Линклар

Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод шаҳарларида қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида бўлиб ўтган қонли тўқнашувларга алоқадорликда айбланиб 20 киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон ички ишлар вазирлиги расмий вакили Бақит Сеитов баёнот берди.

Унинг айтишича, қотиллик, ўт қўйиш ва одам ўғирлаш билан боғлиқ ўнлаб жиноят иши очилган ва улар юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қирғизистон раҳбариятининг шанба кунги қарорига биноан Ўш ва Ўзган шаҳарларида, Қорасув ва Аравон туманларида комендант соати 25 июнгача узайтирилди.

Ўшнинг Жийдалик маҳалласида яшовчи Холмуҳаммад шу соатдаги вазият тўғрисида мана буларни айтиб берди:

- Мен Жийдалик маҳалласининг Жим кўчасида тураман. Тун, комендант соати бошланганидан кейин тинч ўтди. Кўчада тўпланганларни ҳавога ўқ отиб тарқатишди. Эрталаб кўчамиздан юзига маска таққан ҳарбийлар ўтди. Бундан буёғига тинчлик бўлади, паника кўтарманглар, деҳқон бўлсанглар далангизга боринг, ишингизга боринглар, деб ўтиб кетишди. Лекин ҳаммасининг юзида маска, қўлларида автомат. Орасида бир мухбирни ҳам кўрдим. Бир нарсаларни ёзиб юрибди. Ҳар ҳолда журналистга ўхшатдим.

Кеча, шунингдек, Ўшнинг ўзбек маҳаллаларида ўрнатилган баррикадалар ҳарбийлар ва милиция томонидан олиб ташланди.

Шаҳар жанубидаги Турон мавзесига олиб борувчи йўлларнинг мавзе бошланадиган жойларидаги баррикадалар ҳам олиб ташланди.

Туронлик Маҳмуджон шу соатлардаги вазият тўғрисидаги саволимизга мана бундай деди:


- Бизнинг Турон шаҳарчамизда аҳолининг ҳукуматга ҳали ишончи йўқ. Кеча эрталаб соат саккизларда спецназнинг болалари келиб, қўлида ҳеч қандай ҳужжатсиз "Раъно" магазини олдидадги уйда тинтув ўтказиб қайтиб кетишди. Қурол излашди, шекилли, лекин ҳеч нарса топмай кетишди. Умуман олганда, шаҳарчамиз ҳалиям нотинч. Шаҳарга ҳеч ким бормаяпти. Баррикадаларни олиб ташлашди. Биздан ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ. Спецназ билан келиб олиб ташлашди. Халқнинг норозилигига қарашмади. Одамлар уйларида юракларини ҳовучлаб ўтиришибди.

10 июндан 11 июнга ўтар кечаси бошланган ҳужумлар оқибатида, расмий маълумотларга кўра камида 192 киши, норасмий маълумотларга кўра 2000 нафар атрофида одам нобуд бўлди.

Юз минглаб одам қочқин ва кўчкинга айланди. Қочқинларнинг қарийб юз минггига Ўзбекистон вақтинчалик бошпана берди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG