Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:29

Қирғиз ҳарбийлари Наримон қишлоғида босқин уюштирди


Наримондаги ҳовлилардан бирида ўтказилган тинтув манзараси.
Наримондаги ҳовлилардан бирида ўтказилган тинтув манзараси.

Душанба саҳарда Ўш яқинидаги Наримон қишлоғида Қирғизистон Мудофаа ва Ички ишлар вазирлигининг қуролли гуруҳлари махсус амалиëт ўтказди. Аҳоли уйини талаш¸ қўрқитиш ва зўравонлик баробарида бу кучлар яна камида икки кишини ўлдирди.



- Мен ҳозир аэропортга олиб борувчи йўл бўйида жойлашган Наримон қишлоғи ёнида турибман. Бундан бир неча соат олдин ҳарбийлар келиб амалиёт ўтказган ва уч кишини ўлдириб кетган. Мана мен битта жасадни кўриб турибман. Тан жароҳати олганлар ҳам жудаям кўп. Бу ердаги одамларнинг паспортларини ёқиб ташлаганлар. Бу даҳшат, дейди Озодлик радиосининг Наримондаги манзаранинг бевосита гувоҳи Брюс Паниэр.




Айни дамларда Наримон қишлоғида юрган Озодлик мухбири Брюс Паниэр ҳам наримонликларнинг аянчли аҳволига гувоҳ бўлар экан, тинтувни ўтказаётган ҳарбийлар аҳолининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни йўқ қилаётганига эътибор қаратди.

Ҳюман Райтс Уотч ташкилоти тадқиқодчиси Анна Нейстат ҳам Наримонга ўша ердаги ўзбеклар ҳолидан ҳабар олиш учун борганида ҳарбийлар босқинига гувоҳ бўлди. Нейстатга кўра¸ қирғиз милицияси ва ҳарбийлари махсус амалиëт баҳонасида қотиллик¸ талончилик ва зўравонлик қилишган.

Озодликка сим қоққан наримонликларнинг сўзларига кўра, аҳоли уйларига кириб келган ҳарбийлар қурол-яроғ излаган ва заррача эътироз билдиришга, қўпол муносабатга қарши муносабат билдиришга ҳаракат қилган аҳоли вакилларини дўппослашган, икки нафарини эса уриб ўлдирган.

Ўз уйида тинтув ўтказилган наримонликлардан бирининг сўзларига кўра, тонгги соат олтидан аҳоли эшигини қоққан ҳарбийлар ҳаммадан паспортини сўраган ва тўғридан-тўғри уйида сақлаётган қуролни олиб чиқишни талаб қилган.

- Қорасув шаҳрининг РОВДсидан келган милиционерлар ҳам бор уларнинг ичида. Солдатлар бор комуфляжда. Ҳаммаси ҳарбий кийимда. Эрталаб кирганидан мақсад¸ одамлар уйқусираб туриб турмаган маҳалда кириб¸ облавага ўхшатиб ҳамма ерни босиб бўлар-бўлмас айбларни қўйиб¸ “Сизларга паспорт керак эмас” деб паспортларни йиғишиб¸ “Милтиғингни олиб чиқ. Гранатангни олиб чиқ” деб ҳаммани қийнаб¸ уриб бир чеккадан жуда кўп одам болницага мурожаат қилди.

Озодлик: Кимсиз¸ нимасиз деб ҳам сўрамаяпти.

- Паспортни кўрсатсак¸ йиртиб бетга отишаяпти.

Озодлик: Шундай қилар экан бирор нарса деяптими?

- Энди ўша кунларда оломон¸ кимдир отасидан айрилди¸ кимдир энасидан айрилди. Ўша тўполон маҳалларда Наримон қишлоғига қарашли милиция таянч пунктига ўт қўйиб юборишган. Уни бизнинг наримонлик аҳоли қилган эмас. Жабр кўрган¸ қочиб келаëтган аҳолилар Фурқат томондан¸ бошқа ердан “Ўзбекситонга ўтиб кетамиз” деб келаëтган одамлар қилиб ўтиб кетишган. Энди ҳозир булар “Бизнинг милицияхонага қарши чиқдинг сенлар. Милицияхонани ëқиб юбординг” деб элни қийнаб юбораяпти. “Икки-уч кун ичида йўқолмасанглар¸ биз штурм қиламиз. Ўлдирамиз¸ ҳаммангни сўямиз” деяпти.

Озодлик: Сизларнинг уйингларда тинтув бўлганда қанақа бўлди?

- Менинг уйимда Оллоҳга шукур¸ шундай намоз маҳали эшикка чиққанимда дарвозанинг тагида туришган экан. “Келинглар. Марҳамат¸ ҳамма ëқ очиқ. Мана паспортим” дедим. Агар дарвозани 40 ëшлардан паст бола очган бўлса¸ “Сен ўғрисан. Ўт қўйган сенсан” деб ҳамма ëшларни қириб ташлади қисқаси.

Озодлик: Қириб ташлади деганингиз отиб ташладими ë урдими?

- Ўрнидан тура олмайдиган қилиб уриб ташлашди. Тинч аҳоли ҳозир кўчага чиқа олмаяпти.

Озодлик: Шу тинтувда нечта одам ўлди¸ нечта одам калтакланди? Бизнинг эшитишимизча¸ милиционерлар иккита ëши катта кишини уриб ўлдириб қўйишибди.

- Иккита ўрта ëшдаги одам бўлди. Бир касал ëтган одам юрак хуружидан ўлди. 20 дан ошиқ одам болницада. Балки 100 тадир. Мен аниқ маълумот айта олмайман. Болницага кириб ўзим хабар олиб турибман. Ҳозир ëрдам кўрсатилгани 20 тадан ошиқ бўлди.

Озодлик: Буларнинг ҳаммасини милиционерлар калтаклаган-а?

- Ҳаммасини милиционерлар калтаклаган.

Озодлик: Ўзингиз кўзингиз билан кўрдингизми?

- Мен болницага кириб кетаëтсам¸ болницанинг эшигининг тагида комуфляжда солдат келиб “Нимага кириб кетаяпсан?” деди. “Мен врачман” деб кириб кетдим. Қирғизистондаги ўзбекларни қирғиз милицияси¸ қирғиз ҳарбийлари уришаяпти. Қирғиз милицияси ва қирғиз армияси ўзбекларга қарши жанг қилди.

Озодлик: Наримонни оралаб юрганларнинг орасида ўзингларнинг маҳаллий милиционерлар борми?

- Маҳаллий милиционерларимиз йўқ.

Озодлик: Қаерда улар? Улардан ëрдам сўраса бўладими?

- Менинг билишимча¸ таниб қолади деб бошқа жойларга қўйиб юборган бўлса керак.

Озодлик: У одамлардан “ҳужжатинг қани¸ исминг нима” деб сўрашга имкон ҳам бўлмаëтгандир.

- “Ҳужжатинг нима?” десангиз¸ ўша маҳалда ўлиб қоласиз. Отиб қўяди.

Озодлик:
Демак¸ мутлақо тартибсизлик бўлаяпти экан.

- Ваҳшийлик бўлаяпти¸ ваҳшийлик. Оддий қилиб халқ тилида айтганда бизни сиқиб¸ чиқариб¸ ўлдириб Ўзбекистонга ўтказибми¸ бошқа жойга ўтказибми жойимизни эгаллаб қолиш бўлаяпти. Президентга чиқиш керак¸ бошқа қилиш керак. Бизга Исмоилова Тўлекан ва Азиза Абдурасулова келиб озгина информация берди. Милиция пунктига баҳона қилиб бизларнинг болаларни олиб чиқиб кетди. Чўнтагига битта патрон солиб қўйиб¸ ўзининг чўнтагидаги гранатани болаларнинг чўнтагига солиб акт тузиб олиб чиқиб кетаяпти. Менинг кўзимнинг олдида Тўлекан Исмоилова президентга¸ Роза Ўтунбаевага чиқди. Гаплашди. “Мирзакматовнинг берган информациялари тўғри эмас. Комендантники тўғри эмас. Бу ерда аҳвол бошқача. Элни ўлдираяпти” деб айтди.

Озодлик: Нима жавоб олганини билолдингизми?

- Айтиши бўйича¸ эртага ë индинга президент биз билан учрашар экан. Иложи борича шу ерга келтиришга ҳаракат қиламиз деди. Ўзбекча айтганда¸ емаган сомсага пул тўлаяпмиз ҳозир. Биз ўзбеклар тинчлик тарафдоримиз. Бизнинг элимиз тинчлик тарафдори. Бизнинг элимиз деҳқон эл. Мамлакатга барча солиқларни тўлаб¸ ўзимизни ўзимиз боқиб ҳам мамлакатни боқаëтган эл нима гуноҳ қилди? Қурол-яроғимиз бўлганида бизнинг аҳоли пунктимизга кирмаган бўларди булар¸ дейди наримонлик Иброҳим ака.





Шу тахлит олиб борилган тозалаш давомида, Озодлик билан суҳбатда бўлган наримонликларнинг сўзларига кўра, икки нафар ўрта ёшли киши ҳарбийлар ва милиционерлар томонидан дўппослаб ўлдирилган. Улардан бири Шаҳобиддин Дўстматов¸ яна бири Баҳодир Жўраев¸ иккаласи ҳам 60 ëшлар атрофидаги маҳаллий ўзбеклар. Яна бир кекса ёшли кишининг бошдан кечиргани даҳшатли шок оқибатида рўй берган юрак хуружидан вафот этгани айтилмоқда..

- Шу соатларда қишлоқ касалхонасида 20 дан ортиқ оғир жароҳатлар билан ётибди. 100 га яқин одам эса оғир жароҳатлар билан ўз уйида, касалхонага боришга ҳам холи йўқ, дейди Озодлик билан суҳбатда бўлган наримонликлардан бири.

Айни пайтда Наримон қишлоғида асосан эркаклар қолган. Кўпгина хонадонларнинг аёллари ва болалари қочқинликда. Қолган эркаклар ҳам ўз уйларидаги егулик заҳиралари тугаб битаётганини айтмоқда.

Озодлик таҳририяти айни дамда Наримондан қўнғироқ қилаётган аҳоли ва у ердаги мухбирларимиздан келаётган хабарларни йиғишда давом этмоқда. Янги тафсилотларни кун давомида сайтимизда кузатиб боринг.
XS
SM
MD
LG