Линклар

logo-print

Жалолобод шаҳрида ҳам Ўшда бўлгани каби маҳаллий ўзбекларнинг уйлари, ресторану кафелари ёниб кетган. Жалолободдаги ўзбек жамоатчилиги вакилларига кўра, бу ерда 14 июнга қадар рўй берган зўравонликлар оқибатида камида 700 киши нобуд бўлган.

Жалолобод шаҳридаги Хўжа маҳаллада фақат ўзбеклар яшайди. Хўжа маҳаллалик Бахтиёр аканинг айтишича, Ўшдан сўнг Жалолободга кўчган зўравонлик оқибатида биргина шу маҳаллада 30 дан ортиқ уй куйиб, кулга айланган.

- 32 та уйни ёқишди, катта кафе, ресторанларни ёқишди.

Озодлик: 32 та уй ёнди, деяпсиз. Одам бор эдими шу ёнган уйларда?

- Одамларнинг қочгани қочди. Қочолмаган иккита аёлни тириклайин ёқиб юборишди. Уларни суякларини тўплаб, коробкаларга солдик. Қайнопаси билан келини эди. Уларнинг болалари Ўзбекистонга ўтиб кетган ўша бошланган пайтида, дейди жалолободлик воқеа гувоҳи Бахтиёр ака.

Хўжа маҳаллада уйларда тириклайин ёниб кетган Ҳамида ва Малика Носироваларни қутқаришнинг иложи бўлмаганини Ботирхўжа Хўжакаланов ҳам тасдиқлайди. У ўз маҳалласида уйларнинг ёниши, ҳарбийлар ҳужуми, ҳалок бўлган маҳалладошларини кўрган тирик гувоҳлардан бири.

- Пешинни ўқиб, пешиндан чиққанда. Унгача БТРлар билан улар келиб, ўша уйларни олдига келиб туриб, ўт очишган. Улар қўрққанидан биттаси битта подвалга, иккинчиси бошқа подвалга тушган. Уй ёниб, чиқишнинг иложи бўлмаганда. Полларгача ёниб кетган, толко девори қолган. Ана ўша ердан бош суяклари, майда кичкина-кичкина суякларни териб олинганда. Кичкина коробкачага солиб, иккита дуррага тугиб туриб кўмдик. Ўлганларнинг қаторида уларга ҳам жаноза ўқиб кўмдик, дейди маҳалладошларини охирги йўлга кузатган Ботирхўжа ака.

Хўжа маҳаллалик суҳбатдошимиз икки аёлнинг тириклайин ёниб кетганини иложсизлик билан изоҳлади:

- Қочишнинг иложи бўлмай қолганда, эркаклар масжидда бўлган. Қочиб, бир ерга беркиниш керак-ку. Нима қилишини билмай, ўша ерга беркинган. “Кетиб қолса, чиқамиз” деган, именно ўша ерда уриш олти соат бўлган, дейди жалолободлик суҳбатдошимиз.

Ботирхўжа аканинг айтишича, айни пайтда Жалолободдаги вазият тинч, аммо...

- Лекин барибир хавфи бор-да. Уларга ишонч йўқ бўлаяпти, ишонч йўқ. Одамларни ичидан ишонч чиқиб кетди, дейди суҳбатдошимиз.

Қирғизистон матбуотида қочқинларнинг Ўш ва Жалолободга қайтаётганига доир чиқаётган хабарларни Ботирхўжа Хўжакалонов ҳам тасдиқлайди. Бироқ, суҳбатдошимизга кўра, бу кетганларнинг бари қайтиб келаяпти, дегани эмас.

- Қайтганлар қайтаяпти. Бир-иккитасини кўрдим. Ўзбекистоннинг Андижон, Хонободидагилар келаяпти ҳозир, дейди жалолободлик суҳбатдош.

Жалолободлик Бахтиёр ака кундузи тинчликка ўхшаган Жалолободда тунлари ҳали-ҳануз ўғирлик ва талончиликлар содир бўлаётганини айтади:

- Кечқурунда кетиб қолган ўзбекларнинг уйларини талон-тарож қилишаяпти, ўғирликлар бўлаяпти. Урушни бошлаган қирғиз одамлар ўғирлаяпти, қирғиз болалари. Буни кўзимиз билан кўрдик ҳам. Бир машинада, ўнта-ўн бешта қилиб, ўша катта машиналарда келиб, уйларни ўғирлаб кетишаяпти. Кўчага чиқиб, бирор нарса қилай десангиз, уришади. Бир-иккита болаларимиз калтак еб, Жалолобод шаҳридаги балнисада ётишибди, дейди жалолободлик Бахтиёр ака.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG