Линклар

Ўшликлар шаҳарда ортда қолган тун тинч ўтганини билдирмоқдалар. Айни пайтда шаҳар маҳаллаларида амалиёт ўтказаётган қирғиз ҳарбийлари ўшлик ўзбекларни ҳақорат қилаётгани ва миллий ғурурини топтаётгани, миллатчилик қилаётгани ҳақида хабарлар бор.

Ўш шаҳри ва шаҳар атрофидаги маҳаллаларда ортда қолган тун тинч ўтди.

Ўш вақти билан тонгги соат 6 атрофида маҳаллаларга қўнғироқ қилиб мана бу маълумотларни олдик:

Шаҳар жануби-шарқидаги 10 адир (расмий номи Амир Темур) мавзеи:

- Тинчлик. Тун бугун яхши ўтди.

Ўшнинг шарқидаги Фурқат қишлоғи:

- Тун яхши ўтдими?

- Ҳа, яхши, Оллоҳга шукур.

- Ҳеч қандай тўполон, ваҳима йўқми?

- Тунда бир-иккита қирғиз йигит маҳаллага кириб, бақир-чақир қилувди, комендант келиб олиб кетди.

Шаҳарнинг Жийдалик маҳалласи:

- Тинчлик.

- "22 сида у қиворамиз, бу қиворамиз", деган ваҳималар бор эди?

- Ундай гаплар ҳали ҳам эшитилиб турибди...

Шаҳардаги "Калинин кўчаси" маҳалласи:

- Тун қандай ўтди?

- Албатта, одамларда безовталик бор эди. Кўпчилик ухламаган бўлса керак. Лекин ярим тундан кейин ўқ овози эшитилмади. Шовқин-сурон бўлмади.

- Безовталик ўша миш-мишлар билан боғлиқмиди?

- Албатта. Ундан ташқари ўқ овозлари ҳар куни эшитилиб турибди-да. Айниқса, тунов куни маҳалламизда томлар устидан фугас отилган эди. Томнинг устидан портлаганди. Кеча маҳалламизда уйма-уй юриб, ҳужжат текширишди. Паспорт текширишди.

Ўшдаги Қайирма массиви:

- Туни билан ёмғир ёғиб чиқди. Кеча хуфтондан кейин бошланган ёмғир. Момоқалдироқ бўлди. Ёмғир саҳаргача ёғди. Шунинг учун ҳам тун тинч ўтди.

Ўшнинг шимолидаги Турон массиви:

- Тун қандай ўтди?

- Тинч ўтди. Паника бўлгани йўқ. Кечқурун озгина ёмғир ҳам ёғиб ўтди.

- Ҳеч қандай "зачистка", ҳеч қандай ҳужум, таҳдид йўқми?

- Бизнинг массивимизда кеча битта оилага "тозалаш"га келишди. Соат 11 ларда. Олдин милицияда ишлаган Рустам аканинг уйига келишди. Шу холос. Бошқа ҳеч кимнига келишмади.

Эслатиб ўтаман, бу икки соат олдинги, Ўш вақти билан тонгги соат 6 атрофидаги вазият эди.

Шаҳарнинг бошқа маҳаллаларига қўнғироқ қилмадик.

Кейинги кунлардаги кузатувлардан шу нарса маълум бўлдики, агар бирон маҳаллада нотинчлик бўлса, бу ҳақда бир зумда бутун шаҳарга хабар тарқайди.

Сўнгги бир неча кун давомида шаҳарда 22 июн куни "Ўшда яна бир нарса" бўлар экан, деган ваҳимали миш-мишлар кучайиб кетган, ўшликлар ўша "бир нарса"ни "маҳаллаларга янги ҳужумлар", деб тушуниб олган эди.

***


Кеча, 21 июн куни Қирғизистон ҳарбийлари Ўшнинг икки мавзеида махсус рейд ўтказди ва хабарларга қараганда, тинч аҳолидан камида икки киши ўлдирилди.

Махсус рейдлардан бири Ўшнинг Черемушки микрорайони ёнидаги қуролли оломон томонидан талон-тарож қилинган ва ўт қўйилган ўзбек маҳалласига туташ Калинин кўчаси маҳалласининг Отхона деган қисмида ўтказилди.

Воқеа жойида бўлганлардан бир нечасидан олинган маълумотларга қараганда, душанба куни кечқурун иккита автобусда кириб келган қирғиз ҳарбийлари маҳалладан 15 га яқин ўзбекни номаълум томонга олиб кетган.

Озодлик радиоси билан исми сир қолиши шарти билан гаплашган маҳалла аҳлига кўра¸ қирғиз ҳарбийлари ўзларини ўта қўпол тарзда тутган ва “сен ўзбеклар бу ерда нима қиляпсан, бор Ўзбекистонингга”, “менга қирғизча гапир” деб дўқ-пўписа қилган.

Шунингдек, ҳарбийлар ўзбек эркакларининг баъзиларини ечинтириб, ҳақорат қилган. Калинин кўчасида жон сақлаётган юзлаб аёллардан олтин танқинчоқларини тортиб олган.

Маҳаллий ўзбекларнинг ана шу мурожаатлари ортидан Озодлик мухбири қилган мурожаатга жавоб берган Қирғизистон Мудофаа вазири ўринбосари, шундай махсус амалиётларни бошқараётган Талай Ўмуралиев ҳукумат кучларининг зўравонлиги ва талончилигига оид маълумотларни тўлиқ инкор қилди.

Унинг айтишича, Отхонадан катта миқдорда наркотик моддалар, ўқ отувчи қуроллар топилган, ҳибсга эса 12 киши олинган.

Қирғизистон мудофаа вазири жавоби кетидан воқеа устида бўлган аёллардан биридан электрон мактуб келди. Унда рейд пайтида рўй берган воқеалар тасвирланган.

Хатдаги тафсилотлар Озодликка телефон орқали маълумот берганлар айтган гапларнинг айнан такроридир.

Айтилишича, Калинин кўчаси маҳалласининг Отхона деган қисмида Черемушки микрорайони ёнидаги 12, 13 июн кунлари ёндириб юборилган маҳалладан қочган юзлаб ўзбек жон сақлаётган эди.

***

Қирғизистон куч ишлатар тизимлари ходимлари 21 июн куни Ўшга туташ, Ўш-Қорасув йўлидаги Наримон қишлоғида ўтказган яна бир махсус рейд давомида камида 2 ўзбек ўлдирилди.

Фожеага олиб келган мазкур амалиётни маҳаллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кескин қораламоқда.

Ҳюман Райтс Уотч инсон ҳуқуқлари ташкилотининг етакчи мутахассиси Анна Неистат Наримон қишлоғида ўтказилган махсус амалиёт ҳақида гапирар экан, жумладан мана бундай деди:

-Ушбу воқеа биз бошдан айтиб келаётган гап - вазият ҳукумат расмийларининг назорати остида эмаслигини яна бир бор тасдиқлади. Бир томондан ҳукумат кучлари ўзбек аҳолисининг хавфсизлигини таъминлашга кафолат бера олмайдилар. Бошқа тарафдан уларнинг мақсади нима экани аниқ эмас. Шундай давом этгудек бўлса, бу ердаги вазият барқарорлашмайди, деди ушбу воқеага гувоҳ бўлган Анна Неистат.

Қирғизистон ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 21 июн куни Наримон қишлоғида ўтказилган махсус рейд пайтида 2 киши ўлдирилганини тасдиқлади. Амалиёт давомида, шунингдек, 23 кишига тан жароҳати етказилган.

Бу ҳақда Аки-пресс агентлиги хабар қилди.

***

Қирғизистонлик ўзбекларнинг жамоат ташкилотларидан бири – Ўш вилояти ўзбеклар жамияти Қирғизистон муваққат ҳукуматини Ўш воқеалари юзасидан зудлик билан давлат комиссияси тузиш ва унинг таркибига маҳаллий ўзбеклар вакилларини ҳам киритишга чақирди.

Жамият мурожаатномаси матни кеча бир қатор сайтларда эълон қилинди.

Ўш вилояти ўзбеклар жамияти раиси Даврон Собиров имзолаган мурожаатномада ёзилишича, давлат комиссияси, жумладан, "нима учун тинч аҳолига қарши ҳарбий техникадан фойдаланилгани"ни ўрганиб чиқиши лозим.

Ўзбеклар жамияти, шунингдек, Ўтиш даври президенти Роза Ўтунбаевани Ўшда ўзбеклар вакиллари билан учрашиб, рўй берган фожеани муҳокама қилишга чақирган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG