Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:04

Москва Бишкекка шарт қўймоқда¸ вазият эса тобора издан чиқмоқда


Ҳозирча Россия Қирғизистон жанубига фақат гуманитар ëрдам юбориш ва у ердан ўз фуқароларини олиб чиқиш билан машғул.
Ҳозирча Россия Қирғизистон жанубига фақат гуманитар ëрдам юбориш ва у ердан ўз фуқароларини олиб чиқиш билан машғул.

Россия Ўшдаги хунрезликлар давомида Қирғизистон муваққат ҳукуматига мамлакатни парламент республикасига айлантиришни кўзда тутувчи янги Конституция лойиҳаси овозга қўйиладиган референдумни бекор қилиш борасида шантаж қилди¸ деб ëзди АҚШ нашри.


Бу ҳақда The New Times газетасига хабар қилган юқори лавозимли муваққат ҳукумат мутасаддиси, Россия Қирғизистонда парламент бошқаруви тизимининг жорий қилинишидан хавотирда¸ деб ҳисоблайди.

Москва Қирғизистон жанубига қўшин жўнатишга тайёр эди, лекин бунинг эвазига мамлакатда президентлик бошқарувни сақлаб қолиш шартини илгари сурди¸ дея таъкидлаган манбанинг маълум қилишича, Қирғизистон ҳукумати бундай шартга кўнмаган.

Ўтган жума куни муваққат ҳукумат раҳбари Роза Ўтунбаева¸ мамлакат жанубидаги вазиятни барқарорлаштириш учун қўшин киритиш илтимоси билан Россия президенти Дмитрий Медведевга мурожаат қилган эди. Россия Мудофаа вазирлиги вакили¸ подполковник Алина ДАВЫДОВА бундай мурожаатга жавобни ўз идораси эмас¸ балки сиëсий раҳбарият қабул қилишини айтади:

- Қирғизистондаги стратегик объектлар муҳофазасида аллақачон россиялик қўшинлар турибди. Эсдан чиқарманг - биз ҳукумат эмасмиз, биз Мудофаа вазирлигимиз¸ биз буйруқларни бажарамиз, холос, деди Россия Мудофаа Вазирлиги мутассадиси Алина Давыдова.

Муваққат ҳукумат Қирғизистон жанубида вазият барқарорлашганлиги тўғрисида баёнот ортидан баёнот тарқатгани билан, Ўш ва Жалолободдан келаётган хабарлар бунинг аксини кўрсатмоқда.

Айни пайтда Ўшдаги воқеаларни бевосита кузатаëтган “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Виталий Пономарëв Қирғизистон жанубидаги вазиятнинг бевосита Қирғизистон ҳукумати вакиллари - армия ва милиция ҳатти-ҳаракатлари боис янада чигаллашаëтганини айтади:

- Мана бугун эрталабдан Наримонда эдик. У ердаги кучишлатар тизимлар томонидан олиб борилган “тозалаш” натижасида камида 2 киши ўлдирилган, ўнлаб одамлар жароҳат олган, таланган, таҳқирланган…энди қўяверасиз. Мен “Труд” газетаси мухбири билан гаплашган эдим, Наримон қишлоғи тозалаш давомида 4 дона патрон ва 2 граната топилибди. Лекин солдатлар маҳаллий аҳолидан йиғиштириб олган қимматбаҳо буюмлар, қўл телефонлари ва ҳоказоларнинг саноғи йўқ! Улар наримонликларга ”Санларга қирғиз паспортининг кераги йўқ!” деб паспортларини йиртиб ташлаган.

Энг даҳшатлиси – бу талон-тарож ва қотилликлар ҳукумат вакиллари томонидан амалга оширилмоқда. Мен бундан бир кун олдин Наримонда бўлган эдим- у ерда ҳаммаси тинч эди. “Тозалаш” баҳонасида ваҳшийлик билан қирғиз қўшинлари томонидан содир этилаётган жиноятчилик миллий низонинг яна авж олишига сабаб бўлмоқда. Одамларнинг маҳаллий ҳукуматга, айниқса қўшинларга ишончи умуман йўқ, дейди Наримондаги воқеаларни ўз кўзи билан кузатаётган Виталий Пономарëв.

Ичкаридан кузатаётган одам сифатида ташқи кучларсиз Қирғизистон хунрезлигини тўхтатиш мумкинми¸ деган саволга жавоб бера туриб¸ “Мемориал” раҳбари ташқи кучлар босимисиз вазиятнинг янада оғирлашиб боришини айтади:

- Маҳаллий аҳоли ўртасида референдум арафасида давлат тўнтаришига уриниш бўлиши мумкинлиги тўғрисида миш-мишлар юрибди. Бунга ишонмасдан илож ҳам йўқ: ҳукумат бир нарсани гапирмоқда, армия унинг тескарисини бажармоқда, сунъий равишда ўзаро нафрат қўзғатилмоқда. Шундай давом этаверса¸ сўзсиз янги портлаш юзага келиши мумкин ва бунга шимолнинг ҳам қўшилиб кетиши хавфи бор.

Менда Қирғизистонда бошқа миллат вакилларига ҳам босим бўлаётгани ҳақида маълумотлар бор. Маҳаллий ўзбеклар “Россия қўшинларидан бошқа бошқа куч бизни сақлаб қолишига ишонмаймиз” дейишмоқда. Мана мени олдимда ўзбеклардан маҳаллий солдатлар тортиб олган буюмларни Бишкекдан келган махсус ҳарбий гуруҳ қайтариб беришга мажбур этди. Яъни ҳамма бало шу ерда: аксар террор ҳаракатларини содир этаëтган қирғиз армияси бакиевчиларни қўллаб-қувватламоқда, дейди Виталий Пономарëв.

Ҳозирги Қирғизистондаги вазиятни тасвирлар экан, “Мемориал” раҳбари бу ердаги катта сиёсий ўйинлар ўзбекларнинг қирғин қилиниши эвазига амалга ошаётганини таъкидлади:

- Шу кунлар ичида мен шунга амин бўлдимки, на Бишкек, на Москва бу ерда бўлаётган вазият ҳақида умуман тасаввурга эга эмас. Кеча аэропортда Ўшга Бишкекдан келтирилган “инсонпарварлик ёрдами”- уюм-уюм референдум қоғозлари эканини кўриб лол қолдим¸ дейди “Мемориал” инсон ҳуқуқлари ташкилотининг Марказий Осиё дастурлари бўйича раҳбари Виталий Пономарëв.
XS
SM
MD
LG