Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:23

Ўшда комендантлик соат муддати узайтирилди


Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўш, Ўзган шаҳарлари, Ўш вилоятининг Қорасув ва Аравон туманларида комендантлик соати муддатини жорий йилнинг 25 июнигача узайтирди. Бу ҳақда Муваққат ҳукумат матбуот хизмати маълум қилади.

Айни пайтда Жалолободда комендантлик соати 3 соатга қисқартирилди.

Шунингдек, 19 июн куни Қирғизистон муваққат ҳукумати Ўш ва Жалолобод вилоятларидаги талон-тарож пайтида жабр кўрган жисмоний ва юридик шахслар учун солиқ имтиёзлари берилиши ҳақида декрет ёйинлади.

Декретга мувофиқ, 2010 йилнинг 1 июнидан 2012 йилнинг 31 декабригача ҳудудни ривожлантириш ва тиклаш дастурига кирувчи аҳоли пунктларида рўйхатдан ўтган ва фаолият юритаётган субъектларни даромад солиғи ва савдо солиғидан озод қилиш, кичик ва ўрта бизнес субъектларини патент тўлови, ягона солиқ ва бошқа тўловлардан 2011 йилнинг 31 декабригача тўла озод қилиш, 2012 йилнинг 31 декаригача жабрланган аҳоли пунктлари ҳудудида жойлашган хўжалик субъектлари томонидан импорт қилинаётган маҳсулотларни божхона тўловларидан озод қилиш, 50 тадан кўп иш ўринлари ташкил қилган тадбиркорлик субъектларига 5 фоиз ҳамда 100 ва ундан кўп янги иш жойи барпо қилганларга 7 фоиз суғурта солиғи олиниши кўзда тутилган. Бундан ташқари, жабр кўрган тадбиркорлар кўчмас мулк ва ер солиғидан озод қилинади, уларга солиқ, божхона тўловлари ва суғурта бадаллари бўйича жарима санкция бекор қилинади, асосий тўловлар бўйича қарзлар банк кафолатисиз ҳамда маъмурий ва молиявий санкциялар қўлланилмаган ҳолда кечиктирилади.

Бу имтиёзлар мол-мулки шикастсиз қолган тадбиркорларга ҳам дохил бўладими-йўқми – бу ҳақда ҳали изоҳ берилгани йўқ.


Айни пайтда Қирғизистон чегара хизмати қирғизистонлик қочқинларнинг 5000 дан зиёди уйларига қайтгани ҳақида маълум қилди. Эслатиб ўтамиз, 10 кун аввал Ўшда бошланган отишмалар ва уйларга ўт қўйишлар ортидан жонини сақлаб қолиш мақсадида ўзбек миллатига мансуб 100 минг чоғли кексалар, аёллар, болалар ва ярадорлар Ўзбекистон ҳудудига қочиб ўтган эдилар. Ҳозир уларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг чегараолди туманларида ташкил қилинган лагерларда истиқомат қилмоқдалар.

Акипресс ахборот агентлиги 20 июн куни Жалолободга минглаб қочқинлар қайтаётганини, буни қочқинларнинг ўзлари вазият барқарорлашиб қолгани ҳақида айтган қариндошлари гапига ишониб ватанларига қайтаётганлари билан изоҳлаётганини хабар қилади.

Бироқ Қирғизистон жанубидаги вазиятни кузатиб бораётган фуқаролик жамияти фаоллари бугунги кунда Ўш ва Жалолободдаги вазият изга тушди, деган фикрдан йироқлар. Бу хавотир бир қатор нодавлат ташкилотларининг кеча муваққат ҳукуматга йўллаган мурожаатномасида ҳам акс этади.

Ўз мурожаатномаларида ўшлик ва жалолободлик фаоллар жойлардан бир-бирига мутлақо зид бўлган ахборот келиб тушаётгани, маҳаллий ОАВ фалажлантирилгани, аҳоли расмийларнинг шу кундаги вазият ва уни барқарорлаштириш ҳақида, гуманитар ёрдам тақсимоти ҳақида расмий маълумот ололмаётганидан, кўпчилик аввалгидек мобил телефонлар орқали ахборот алмашаётганидан ташвиш изҳор қиладилар. Шунингдек, мурожаатномада расмий маълумотлар отишма ва ёнғинларда ҳалок бўлганлар, ярадорлар ва қочқинлар ҳақида гувоҳлар ва жабрланувчиларнинг ўзлари айтиб берган маълумотлардан кескин фарқ қилаётгани ҳақида, бу ҳақда ҳужжат тўплаётган фаолларга ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан тўсқинлик қилинаётгани, ҳатто бир ҳуқуқ ҳимоячиси ҳибсга олингани қайд этилади.

Қирғизистонлик фаоллар Муваққат ҳукуматдан ва маҳаллий ҳокимиятлардан холис ахборот етказилишини таъминлашни, вазиятни аслидан бошқачароқ қилиб кўрсатмасликни сўрайдилар. Шунингдек, улар Ўш ва Жалолободдаги воқеалар айбдорлари жазоланиши учун халқаро мустақил текширув ўтказилишини талаб қиладилар.

Сўнгги маълумотларга кўра, Ўшда вазият қалтислигича қолмоқда. Маълумотларга кўра, бугун 1000 га яқин киши Ўш шаҳридаги марказий майдонга йиғилганлар. Улар маҳаллий расмийлар олдига бедарак йўқолган қариндошларини топиб бериш талабини қўймоқдалар.

Айни пайтда 19 июн куни баррикадаларидан мосуво қилинган ўзбек маҳаллалари янги провокациялар бошланишидан чўчиб турибдилар.

Эслатиб ўтамиз, кеча Ўш шаҳри коменданти ва шаҳар ички ишлар бошқармаси бошлиғи Курсан Асанов Ўшдаги барча баррикадалар тезкор-тушунтирув ишларидан кейин олиб ташлангани ҳақида маълум қилганди.
XS
SM
MD
LG