоматга қарши бора олмаймиз. Кейин оммавий қирғинбарот бошландида. Фурқатдан бошлаб 99 фоиз уй авторемзаводгача ëниб битди. Ўзимизнинг уйимизни сақлаб қолишга шунча ҳаракат қилганимиз билан қўлимизда чўзмамиз бўлмаса¸ автоматларга¸ БТР нинг отишига қарши чиқа олмас эканмизда. Эртаси куни Қирариқ массиви яна ўша аҳвол бўлди. БТР олдида кузатиб сопровождение қилиб келди қирғин қилиб. Кейин БТР билан кучи етмасдан ўзбек халқининг ҳам ғурури бор экан ўлимга тик боришиб ўша ердан қайтаришди¸ дейди суҳбатдошимиз.

Суҳбат давомида тилга олинган жойларни тасаввур қилишингиз учун маълумот:

Увом дарёси Ўш шаҳрининг шарқий чегарасидир.

Увом дарёси билан Фурқат қишлоғи орасида Увомбўйи гузари, Қирариқ гузари, Автомобилларни таъмирлаш заводи, Мирзаолим гузари бор.

Тилга олинган гузарлар атрофидаги маҳаллалар, аҳолисининг айтишича, 11, 12, 13 июн кунлари куйиб кул бўлди.

Тилга олинган ҳудуд аҳолиси фарзандлари ўқийдиган Лев Толстой номидаги мактабга ҳам ўт қўйилди.

Лавҳамиз охирида бугунги суҳбатдошимиз айтган бир гапни яна бир марта эшиттирмоқчимиз.

- Военныйлар уларга қўшилдида. Агар военныйлар қўшилмаганида эди¸ ўзи келишиб олиши ҳам мумкин эди. Чунки эрталаб халқ келишганку ўзбек билан қирғиз. Военныйлар уларга қўшилгандан кейин¸ военный ўзбек тарафга қараб отиб тургандан кейин улар ҳам мағрурланишиб ўзбекни қириш бошланди. Ўзбек халқи қирғиз халқи билан урушганда¸ бир-икки соатнинг ичида ярашиб кетарди. Ҳарбийлар уларга қўшилиб¸ ўзбекни қиришни бошлагандан кейин қирғиз халқи ҳам ҳеч нарса қила олмай қолдида.
XS
SM
MD
LG