Линклар

logo-print

Олмаотада ўзбек қочқинлари ҳибс қилинди


 Қозоқ полицияси 29 қочқинни қўлга олди.

Қозоқ полицияси 29 қочқинни қўлга олди.

Олмаота прокуратураси Қозоғистонда бошпана топган қочқинлар орасида Ўзбекистон томонидан оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айбланган шахслар қўлга олинганини ва яқин кунларда ватанларига қайтарилишлари мумкинлигини билдирди.

18 июн куни Олмаота прокуратураси 9 июндан то 11 июнга қадар 29 нафар қочқин қўлга олинган бўлиб, уларнинг аксари Ўзбекистон фуқаролари эканини расман маълум қилди. Бу ҳақда батафсилроқ маълумот олиш мақсадида, шаҳар прокуратурасининг матбуот хизмати билан боғландик.

- 9 июн билан 11 июн оралиғида Қозоғистон миллий хавфсизлик қўмитаси ва ички ишлар департаменти ходимлари томонидан ўтказилган оператив текширув натижасида, Ўзбекистон республикасида оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этганлик айблови билан халқаро қидирувга эълон қилинган йигирма тўққиз нафар хориж фуқароси қўлга олинди. Қўлга олинганларнинг аксарини Ўзбекистон фуқаролари ташкил қилади. Ўзбек ҳуқуқ-тартибот органлари бу кишиларни терроризм, қотиллик, диний экстремистик, фундаментал сепаратистик, таъқиқланган ташкилотларни ташкил этиш ва уларда иштирок этиш каби кўплаб жиноятларни содир этганликда айблаган. Бундай жиноятлар содир этганлик учун ўн йилдан то бир умргача озодликдан маҳрум қилиш каби жазо чоралари кўзланган, - дея маълум қилди Озодлик мухбирига прокуратура матбуот хизмати вакиласи Гулнора Байсаламова.

Унга кўра, айни пайтда йигирма тўққиз нафар қочқин Олмаота шаҳри Ички ишлар департаментининг тергов изоляторида сақланмоқда. Олмаота шаҳри суди уларни экстрадицион ҳибсга олиш учун қарор чиқаргани маълум бўлди. Олдинда ушбу қочқинларни суд кутмоқда.

Эслатиш жоизки, 9 июн куни фуқаролик кийимида бўлган ўнлаб кишилар тонгда Олмаотада ўзбек қочқинлари яшайдиган уйларга бостириб кириб, уларни ҳибсга олгандилар. Сўнг ушбу қочқинларнинг йигирма тўрт нафари тергов ҳибсхонасида олиб қолиниб, қолганлари озодликка қўйиб юборилганди.

10 июн куни Олматада бедарак йўқолган ўзбек қочқинларидан бири ва 11 июн куни фуқаролик кийимидаги одамлар томонидан қўлга олинган уч нафар қочқин ҳам ҳозирда тергов изоляторида сақланаётганлари аниқланди.

Қозоғистондаги ўзбек қочқинлари ташаббус гуруҳи вакилларининг Озодликка билдиришича, айни пайтда тергов изоляторида сақланаётган йигирма тўққиз қочқиннинг йигирма олтитаси Ўзбекистон фуқаролари, икки нафари Тожикистон ва бири Қирғизистон фуқаросидир.

Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон кўпинча диндорларга қалбаки айбловлар билан жиноий иш қўзғаши, қамаши ва қийноққа солишини ҳисобга олган ҳолда, қозоқ ҳукуматининг уларни Ўзбекистонга бериб юбормаслиги шартлигини таъкидлаб келишмоқда.

Олмаотада йигирма тўққиз қочқин тақдири ҳозирча номаълумлигича қолаётган бир пайти, Озодлик мухбири билан боғланган ўзбек қочқинларининг баъзилари қўшни мамлакатда яшаб турган уйларидан чиқариб юборилаётганларини маълум қилдилар. Ана шундай воқеа куни кеча бир ўзбек қочқини билан содир бўлгани аниқланди.

- Бу ерда ҳамма қочқинлар арзонроқ квартираларни олиб туришади, квартиранинг эгаси ўша қочқинга уйимни бўшатиб қўйларинг, деб айтибди. Иложи бўлса бугун ёки эртага эрталаб, деб айтибди. У қочқиннинг тушкунлика тушиб юрган пайти бўлган, нега энди ҳозир бўшатамиз, нима гап деса, мени неча кундан бери шунақанги сўроқ қилишаяпти сенларнинг орқангдан. Ҳаттоки қочқинлар ушланган кундан олдин ҳам, уй эгасини чақиртирилиб, сўроқ қилинган экан. Эрталабадан кечгача олиб ўтириб. Қочқинлар ушлангандан кейин эса, уй эгасини чақиртириб, янада қаттиқроқ сўроқ қилишибди. Унга ҳар ҳил саволлар беришибди қочқинлар ҳақида, - дейди ўзбек қочқинларидан бир.

Унинг айтишича, улар ижарага олган уйлар эгалари махфий хизмат ҳодимларининг босими остида диндор ўзбек қочқинларига бундан-буён уйни ижарага топширишдан бош тортишаяпти.

- Уйни эгаси ўша одамларга сизлар ўзи кимсизлар деса, биз ўша қочқиннинг ака-укаларимиз, деб устидан кулгандек жавоб беришибди. Лекин ўзларининг саволларини бераверишибди. Кейин охирида айтишибдики, бизга шу уйнинг калитидан ҳам бериб қўясан, дейишибди. Ўзи уйнинг эгаси олдиндан сезиб бўлган экан, бу кишиларнинг фуқаролик кийимидаги орган ҳодимлари, махфий хизмат ҳодимлари эканларини. Кейин у қўрқиб кетибди, демак, булар диндор қочқинлар ортидан тушибдими, демак, эртага уйимга бир нима ташлаб қўйиб, мени ҳам бунга тортиб кетишади, деб ўйлабди. Йўқ, калитни ҳам бермайман, қочқинларни ҳам уйимдан чиқариб юбораман, деб ўша ердан қутилиб чиқиб кетибди, - дейди ўзбек қочқини.

Бундан ташқари ҳозирда, эрлари Олмаота шаҳри ички ишлар департаментининг тергов ҳибсхонасида сақланаётган ўзбек қочқинларининг рафиқалари ҳам уй эгалари томонидан гўдаклари билан яшаб турган уйларидан чиқариб юборилаётганлари маълум бўлди.

Аввалги лавҳаларимизда, қозоқ махфий хизмати ҳодимлари таъқибидан ҳавотирда бўлган ўзбек қочқинлари, ижарадаги уйларига боришдан қўрқиб, кўчаларда сарсон бўлиб юрганлари ҳақида маълум қилгандик.

Мавзуни ёритиш чоғида, бу ҳолат юзасидан қозоқ ҳуқуқ-тартибот органларидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG