Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:42

Каримов Қирғизистондаги воқеаларни ваҳшийлик деб атади


Каримов ўзбек билан қирғиз муаммони ўзлари ҳал қилиб олади¸ деган ишончда.
Каримов ўзбек билан қирғиз муаммони ўзлари ҳал қилиб олади¸ деган ишончда.

Ўш ва Жалолободдаги хунрезликка аксар ўзбекистонликларга уйқаш баҳо берган Тошкент раҳбари¸ четдан уюштирилган бу қирғиндан кўзланган мақсад Ўзбекистонни урушга тортиш¸ дея бaëнот берди ва Ўзбекистоннинг бундай фитнага учмаслигини таъкидлади.


Қирғизистон жанубида рўй берган қонли воқеаларга муносабат билдирган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу четдан туриб уюштирилган, бошқарилган қўпорувчилик ҳаракатидир, бу қўпорувчиликни уюштирган кучларнинг нияти Ўзбекистонни ҳам бу қарама-қаршиликка тортишдан иборат бўлган, дея билдирди.

Каримовнинг мазкур баёноти 18 июн куни Бухорога қилган сафари чоғида янгради. Бир гуруҳ фермерлар ва вилоят фаоллари билан Бухорода ўтказилган мулоқот чоғида Ислом Каримов ўтган ҳафта Қирғизистон жанубида рўй берган қонли воқеаларга алоҳида тўхталиб ўтди.

Қуйида Ислом Каримовнинг Қирғизистондаги хунрезлик ҳақида айтганлари матни:

- Бизларнинг қўшнимиз Қирғизистонда бўлган воқеалар ҳақида. Бу ҳақда телевидение орқали¸ Ахборот орқали сизлар хабардорсизлар. Бу ҳақда кўп гапириш ортиқча, деб ўйлайман. Лекин шуни айтиш керакки¸ шу фожиа атрофида¸ бундай қонли фожиани одам ўзи эшитиш¸ кузатиш ўзи бир азоб. Ўзи одамни ўлдириш¸ қон тўкиш¸ ҳеч¸ нима деймиз бегуноҳ чақалоқларни¸ болаларни¸ айтайлик ҳомиладор аëлларни ўлдириш ëки ярадор қилиш, ўйлайманки бу ваҳшийлик. Бу инсон деб ўзини ҳисобласа¸ ҳайвондан фарқини тушунадиган бўлса агар¸ ўзини инсон деб ҳисобласа¸ бунақа ишларга ҳеч қачон ҳеч қаерда йўл қўймайди. Агарки ўзини инсон деб ҳисобласа. Майли шу ҳақда кўп гапиришнинг ҳожати йўқ. Бу ҳақда вақти келганда бу фожиа якунланиб¸ ишонаман шунга иншооллоҳ яқин кунларда бу масала¸ бу муаммо ечилади.

Халқимизни нима қийнайди? Бунга нима сабаб бўлди? Нима учун айни бизларнинг чегарамизда Ўш шаҳрида¸ Ўш вилоятида¸ Жалолобод вилоятида бунақа ҳеч ақлга сиғмайдиган қонли фожиа бўлган?

Бунга сабаб деб гапирадиган бўлсак¸ кўп сабабни олиб келиш мумкин ва бунга уринадиганлар сони яна кўпаяди. Бунинг атрофида парвона бўлиб юрганлар сони кўп. Бу қон тўкишни давом эттиришни хоҳлаганлар ҳам атрофда парвона бўлиб юрганини бизлар ҳеч қачон эсимиздан чиқармаслигимиз керак. Керак бўлса кимдир бизларга дўст¸ кимдир бизларга душман. Мен бир вақтлар айтган эдим фақат ўз кучига ишониш керак. Фақат ўз куч-қудратига ишониш керак. Бизларга келиб четдан ëрдам бермайди.

Қайси миллатни¸ қайси давлатни бутун дунë тан олади? Агар ўзи кучли¸ қудратли бўлса¸ ўз кучига эга бўлса¸ эртанги кунига¸ эртанги қураëтган келажагига ҳар томонлама кучи етадиган бўлса¸ керак бўлса салоҳияти етарли бўлса¸ керак бўлса қўлидан бунақа бунëдкорлик чиқадиган¸ ўзини ўзи боқиш у ëқда турсин керак бўлса бошқаларга ўрнак бўладиган¸ керак бўлса бошқаларга ëрдам беришга тайëр бўлган халқни¸ миллатни бутун дунë тан олади. Келажаги бор халқнинг бағри кенг бўлади. Қонга қон деб¸ қасос деб агар бизлар қадам қўядиган бўлсак¸ давлатимиз бунга агар қарор қабул қилса¸ кимдир айтайлик бунга даъват қиладиган бўлса¸ мен бунга 100 фоиз қўшилмайман. Нафақат қўшилмайман¸ буларни мен ўзимизнинг халқимизнинг душмани деб билишга тайëрман. Яна ортиқча қон тўкишга¸ яна болаларимизни нобуд бўлишга¸ фарзандларимизнинг нобуд бўлишига олиб келади. У ëғини ўйлаш керак.

Такрор айтаман¸ қарорни президент қабул қилади¸ лекин халқимизнинг фикрини билмасдан туриб¸ халқимизнинг мана шунақа жуда нозик¸ ўта оғир¸ нима деймиз ҳар томонлама¸ ҳеч бунақа масалалар учрамасин ўзи¸ жуда мураккаб бунақа масалада¸ такрор айтаман мен албатта халқимнинг фикрига суяниб¸ жамоатчилигимизнинг фикрига суяниб қарор қабул қилишим керак. лекин менинг олдиндан ўзимнинг шахсий фикрим шуки¸ ҳеч қачон бизлар қасос олиш¸ ҳеч қачон кимнингдир чегарасини бузиш¸ қайсидир чегарадан ўтиб кимнингдир уйини вайрона қилишга ëки ким биландир олишиб ҳар томонлама охир-оқибатда чегараларимизда қайси жой бўлмасин уруш ташкил қилишга¸ мен ҳеч қачон бунга бормайман ва мен президент эканман¸ бунақа айтайлик ахмоқона сиëсатга йўл қўймайман.


Айрим давлатларда билдирилаëтган бир ëқлама муносабатга Каримов ўз муносабатини билдириб айтди бу гапларни:

Мана ҳозир Жалолободда¸ Ўшда қанақа воқеалар бўлаяпти. Лекин уларнинг муносабатини кўрсанг агар¸ сизлар нима қилсангиз қилаверинглар¸ фақат бизларнинг тинчлигимизни бузманглар. Қирғин бўлаяпти у ерда¸ қўшнимизда¸ чегарамизда. Лекин бунга ҳам айтайлик эътибор берсангиз¸ бирорта қандайдир безовта бўладиган¸ қандайдир бу қирғинни тўхтатадиган қарор ҳали бери чиққани йўқ.

Нима учун бу воқеа пайдо бўлди¸ деган савол камдан-кам берилади. Асосий берадиган савол нима эмиш¸ ўзбек миллати билан қирғиз миллати орасида бўладиган тўқнашув¸ содир бўлган тўқнашув. Бу икки миллатни¸ иккита этник гуруҳни яъни ўзбекона гапирадиган бўлсак¸ иккита миллатнинг орасида бўлган қанақадир қарама-қаршилик ë қон тўкиш деган гапга мен мутлақо қаршиман.

Нима учун? Бу уюшган¸ уюштирилган бир акция. Яъни ўзбекона айтганда бир қўпорувчи ҳаракат. Уюштирган¸ бунга манфааатдор бўлган кучларни ҳам бизлар биламиз. Бундай фожиага сабаб бўлган қирғиз халқи эмас¸ у ерда яшаëтган ўзбек миллати эмас. Четдан туриб иккита халқни бир-бирига қарама-қарши қилиш¸ қон тўкишга сабаб бўлиш энг муҳим уларнинг пинҳона керак бўлса ҳаракати бу урушга¸ бу тўқнашувга Ўзбекистонни қўшиб қўйиш. Асосий мақсад¸ муддао қандай қилиб ўзбекларнинг¸ Ўзбекистонда яшаëтган ўзбекларнинг жаҳлини чиқариш. Ўзбекларни қизиққон дейдию. Айни шу қизиққонлигини ишга солиш. Бизлар шуни била туриб вазмин бўлишни мен даъват этмоқчиман. Қизиққонлик бу масалада ҳеч қачон¸ ҳеч қачон ҳеч қаерда фойда бермаган. Шу нуқтаи назардан¸ Ўзбекистон ҳеч қачон бунақа можарога қўшилмайди ва Қирғизистон билан ҳар томонлама қонли тўқнашувга¸ албатта ҳеч қачон кирмайди¸ киришга йўл қўймайди. Бизлар буюк халқмиз. Такрор айтдим¸ бағри кенг халқмиз. Бунақа ўйинларга¸ бунақа қўпорувчи ҳаракатларга бизларнинг жавобимиз битта: бизлар ўзимиз қирғизлардан тил топамиз¸ қирғизлар бнилан тинчлик топамиз¸ қирғизлар билан бўлган можароларни ечишга ўзимизнинг қурбимиз етади¸ ақлимиз етади ва тажрибамиз етади.
XS
SM
MD
LG