Линклар

logo-print

Махсус рейд Наримондан Ўшнинг Отхонасига кўчди


Отхонадаги ит катагидан бошпана топган ўзбеклар махсус рейд давомида яна зўравонликка дуч келди.

Отхонадаги ит катагидан бошпана топган ўзбеклар махсус рейд давомида яна зўравонликка дуч келди.

Ўшнинг Черёмушки мавзесига туташ Калинин кўчасида (Отхона) ҳам Қирғизистон ҳарбийларининг махсус операцияси бошланди. Гувоҳларнинг айтишича, душанба куни кечқурун иккита автобусда кириб келган қирғиз ҳарбийлари маҳалладаги барча ўзбек эркакларини олиб кетишган.



Озодлик радиоси билан исми сир қолиши шарти билан гаплашган отхоналикларга кўра¸ қирғиз ҳарбийлари ўзларини ўта қўпол тарзда тутишган ва “сен ўзбеклар бу ерда нима қиляпсан, бор Ўзбекистонингга”, “менга қирғизча гапир” дея дўқ-пўписа қилишган.

- Мана шу қўрғон деб номланган жой бор, отхона деб ҳам айтилади, илгари бу ерда отхона бўлган. Шу ерда 5000 га яқин Черёмушки мавзеидан келган қочқин шу ерда турган. Улар орасида касаллар бўлган. Черëмушки мавзеида яшаган аҳоли, қочқин ҳолатда шу ерга қочиб келганларга атайлаб ажратилган Россия, Қизил Хоч ҳамда Қизил ярим ой ташкилотлари халқаро жамиятлар томонидан ажратилган гуманитар ёрдамларни улар ўзларини машиналарига солиб, бу ердан олиб чиқиб кетдилар.

Озодлик: Ака, кечирасиз улар деятганингиз кимлар?

-Улар махсус қўшинлар, махсус отрядлар деб номланган қўшинлар шу ишни амалга оширди.

Озодлик: Улар ҳарбий кийимдамиди?

-Улар ўзлари келиб, мана шу ердаги ярадорларни ҳам машиналарига солиб, олиб кетиб қолди ҳозиргина. Шунингдек уйнинг эгаси, мана шунча одамга 5000 яқин одамга жой берган одамни калтаклаб, уни калтаклаган ҳолда, уйида бор қимматбаҳо нарсаларни олиб кетди. Уни, шунингдек “Мерседес” ҳамда ВАЗ 2107 русумдаги машинасини олиб кетдилар¸ дейди Отхонадаги рейд гувоҳларидан бири.

Шунингдек, ҳарбийлар ўзбек эркакларининг баъзиларини ечинтириб, ҳақорат қилишган. Калинин кўчасида жон сақлаётган юзлаб аёллардан олтин танқинчоқларини тортиб олишган.




- Бизга мана бундай қилишди. У ерда итлар бор эдида. Ўша итлар бўшалиб кетди деб¸ беш-олти солдатлар итларни отаяпмиз, деб киришиб хотинларни у ëққа¸ бу ëққа нима қилиб қочганларимиз қочдик. Ҳаммамизни бир ерга тўплаб “Документларинг қани?” деди. “Куйиб кетди” дедик. Тўғрисини айтсак, биз уйи куйган одамлармиз. Бизлар шу ерда жон сақлаб ўтирган эдик. “Ҳамманг мана бу ëққа тўпланинглар” деб кейин сумкаларни ағдаришиб пулларни олишди¸ тилла тақинчоқларни олишди. “Документинглар қани?” деб сўраганда “Уйларга қўшилиб куйиб кетди” десак¸ “Ундай бўлса¸ Қирғизистонни бўшатиб қўйсанглар ҳам бўлаверади” дейишди.

Озодлик: Бу аскарларми?

- Ҳа. Военный формада келишди.

Озодлик: Ҳарбий формада келганлар Қирғизистондан кетинглар дейишдими?

- Полиция¸ милиция деб ëзилган формалар кийиб олишибди. Военный формада келишди. Битта-иккитасида шунақа ëзувлар ҳам бор эди. Атрофимизни ўраб катта машинада киришди булар. Бизни ҳеч қаëққа чиқаргани йўқ¸ даже туалетга ҳам сўраб чиқиб сўраб кирдик. Бизни шунақа маҳкам ушлади. Эркакларимиз ичкарида эди. Эркакларни¸ масалан менинг хўжайинимнинг бошларига автоматнинг қўндоқлари билан уриб¸ бошларини ëриб машинага залог қилиб олиб тушиб кетди. 100 та залог бизга етади¸ деб олиб тушиб кетишди. Ҳозир эркакларимизнинг ҳамаси залогда.

Озодлик: Эркакларнинг ҳаммасини солиб олиб кетишдими?

- (йиғлаб) Бизни қийнаб ташлашди болам. Қийналиб кетдик биз. Кўчада қолиб кетдик. Бузларнинг продукталаримизнинг ҳаммасини “сенларга керак эмас” деб кўтариб олиб чиқиб кетишди. КамАЗларга босиб олиб чиқиб кетишди ҳамма нарсаларни. Ҳайвонларни ҳам олиб чиқиб кетишди.

Озодлик: Отхонада бирор киши қолдими?

- Хотинлар қолди. 100 та хотин бор бола-чақалари билан.

Озодлик:
Уларни қўйиб юборишмаяптими?

- Йўқ¸ уларнинг атрофида тўсиқда. Улар чиққани қўрқишаяпти.

Озодлик: Сиз қанақа қилиб чиқиб келдингиз?

- Мен “Болаларимнинг ичи оғрияпти. Кетаяпти” деб баҳона қилиб чиқиб кетдик. Ўзи болаларим иситмалаб оғриëтган эди. Ўшаларни баҳона қилиб олиб чиқдим. Илтимос¸ чет эладан¸ Москваданми бошқа жойданми ëрдам жўнатинглар бизларга. Бизни қийнаб ташлашди.

Озодлик: Эркаклар нима бўлди? Улар қаерда ҳозир?

- Олиб чиқиб кетди.

Озодлик: Ҳаммасиними?

- Ҳа. уйдагиларни ҳам аëл эркаклигига қарамасдан олиб чиқиб кетди. Илтимос ëрдам жўнатинглар.

Озодлик: Ҳозир Отхонада аëллар билан болалар қолган-а?

- Ҳа. ҳозир у ерда 100 та аëл болалари билан бор. Иккиқат аëллар ҳам бор у ерда. Касал¸ юра олмайдиган инсульт кампирлар ҳам бор. тақинчоқларимизнинг ҳамамсини ечиб олишди. “Сенларга пуллар керак эмас” деб сумкани титиб “Сумкангда нима бор?” деб олишиб¸ қулоғимиздаги¸ қўлимиздаги ҳамма тилла тақинчоқларни ечиб олишди. Иложини қилинглар¸ жўнатинглар. Россиянинг тинчликпарварлари келсин¸ дейди Ўш вақти билан тахминан соат 8 ларда Отхонада жон сақлаëтган ўзбек аëлларидан бири Озодликка.

Маҳаллий ўзбекларнинг ана шу мурожаатлари ортидан Озодлик мухбири қилган мурожаатга жавоб берган Қирғизистон Мудофаа вазири ўринбосари, шундай махсус амалиётларни бошқараётган Талай Ўмуралиев ҳукумат кучларининг зўравонлиги ва талончилигига оид маълумотларни тўлиқ инкор қилди.

- Бу ерда Ўш вилоятида тартибни сақлаш амалиётининг иккинчи босқичи бормоқда. Яъни, тартибсизликни келтириб чиқарган жиноятчиларни қўлга олиш бўйича. Бизнинг органларга шу манзил ҳақида маълумот келиб тушди. Ўша манзил бўйича бориб текширув ўтказилганда, 2 ярим кило героин, 20 килодан ортиқ марихуанна, 2 та пистолет, граната ва яна бошқа ўқ-дорилар топилди. Шунингдек, яна бошқа босқичиликка тайёрланган икки КамАЗ топилди. У ердан 12 та бола қўлга олинди, тергов бошланди. У ердан эл-юртни ҳеч ким йиғиб олиб кетгани йўқ. Гуманитар ёрдам ҳам олиб кетилмади. Аксинча, гуманитар ёрдам ташлаб кетилди. Ўша Калинин кўчасидан фақат 12 киши ҳибсга олинган. Аёлларнинг зеб-зийнатлари ҳам тортиб олинмаган. Мен ўзим чеккада кузатиб турдим. Икки соатда амалиёт тугади ва у ерда ҳеч ким ҳеч кимнинг нарсасини тортиб олгани йўқ. Бунинг ҳаммаси ёлғон, деди Озодлик мухбири саволларига жавобан Қирғизистон Мудофаа вазири ўринбосари, мамлакат жанубидаги махсус амалиётларни бошқараётган Талай Ўмуралиев.

Қирғизистон ҳарбийлари душанба куннинг биринчи ярмида Наримон қишлоғида ҳам шунга ўхшаш “махсус операция” ўтказиб, камида икки кишини ўлдирган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG