Линклар

Хунрезлик борасида маълумот тўплаганлар қамалмоқда


Халқаро ташкилотлар Қирғизистон милициясини қийноқларда ҳам айбламоқда.

Халқаро ташкилотлар Қирғизистон милициясини қийноқларда ҳам айбламоқда.

Халқаро ташкилотлар Қирғизистон жанубидаги хунрезликлар ва тинч аҳолига қарши ўқ отганларга милиция ходимлари кўмак кўрсатгани тўғрисида маълумотлар йиққан жалолободлик ҳуқуқ ҳимоячиси Азимжон Асқаровнинг қамоққа олинишига норозилик билдирмоқдалар.

“БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Женевага Қирғизистон жанубида қўлга олинган ҳуқуқ ҳимоячиси ҳақидаги маълумотни етказади”, деди 18 июн куни Азимжон Асқаров ҳимояси учун Бишкекда бўлиб ўтган пикет иштирокчилари билан учрашган БМТ вақолатхонаси расмийси Султон Гаджиев.

Унинг айтишича, БМТ инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссарлиги Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаевага ҳам бу борада мурожаат жўнатилганини билдириб ўтди.

Пикетда иштирок этган бишкеклик ҳуқуқ ҳимоячиси Назгул Турдубаевага кўра, Азимжон Асқаров 13 июн куни Жалолобод вилоятининг Бозорқўрғон туманида қуролли гуруҳ тинч аҳолига ўқ отгани ва милиция ходимлари бу қуролли гуруҳни тўхтатишга ҳаракат қилмаганини видеотасвирга олган.

Ҳуқуқ ҳимоячиларига кўра, Азимжон асқаров айни мана шундай далилларни йиққани учун ҳам милиция томонидан қўлга олинган.
Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Азимбек Бекназаров эса Азимжон Асқаров оммавий тартибсизликларни уюштирганлкда гумон қилиниб қамоққа олинганини айтди.

Бироқ бир қатор халқаро ташкилотлар “Азимжон Асқаровга нисбатан жиноят иши сиёсий буюртма сифатида махсус очилган ва унга нисбатан қалбаки айблов қўйилмоқда”, деб ҳисоблайдилар.

Ҳюман Райтс Увотч халқаро ташкилоти Қирғизистон муваққат ҳукумати раиси ўринбосари Азимбек Бекназаровга Азимжон асқаровни озод қилиш талаби билан мурожаат жўнатган.

Халқро ташкилотга кўра, Азимжон Асқаров узоқ йиллар давомида маҳаллий милиция томонидан содир этилаётган ноқонуний ҳатти –ҳаракатларга қарши курашиб келган ва маҳбусларни сақлаш шароитларини ўрганган. Шунинг учун ҳам унинг қамоққа олинишини қассос сифатида баҳолаш мумкин.

Айни пайтда нуфузли халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров қамоқда қийноқққа солингани тўғрисида ҳам маълумот бермоқдалар. Бироқ Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралдари расмийлари бу маълумотларни рад этмоқдалар.

Жалолобод вилояти прокурори К.Турдумамбетов Азимжон Асқаров оммавий тартибсизликларни уюштиргани милиционер гувоҳлар кўрсатмаси билан тўла исботланганини билдирди.

Айни пайтда Азамжон Асқаровнинг оила аъзолари милиция ходимлари уларнинг уйларига ноқонуний бостириб киргани ва милиция ходимларининг тинч аҳолини отган қуролли гуруҳга қаршилик кўрсатмагани тўғрисидаги видеоёзувни қидирганларини айтмоқдалар.

Азимжон Асқаров Қирғизистондаги таниқли ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири бўлиб, у асосан милиция ходимлари томонидан содир этилган ноқонуний ҳатти-ҳаракатларни ўрганган.

Жалолободлик таниқли журналист Улуғбек Абдусаломов ҳам қамоққа олингани тўғрисида маълумотлар бор. Бироқ унинг тақдири ҳақида ва айни пайтда қаерда экани тўғрисида ҳеч қандай маълумотлар берилмаётир.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG