Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:12

БМТ раҳбари жабрланган қирғизистонликларга ëрдам сўрамоқда


Деярли вайронага айланган Ўш гуманитар бўҳрон ёқасида экани айтилмоқда.
Деярли вайронага айланган Ўш гуманитар бўҳрон ёқасида экани айтилмоқда.

БМТ Бош котиби Бан Ки Мун Қирғизистон жанубида юзага келган гуманитар бўҳрон оқибатларини бартараф этиш учун халқаро ҳамжамиятни Қирғизистон ҳукуматига 71 миллион долларлик ёрдам кўрсатишга чақирди.

БМТ Бош котиби сўзларига кўра, Ўш шаҳар ва Ўш вилоятидаги зўравонликлар туфайли 300 мингдан ортиқ фуқаро турар жойларини ташлаб кетишга мажбур бўлган, 120 мингдан ошиқ қирғизистонлик ўзбек эса қўшни Ўзбекистондан бошпана топган.

Бан Ки Мун айни пайтда яна ўн минглаб фуқаро Қирғизистон жанубини тарк этаётгани ва минтақада озиқ-овқат ва ичимлик суви етишмовчилиги, электр тармоғида узулишлар бўлаётгани ҳамда айрим жойларда талон тарожлик давом этаётганини маълум қилди.

- Давом этаётган талон тарожлик, керакли маҳсулотларнинг етишмаётганлиги ҳамда шаҳарда ҳаракатланишга жорий этилган таъқиқ туфайли озиқ-овқат, ичимлик суви ва электр энергия тақчиллиги юзага чиқди. Шифохоналар ва бошқа муасассаларда эса дори-дармон тугаб бормоқда, деди БМТ Бош котиби.

Бан Ки Мун, шунингдек Қирғизистон муваққат ҳукумати раҳбари Роза Ўтунбаева, Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва бошқа расмийлар билан телефон орқали боғланиб, Қирғизистон жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш имкониятларини муҳокама қилганини маълум қилди.

БМТнинг инсонпарварлик ёрдами масалалари билан шуғулланувчи идора вакилларига кўра, ёрдам тариқасида тўпланадиган 71 миллион доллар келаси олти ой давомида Қирғизистон жанубидаги зўравонликлардан жабр кўрган салкам 1.1 миллион киши эҳтиёжлари учун сарфланади. Мазкур идора раҳбари Жон Ҳолмс Қирғизистон жанубидаги зўравонликлар кўламидан ҳайратга тушганини маълум қилди.

18 июн куни эса АҚШ Давлат котибининг Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси Роберт Блейк Андижон вилоятида бошпана топган қирғизистонлик ўзбек қочқинлари билан учрашди. Cўнгра Роберт Блейк Бишкекка сафар қилиб, Қирғизистон ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаева билан юзага келган вазиятни муҳокама қилди.

АҚШнинг Марказий Осиё бўйича олий мартабали расмийси Қирғизистон ҳукуматини Ўшда рўй берган этник зўравонликлар юзасидан халқаро мустақил текширув ўтказишга чақирди.

-АҚШ Қирғизистон жанубида давом этаётган зўравонликлардан жиддий хавотир билдиради. Биз ушбу давлат муваққат ҳукуматини жанубдаги хунрезликларни тўхтатиш борасида зудлик билан барча имкониятларни ишга солишга чақирамиз, деди Роберт Блейк.

Айни пайтда Бишкекдаги бир қатор нодавлат ташкилотлари ҳам Қирғизистон ҳукуматини Ўш ва Жалолобод воқеалари юзасидан мустақил текширув ўтказишга чақирмоқда.

Нодавлат ташкилотларининг бу борада муваққат ҳукуматга жўнатган мурожаатларида айтилишича, фақат мустақил текширувгина қирғизистонликларнинг муваққат ҳукуматга бўлган ишончини қайта тиклаши мумкин.
XS
SM
MD
LG