Линклар

logo-print

Жалолободда Қодиржон Ботиров сафдошлари ҳибсга олинмоқда

  • Барно Анвар

Гувоҳларга кўра¸ айни кунларда Қирғизистон милицияси ва ҳарбийлари ўзбеклар уйларига рейд ўтказиб¸ қурол қидирмоқда.

Гувоҳларга кўра¸ айни кунларда Қирғизистон милицияси ва ҳарбийлари ўзбеклар уйларига рейд ўтказиб¸ қурол қидирмоқда.

Жалолобод шаҳридаги Чўлпон номли Ўзбек миллий-маданий маркази президенти, Жалолободдаги ўзбек жамоаси етакчиси Қодиржон Ботировнинг яқин сафдошларидан бири Шуҳрат Мирзаолимов ҳибсга олинди. Шу билан ҳибсга олинган марказ фаоллари сони бештага етди.



Бу шу кунларда бедарак кетган Қодиржон Ботировнинг ҳибсга олинган бешинчи сафдоши. Бунга қадар Улуғбек Абдусаломов, Муҳаммаджон Аҳмедов, Озодбек Кароматов ва Азим Акбаровлар ҳам ҳибсга олинган эди.

Озодлик билан суҳбатда Шуҳрат Мирзаолимовнинг рафиқаси турмуш ўртоғи аввалига бедарак кетиб, кейинчалик вилоят Миллий хавфсизлик хизматининг 9-бўлимидан топилгани ҳақида дарак олганини айтмоқда.

Фарида опага кўра, Жалолобод ҳуқуқ-тартибот органлари Қодиржон Ботировни қидирмоқда ва унга алоқадор маҳаллий ўзбекларни бирма-бир ҳибсга олмоқда.

Фарида опа: Кечқурун чиқиб кетган. 11 июн куни. Шу билан эртаси 12 июн куни Бозорқўрғонда тўполон бошланиб кетдию. Шу бўйича телефонлари ўчди. “Тўполон бўлганлиги учун ўчириб қўйибди¸ шекилли” деб телефон қилдим¸ қилдим. Бир ерда юргандир ишлари билан десак¸ уч кундан кейин нариги эшикдагилар телефон қилиб “Шунақа Шуҳратбекни олиб кетди. СНБ дами” деди. Ҳозир Жалолободдаги 9-отделда бўлса керак¸ дейишаяпти. Ҳозир энди Бойбўловнинг олдига борамиз¸ деб юрибмиз. Обрашение ëзаяпмиз аëллар номидан.

Озодлик: Қанақа бўлим у 9-бўлим?

Фарида опа: Сиëсий анақалар бўйича расмий бўлимда.

Озодлик: Қанақа айблов қўйилган¸ нимага олиб кетилган¸ сабаблари маълум эмас.

Фарида опа: Қодиржон билан бирга юрган. Ҳозир Қодиржонни қидиришаяптию. Шу бола билади¸ деб олиб кетишди менимча.

Озодлик: Ботировнинг ўзи қаерда экан?

- Билмаймиз уни. Даже ўзи ҳам билмайди. Қаердалигини ўзи ҳам билолмасдан юрди. “Шунақа қийин пайтда ташлаб кетаверармикан?” деб сиқилиб юрди. Ўзи ҳам билмайди¸ дейди Шуҳрат Мирзаолимовнинг рафиқаси Фарида опа.

Жалолобод шаҳридаги Чўлпон номли Ўзбек миллий-маданий маркази президенти, Жалолободдаги ўзбек жамоатчилиги етакчиси Қодиржон Ботировнинг яқин сафдошларидан бири Шуҳрат Мирзаолимовнинг рафиқаси сўзлари эди.

Жалолободдаги инсон ҳуқуқлари фаоли, “Справедливост” ташкилоти вакили Абдумалик Шарипов берган маълумотлар ҳам Фарида опанинг сўзларини тасдиқлади. Шу кунга қадар Жалолобод вилоятидаги маҳаллий ўзбеклар етакчиларидан беш нафари ҳибсга олинган ва уларга қўйилган айблов аниқ айтилмаяпти.

- Улуғбек Абдусаломов Алишер Навоий номли Ўзбек миллий марказининг вице-президенти. Иккинчиси Муҳаммаджон Аҳмедов. Сузоқ маҳалла масжидининг имоми. Ундан кейин Озодбек Кароматов. У Халқлар дўстлиги университетининг ректори. Азим Акбаров "Ватан" партиясининг лидери.

Озодлик: Энди буларга Шуҳрат Мирзаолимов қўшилди.

- Энди бу кўзга кўринганларида. Ҳозир Сузоқда ҳам¸ Бозорқўрғонда ҳам¸ Жалолободда ҳам отишма бўлган кунларда маҳаллаларга кириб СНБ¸ махсус хизмат ходимлари¸ милиция ходимлари юриб¸ ҳаттоки ариза тушаяпти болаларни олиб кириб кетди деб. “Ураяпти¸ бўйнига қўяяпти” деган гаплар бўлаяпти. Бу нақадар рост ëки ëлғонлигини мен билмайман. Бизда адвокат етишмаяптида. Бу иш билан шуғулланадиган адвокатлар шаҳарда умуман йўқда¸ дейди “Справедливост” ташкилоти вакили Абдумалик Шарипов.

Бу Қирғизистон муваққат ҳукумати шу кунларда “барқарор” деб баҳолаётган Жалолобод шаҳри ва вилоятида бошланиб кетган қама-қамалардир.

- Бу ерда кетаëтган масала Қодиржон Ботировнинг атрофидаги ҳамма ишлаганларга нисбатан бўлаëтган чорага ўхшаб туюлаяптида. Нега деганда у ерда 4 июнда адашмасам "Ота юрт" партияси талаб қилиб “Қодиржон Ботировни ушламасанглар¸ биз ўзимиз чиқамиз дружиналар билан” деган талаб қўйган. Ўшанга нисбатан қилинган нарса деб ўйлаймиз. 8 апрелдан шу кунгача Жалолободнинг бошидан жуда катта ҳодисалар ўтиб кетди. Митинглар бўлди жуда кўп. Ҳокимият қўлдан қўлга ўтди. Уч-тўрт марта губернатор алмашиб кетди. Нохуш воқеалар бўлди. Ўшанда бу ерда Қодиржон Ботиров бошчилик қилган ўзбеклар вақтли ҳукумат тарафдори бўлишган. Шундай кейин Тейитда собиқ президент қароргоҳи ëниб кетгандан кейин вазият бутунлай ўзгариб кетди. Бу ерда Қодиржон Ботировни айбдорлар қаторига қўшиб қўйишдида. Бунинг орқасидан жуда кўп ўзбеклар жабр тортиб қолишди. Бизга ҳам аризалар билан келишаяпти. Афсуски ҳозир бизларга адвокат етишмаяпти уларга беришга¸ дейди “Справедливост” ташкилоти вакили Абдумалик Шарипов.

Жалолободлик инсон ҳуқуқлари фаоли Абдумалик Шарипов бунинг сабабларини изоҳлар экан, шу кунларда муваққат ҳукумат кучларининг мамлакат жанубида қилаётган ҳатти-ҳаракатлари бир қарашда мантиқсиз, бебошлик ҳаракатидай кўринса-да, аслида пухта режа билан амалга оширилаётган режадир, дея хулоса қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG