Линклар

logo-print

“Ўш шаҳрида осойишталик ўрнатилди, шунинг учун ўзбек маҳаллалари бошига ўрнатилган баррикадалар олиб ташланади” қабилидаги расмий баёнотдан кейин шаҳарда яна 3 кишининг қони тўкилди.

Уларнинг яқинлари Озодлик радиосига айтишича, отилганлардан иккиси вафот этган, бири оғир жароҳат билан Ўзбекистонга олиб кетилган. Уларни шаҳарни назорат қилиб юрган ҳарбий кийимдаги аскарлар отиб ташлаган.

Озодликнинг Ўшдаги суҳбатдошларидан бирининг айтишича, 19 июн куни шаҳарга чиққан уч ўзбек “Ўшда вазият тинчиб қолди” деган гапга ишониб, яраланган отасини қидириб борган эди.

- Дафн маросимини ўтказиб, ҳозир қабрга қўйиб келдик. Биттасини оғир аҳволда Ўзбекистонга олиб кетишди. Белидаги битта ўқини олишолмади, шунга Ўзбекистонга олиб кетишди. Булар отасини қидириб, шаҳарга тушганида, БТРда солдатлар келиб, орқасидан отиб ташлаган, деди суҳбатдошимиз.

Ўш шаҳрига туташ Калинин колхозида яшайдиган бу суҳбатдошимизнинг сўзларини вафот этганларни қабул қилиб олган Ўш шаҳар шифохоналаридан бирининг шифокори ҳам тасдиқлади.

Унинг сўзларига кўра ҳам ўлдирилганлар ўзбек миллатига мансуб ва уларни шаҳарни назорат қилиб юрган ҳарбий кийимдаги қуролли кишилар отиб ташлаган.

- Ўш районда ёнмаган уйи қолган ва у ерда отаси қолган экан. Хабар олгани шаҳарга тушишган. Тушган жойида буларни қирғизлар кўриб қолиб, уриб, бўйнига пичоқ тақашган. Шу пайт мелисалар кўриниб қолган. Кейин қирғизлар қочиб кетишган. Булар ҳам кетайлик деб, машинага ўтираётган пайтда солдатлар орқасидан келиб отиб ташлаган. Солдатлар на поражения отиб ташлашган. Кейин улардан бири ярадор ҳолида машинани ҳайдаб, Калининга борган ва бақир-чақир қилган. Ўша ердаги эл ёрдамга чиқиб, бизга олиб келишди. Йўлдаёқ иккитаси ўлди, биттасини оғир аҳволда вилоят касалхонасига жўнатдик.

Озодлик: Бу Ўш шаҳри тинчиди, деган гапдан кейин отилган дастлабки уч ўзбекми?

- Ҳа.

Озодлик:
Ундан кейин яна отишма ва яраланганлар бўлдими?

- Йўқ, бўлмади шекилли. Мен эшитганим йўқ, деди ўшлик шифокор.

Шаҳарда туриб, яраланган фуқароларга тиббий ёрдам кўрсатаётган шифокор гўёки вазият тинчигандай туюлса-да, аслида бу тинчлик жуда хавотирли, демоқда. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда ваҳимали гап-сўзлар тарқалган.

- Шаҳарга тушганларни уриб, пулларини, соткаларини олиб қўйиб: “Сен сартлар икки кундан кейин сюрприз кутгиле биздан”, деган гапларни гапиришаяпти. Издевательствалар бўлаяпти экан. Чунки Жалолобод ва Бишкекка слухлар тарқалиб кетибди. Ўзбеклар тайёргарлик қилаяпти экан, 22-23 числода улар наступления қилади, деган гаплар тарқалибди. Шунга қирғизлар буни олдини олишга ҳаракат қилишиб юришибди экан. Лекин ўзбеклар ака-укасини йўқотиб, юрагини олдириб бўлди. Улар уйларида ўтирибди. Ахир биз ҳам эшитишимиз керак эди, агар шунақа подготовка бўлаётган бўлса, дейди шифокор.

Ўш шаҳридаги бу шифокор айтган “ҳарбийларнинг сюрпризи” ҳақидаги овозаларни Калинин колхозида яшайдиган суҳбатдошимиз ҳам эшитганини айтди.

- Постларда, қишлоқдан чиқиб, касалхонага борайлик ёки Ўзбекистондан келаётган аёлларимизни олиб келайлик, деган болаларни мелисалар йўлларда тутиб, уриб, соткаларини олиб қўйишиб: “Уч соатдан кейин бориб, қишлоғингни вайрон қиламиз. 22-23 июн куни куни биздан сюрприз кутинглар”, дейишяпти экан.

Озодлик: Ака, бу бугун бўлаётган гапми?

- Кечадан бери бўлаяпти. Бизнинг маҳалла оқсоқоли ва ва яна беш-ўнта болани олиб кетиб, кеча роса уришган. Ҳар қанақа мелисани оғзида шу угроза бўлаяпти ҳозир, дейди ўшлик суҳбатдош

“Бунақа гап-сўзлар воқеалардан аввал ҳам бўлган эди ва биз бу гапларни фитнага учмайлик, деб беэътибор қолдирган эдик”, дея сўзларини давом эттирди бу суҳбатдошимиз.

- 7 апрел куни бу хабар келган. Олойда қирғизлар тайёргарлик кўряпти экан, Ўшни ёқиб юборишар экан, деган гапларни айтишган. Аммо биз ишонмаганмиз. Ҳукумат бору, қараб турмайди деб. Аммо ҳукуматни мелисасию солдати ўзи қўшилиб бизни отганидан кейин “астағфуруллоҳ”, дедик. Қирғизистонга келиб нима қилаяпсизлар, деб сўрайдиган давлат йўқми, опа?! Ниҳоятда қийинчиликда қолиб кетдик, опа. Бунақа бўлади, деб ўйламаган эдик. Сиздан илтимос, гапимизни дунёга етказинг, опа, бизга келиб ёрдам беришсин! Иймон-эътиқодли икки халқ бир-бирини шунақа қилиб сўйиб ўйнашса?! Ўзбеклардан чиқдимикин, деб ўйлаб ҳам кўрдим, опа. Аммо бир менинг қишлоғимнинг 99 фоиз одами намозхон, опа. Уларни қўлидан шунақа иш келадими? Ҳозир бешикда ётган болаларимизни ҳам сўйиб кетишяпти, опа, лекин шунда ҳам биз қасос ҳақида ўйлаётганимиз йўқ. Тушунаяпсизми, опа, дейди суҳбатдош.

Демак, шу каби тингловчиларимиздан 20 июн куни йиғилган маълумотларга кўра, Ўш шаҳрида муваққат ҳукумат иддао қилаётган тинчлик ҳукм сурмоқда, аммо бу тинчлик маҳаллий халқнинг кўнглига хотиржамлик эмас, фақат хавотир солмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG